30 июнь - Халқаро парламентаризм куни
Бу йил Халқаро парламентаризм куни учинчи бор нишонланмоқда. Байрамни ташкил этиш ташаббуси 2018 йилнинг 22 май куни БМТ Бош Ассамблеясида маъқулланиб, юздан зиёд давлат тегишли резолюцияга қўшилган. Ушбу сана эса, Парламентлараро иттифоқ — парламентлар глобал ташкилотининг 1889 йил 30 июндаги биринчи йиғилиши шарафига белгиланган.
Бугунги кунда ҳар бир мамлакат у ёки бу шаклдаги вакиллик органига эга. БМТга аъзо 193 давлатдан 79 тасида икки палатали ва 114 тасида бир палатали тизим амал қилмоқда. Шундай қилиб, дунёдаги парламентларнинг 272 та палатаси қарийб 46 минг аъзога эга.
Дунёнинг 27 мамлакатида миллий парламентаризм куни нишонланади. Парламентаризм нафақат соф миллий ҳодиса, балки трансчегаравий мазмунга ҳам эгадир. Бутун дунё парламентларининг аъзолари ушбу сананинг аҳамияти ва заруратига тобора ишонч ҳосил қилмоқда. Уларнинг фикрича, касб кунини нишонлаш глобал парламентаризм институтини ривожлантириш, энг яхши парламент анъаналарини сақлаб қолиш ва кўпайтириб боришда муҳим аҳамият касб этади.
Эндиликда парламент дипломатияси энг долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этиш, замонавий муаммо ва таҳдидларга жавоб излашда турли мамлакатлар парламентлари аъзоларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга самарали замин ҳозирламоқда.
Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг қуйидагиларни таъкидлади: «Парламентлараро иттифоқ парламентларни демократиянинг фундаментал институтлари сифатида мустаҳкамлаш учун тинимсиз ишламоқда. Халқаро парламентаризм куни муносабати билан дунёнинг барча парламентларига ўз қувватлашимни билдирмоқчиман. Парламентлар аъзоларидан ўз мамлакатлари халқи билан кўпроқ ишлашни, улар вакили бўлган халқ ҳаётини яхшилашини сўраймиз».
Халқаро ва минтақавий даражада парламентаризмни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусан, Парламентлараро иттифоқ, Европа парламенти, Марказий Америка парламенти, Араб парламенти, МДҲ парламентлараро Ассамблеяси, Европа Кенгаши ва ЕХҲТ парламент ассамблеялари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Таъкидлаш жоизки, халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда Парламентлараро иттифоқнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, ушбу халқаро ташкилот икки аср вақт ва икки жаҳон урушини бошдан кечирган. Унинг саккиз нафар вакили, жумладан, ташкилот асосчилари бўлмиш франциялик Фредерик Пасси ва англиялик Уилям Кремер Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлган.
Парламентлараро иттифоқ 179 мамлакатдаги парламентларнинг энг йирик уюшмаси сифатида БМТнинг парламент соҳасидаги мезонига айланиб бормоқда. Агар Парламентлараро иттифоқни ташкил этувчи барча давлатларнинг сайловчилари сони ҳисоблаб чиқилса, ҳозирги кунда ташкилот сайёрамиздаги 6,5 млрд кишининг вакиллик органи сифатида намоён бўлишини англаш қийин эмас. Энг муҳими, Парламентлараро иттифоқ «янги ечимлар ва янги ғоялар учун платформа»га айланмоқда.
БМТ халқаро ва минтақавий парламент бирлашмаларининг муҳим ролини муносиб баҳолайди. Шу билан бир қаторда, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича миллий режалар ва стратегияларни амалга оширишда, шунингдек минтақавий ва глобал даражаларда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашда миллий парламентларнинг муҳим ролини ҳам эътироф этади.
Парламентлар миллий ва халқаро кун тартибларини мувофиқлаштиришга ёрдам беришда ноёб имкониятга эга. Улар халқаро мажбуриятларни юзага келтирадиган қонунлар қабул қилади. Шу билан бирга, бюджет харажатларини назорат қилади ва ҳукуматларнинг фуқаролар, яъни электорат ҳамда халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаришдаги фаолиятини кузатиб боради.
Тарихан парламентлар — демократиянинг асоси ҳисобланади. Улар халқ фикрини акс эттиради, қонунлар қабул қилади, қонун ва сиёсатни амалга ошириш учун маблағ ажратади ва ҳукуматларга талаблар қўяди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси — халқаро парламент ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосидир. Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ва парламентларнинг бошқа халқаро форумлари фаолиятида иштирок этади.
