Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 мартдаги тегишли фармойишига асосан 16-18 март кунлари республиканинг барча ҳудудларида «Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки" шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказиш белгиланди.
16 март куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳашарнинг дастлабки куни уюшқоқлик билан ўтди. Кўчалар, майдон ва хиёбонлар, аҳоли турар жойлари янада саранжом ҳолатга келтирилди. Ҳашар давомида халқимизнинг якдиллиги, бирдамлиги, аҳил ва ҳамжиҳатлиги яна бир бор намоён бўлди.
Республика ишчи гуруҳи маълумотларига кўра, ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари давомида салмоқли ишлар бажарилди. Жумладан, мамлакатимизнинг 9452 та маҳаллаларида, ташкилот ва идоралар, таълим муассасалари, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, корхоналар ва тадбиркорлик субъектларида ҳашар тадбирлари бўлиб ўтди. 6 минг 716 гектардан ортиқ майдонлар ва 24 минг 447 та кўчалар ободонлаштирилди. 6 ярим минг тоннага яқин чиқиндилар чиқариб ташланди. 2 минг 447 километр узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланди. Қабристонлар ва зиёратгоҳлар ҳудуди тартибга келтирилди.
33 мингдан зиёд болалар ва спорт майдончалари ҳудуди тозаланиб, таъмирлаш ва тартибга келтириш ишлари бажарилди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 млн. 437 мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ҳамда 990 мингдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари экилди. Маҳаллалар ҳудуди ва кўчалар бўйларига 1 млн. 500 мингдан ортиқ гул кўчатлари ўтқазилди ҳамда 2 минг 859 та кичик боғлар ташкил этилди. 2 млн. 680 мингдан зиёд дарахтларга шакл берилиб, оқланади. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 3 минг 532 та техника воситалари жалб этилди.
Шунингдек, ҳашар кунида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатиш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилди. Хусусан, маҳалла ёшлари жалб этилиб, 15 минг 677 та хонадон томорқа ерлари чопилиб, тартибга келтирилди.
4 минг 800 та кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. Эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Мазкур хайрия тадбирлари орқали 5 миллиард 570 миллион сўмдан ортиқ, шундан 1 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишга сарфланди. Мамлакатимизда кечаётган ҳашар жараёни билан боғлиқ барча маълумотлар Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситаларига тезкор тарзда етказилиб борилмоқда.
Ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари давомида 7 миллион 193 мингдан зиёд фуқаро, шундан, 4 миллион 963 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Ҳашар халқимизнинг якдиллиги, бирдамлигининг амалий намунаси экани шу кунларда яна бир карра яққол ўз ифодасини топмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА
- Қўшилди: 18.03.2024
- Кўришлар: 1901
- Чоп этиш