Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конститутсимизда халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши ҳамда вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслигини назарда тутувчи янги норма ўз аксини топган.
Шу билан бирга, янги конституциявий-ҳуқуқий шароитларда ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси лавозимлари ажратилаётганлиги амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш заруриятини келтириб чиқармоқда.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлар чиқилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимлар ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, қуйидагилар назарда тутилмоқда:
— маҳаллий Кенгашлар фаолиятига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши;
— Халқ депутатлари Кенгаши раиси ўз вазифаларини бажариш даврида доимий ва бошқа комиссиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмаслиги; — кенгашлар йиғилишларида ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганида номзод маҳаллий Кенгаш депутатларига ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши шартлиги;
— маҳаллий Кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Ягона электрон тизимда (э-қарор.гов.уз) рўйхатдан ўтказилиши ва тизимга жойлаштирилиши, рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлиги янада оширишга, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»