Парламентимиз Парламентлараро иттифоқнинг қарорлари ва бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Бу билан дунёда тинчлик, хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича парламентлараро мулоқотни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ташкилот фаолиятида Олий Мажлис палаталарининг иштироки ассамблея, доимий қўмиталар, халқаро форум ва семинарлар, шунингдек Парламентлараро иттифоқнинг асосий ҳужжатларида белгиланган тамойил ва механизмларни амалиётга жорий этиш орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, изчил ислоҳотларни амалга оширишда парламент демократиянинг ҳақиқий мактаби, ташаббускори ва ҳал қилувчи кучига айланиши лозим. Демократик жараёнларда парламент ҳамда сиёсий партиялар жуда муҳим ва масъулиятли роль ўйнайди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Олий Мажлис палаталарининг ролини ошириш, ижро органлари устидан парламент назоратини ўрнатиш, шунингдек қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларига таъсирини мустаҳкамлашга қаратилган қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш бўйича қонунчилик ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Парламенти қонун ижодкорлиги билан бир қаторда назорат фаолияти, хусусан, парламент эшитувларини ўтказиш, бюджет назорати, ҳукумат соатлари, депутатлик сўровларини ташкил этиш ҳамда сайловчилар билан мунтазам учрашувларга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Кейинги йилларда халқ сайлаган парламент ва маҳаллий ҳокимият вакилларининг ўрни ва аҳамияти тубдан ўзгарди. Парламентлараро иттифоқ тавсияларига кўра Олий Мажлис ва сиёсий партияларнинг ваколатлари кенгайтирилиб, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланди.
Бундан ташқари, давлат ҳокимияти органлари, судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан парламент ва маҳаллий Кенгашларда ҳисобот ва маълумотларни тақдим этиш тартиби жорий этилди.
Ҳукумат аъзолари масъулиятини мустаҳкамлаш бўйича қонун доирасида зарур тартиб-таомиллар татбиқ қилинган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари Қонунчилик палатаси розилиги ва Бош вазир киритган тақдимномага асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадилар.
Парламент, шунингдек ҳар чоракда давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи Вазирлар Маҳкамасининг тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури ижроси тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқади.
Депутатлар ва сенаторлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида вазиятни ўрганиш ҳамда долзарб масалаларни ҳал этишда аниқ ёрдам кўрсатиш учун мунтазам равишда жойларга чиқадилар. Ушбу барча чора-тадбирлар ислоҳотларнинг: «халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган бош тамойилини амалга оширишга қаратилган.
Парламентнинг замонавий шароитлардаги қонун ижодкорлиги фаолиятига хос муҳим янгиликларни ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Мисол учун, қонунчилик жараёнида кенг жамоатчилик фикрини инобатга олиш, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали «Менинг фикрим» жамоатчилик эшитуви механизмининг амалга оширилиши амалиётидан фойдаланиш қонун лойиҳаларини маромига етказиб тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳолати тўғрисидаги ҳисоботни жорий этиш, фуқаролар ҳуқуқларининг айрим тоифаларини амалга оширишни таъминлаш бўйича «йўл хариталари» тузиш, халқаро ва минтақавий инсон ҳуқуқлари механизмлари билан ҳамкорликни ривожлантириш - буларнинг барчаси Парламент аъзолари учун янги ривожланиш босқичидаги муҳим вазифалар ҳисобланади.
Парламентлараро иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан ташкил этилган «Парламентнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги: ҳаракатлар учун илғор амалиётларни ва янги имкониятларни аниқлаш» мавзуидаги халқаро семинарда Ўзбекистон Парламентининг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Хусусан, БМТнинг олий мартабали шахслари Ўзбекистонга ташриф буюрганларидан сўнг Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан «Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар тавсияларини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси» ва Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачисининг тавсияларини амалга ошириш учун «Йўл харитаси» қабул қилинди.
Ҳукуматнинг 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш тўғрисидаги ахбороти ҳам жаҳон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.
Парламентлараро иттифоқ Олий Мажлис ҳузурида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг миллий барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларининг амалга оширилишини назорат қилиш ҳамда Нодавлат ташкилотлар, ОАВ ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича иккита парламент комиссияси тузилганини мамнуният билан кутиб олди.
Таъкидлаш жоизки, жаҳоннинг кўплаб экспертлари Халқаро парламентаризм кунини таъсис этиш ташаббусини маъқулладилар. Жумладан, БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш парламент аъзоларининг муҳим ҳиссасига тўхталиб: «Парламент аъзолари қонунлар орқали барқарор ривожланишга эришиши, соғлом сайёрада тинч ва барқарор жамият қуришга салмоқли ҳисса қўшишлари мумкин. Бутун дунё парламентлари аъзоларига ўз қўллаб-қувватлашимни билдириб, улар хизмат қилаётган халқ эҳтиёжларини қондириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига эҳтиромимни билдирмоқчиман», дея қайд этди.
Ўз навбатида, Парламентлараро иттифоқ президенти Габриэла Куэвас Баррон шундай деб қайд этди: «Халқаро парламентаризм куни демократия ва эркинликни ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳимоя қилиш керак бўлган пайтда, айниқса, долзарбдир. Биз халқни ифодаловчи халқ вакиллари ва парламентлар билан ҳамиша ҳамжиҳатмиз. Бу сана айнан уларнинг байрамидир».
Шундай қилиб, Халқаро парламентаризм куни парламент тизимининг аҳамияти ва парламентларнинг бутун дунёдаги инсонлар ҳаётини яхшилашдаги ролига эътиборни жалб этишга қаратилган. Зеро, кучли парламентлар — демократия пойдеворидир.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2020 йил 30 июнь сони)
- Қўшилди: 30.06.2020
- Кўришлар: 4359
- Чоп этиш