Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Мамлакатимизда электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, давлат органларининг иш фаолиятини рақамли форматга ўтказиш, ижтимоий соҳа объектларини Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди.
Ушбу масала юзасидан депутатларнинг саволларига рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов жавоб берди:
— Юртимизда аҳоли пунктларини интернет билан қамраб олиш ва тезликни ошириш, интернет нархи ошиб кетмаслигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳозир энг чекка қишлоқда ҳам интернет етиб борган, хонадонларда Wi-Fi тизимидан фойдаланишмоқда. Интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон TOP-20 та давлатлар қаторидан ўрин олган.
Электрон ҳукумат тизимини такомиллаштиришга қаратилган ишлар самараси ўлароқ, 200 дан ортиқ электрон хизматлар жорий қилинди. Электрон хизматлардан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда. Масалан, 2019 йилда электрон давлат хизматларидан 10 миллион маротаба фойдаланилган бўлса, шунинг 73 фоизи Давлат хизматлари марказига бориб амалга оширилган, қолган қисмигина онлайн бўлган. Ўтган йили эса давлат хизматларидан 27 миллион маротаба фойдаланилган бўлса, 80 фоизи онлайн фойдаланилган. Мақсадимиз ҳам фуқароларни овора қилмасдан давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
2024 йил якунига қадар Ягона порталда янги 130 та хизмат ва сервисларни жорий қилиш орқали порталдаги хизматлар сонини 700 тага етказиш режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат хизматини электрон шаклга ўтказиш ва Ягона портал орқали кўрсатилаётган хизматлар сонини 700 тага етказиш орқали аҳоли ва тадбиркорларнинг ўртача бир йилда 70 миллиард сўмдан ортиқ маблағлари тежалишига эришиш мумкин. Бунда фақат хизматлар сонини кўпайтириш эмас, балки соддалаштириш, аҳолига тушунарли тарзда тақдим этишга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Ягона идоралараро ижро интизоми “ijro.gov.uz” тизими ишга туширилган. Бугунги кунда мазкур тизимга барча вазирлик ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари уланган бўлиб, тизимнинг фойдаланувчилари сони 109 минг нафардан ошган.
Шунингдек, вазирлик томонидан Ягона идоралараро ижро интизоми “ijro.gov.uz” тизими негизида “Рақамли идора” платформасини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда.Ушбу платформани ишга тушириш орқали барча турдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва идоралараро ҳужжатларда (қарорлар, буйруқлар, баённомалар ва бошқа ҳужжатлар) белгиланган вазифалар ижросининг назоратини олиб бориш, ички ва ташқи ҳужжат айланиш жараёнларини рақамлаштириш кўзда тутилмоқда, — деди вазир.
Депутатлар соҳада олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, бир қатор саволларни ўртага ташладилар. Хусусан, аҳоли яшаш масканларини кенг полосали мобиль алоқа тармоғи билан қамраб олиш ҳамда ижтимоий соҳа объектларида телекоммуникация хизматларини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар билан қизиқдилар.
Ш.Шерматовнинг қайд этишича, республика бўйлаб магистраль телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти вилоятлараро 600 Гбит/с.га, туманлараро 60 Гбит/с.га етказилган. Кенг полосали интернет хизматларини тақдим этиш учун 2023 йил давомида 700 мингта кенг полосали интернет портлар ўрнатилиб, уларнинг сони 5,3 миллиондан оширилишига эришилган.
Шу билан бирга, барча ижтимоий соҳа объектлари, жумладан 10 минг 271 та халқ таълими, 6 минг 539 та мактабгача таълим, 3 минг 920 та соғлиқни сақлаш, 9 минг 403 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда 5 минг 583 та милиция таянч пунктлари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти билан таъминланган.
Депутатлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 2030 йилга қадар 300 мингта ёшларни иш билан таъминлаш кўзда тутилгани, бу борада вазирлик томонидан қандай ишлар амалга оширилаётгани билан қизиқди. Вазир бунга жавобан Стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш, IT- экспорти ҳажмини 5 млрд. долларга етказиш мақсадида 300 минг нафар мутахассисларни тайёрлаш режалаштирилганини қайд этди. Президентимизнинг тегишли қарори билан эса ёшларни меҳнат бозорида IT-хизматлар экспорти соҳасида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ва нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидия ажратиш механизми йўлга қўйилди.
“Ҳукумат соати”да депутатлар томонидан соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклифлар берилди ва кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова,
Даврон Эрназаров (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 15.03.2024
- Кўришлар: 2058
- Чоп этиш