29 январь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги тизимлари раҳбар ходимлари учун “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули доирасида ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Вебинар шаклидаги машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил А.Юнусова, Миллий гвардия бошқарма бошлиғи И.Турғунов, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг "Инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиёти" кафедраси профессори А.Матчонов ўз маърузалари билан иштирок этди.
Марказ директори А.Саидов "Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар, уларнинг судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги ўрни ҳамда аҳамияти" мавзуида маъруза қилар экан, кейинги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларига эътиборни қаратди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони асосида 2020 йили тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг асосий қоидаларига атрофлича тўхталди.
Ўз навбатида, профессор А.Матчонов инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ушлаб турилган, ҳибсга олинган, шунингдек мажбурий даволанишга юборилган шахсларга нисбатан қўлланиши хусусида сўз юритди. И.Турғуновнинг чиқишида халқаро стандартлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фаолиятига татбиқ этилишининг амалий жиҳатлари таҳлил қилинди.
А.Юнусова судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятлари ва жавобгарлиги масалалари ҳақида гапирди. Бундан ташқари, кейинги даврда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга болалар томонидан энг кўп тушаётган мурожаатларнинг маъно-мазмуни ва моҳияти амалий мисоллар орқали ўрганилди.
Тадбир якунида тингловчилар вебинар қизиқарли ва фойдали услубда ташкил қилинганини эътироф этишди. Ушбу вебинар судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича билимларини оширишга қаратилган жорий ўқув курси туркумидаги охирги машғулотдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 01.02.2021
- Кўришлар: 3846
- Чоп этиш