Ҳар бир инсонда ҳалоллик, масъулият ҳиссига йўғрилган фуқаролик позицияси бўлиши даркор

Давлатимиз раҳбари бошчилигида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда коррупциянинг асосий ўчоқлари, айниқса, маҳаллий даражадаги муаммолар кўтарилди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Юнусобод тумани кенгаши депутати Эркин Омонов шу ҳақда фикр билдирди: 

– Саккиз йил аввал ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида секторлар тизими жорий этилган эди. Дастлаб бу ёндашув ўзининг ижобий натижаларини кўрсатди. 

Бироқ, кейинги йилларда айрим мутасаддиларнинг суст ишлаши сабабли муайян камчиликлар кузатилди. Жумладан, прокурорлар, ички ишлар ходимлари ва солиқ органлари вакиллари сектор фаолиятини баҳона қилиб, ўз асосий йўналишларида самарали ишламаётгани маълум бўлди. 

         Эндиликда давлатимиз раҳбари таклифи билан секторлар фаолияти тугатилди. Уларнинг ўрнига эндиликда Бош вазир ўринбосарлари ўзига тегишли соҳалар билан ўз кучи ва тизими билан шуғулланиши белгиланди. 

Камбағаллик, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик бўйича ҳар бир инсонга етиб борадиган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энди бу иш услуби туман ва маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш, коррупциянинг олдини олиш бўйича ҳам жорий қилинади. 

Жиноятчилик ва коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш учун муаммо илдизини аниқлаш ва унга ҳуқуқий ҳамда институционал жавоб бериш зарур. Шу нуқтаи назардан, парламент қўмиталари жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиши, ҳар бир ҳолат бўйича аниқ чоралар белгилаши лозимлиги қайд этилди. Бу нафақат жиноятларнинг олдини олиш, балки ҳуқуқий ва назорат механизмларини кучайтириш орқали тизимли муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши эса ҳудудларга бевосита тушиб, йиғилишларни муаммолар ўчоғида ўтказиши ва ҳар ойда жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирларни жойида ўрганиб бориши лозимлиги давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Айтиб ўтиш керакки, жамиятда нуронийлар катта ҳаётий тажрибага эга шахслар сифатида коррупцияга қарши курашишда муҳим роль ўйнайди. Улар ёшларга ҳалоллик ва адолат тамойилларини сингдиришда, давлат ва жамоат ташкилотларига маслаҳат беришда фаол иштирок этишлари лозим. Нуронийлар ўз сўзлари ва амалий ишлари орқали ҳалолликни тарғиб қилиши, коррупцияга қарши курашиш маданиятини шакллантиришда муҳим омил бўлишлари мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифлар жиноятчиликка қарши курашда янги босқични бошлаб беради. Эндиликда бу жараён нафақат ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси, балки Сенат, парламент қўмиталари ва маҳаллий кенгашларнинг ҳам фаол иштирокини талаб этади. Мақсад эса битта – жиноятчилик ва коррупциядан холи, хавфсиз жамиятни барпо этиш.

Шундай экан барчамиз масъулиятни ҳис қилган ҳолда, коррупцияга қарши курашиш бу фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар биримизнинг зиммамиздаги вазифа эканини англамоғимиз зарур. Ҳар бир инсонда ҳалоллик, масъулият ҳиссига йўғрилган фуқаролик позицияси бўлса, жамиятда коррупцияга қарши курашиш самарали бўлади.

                                               Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: