2020 йил 12 август куни ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини бошлайди. "Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги ушбу халқаро анжуман давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси асосида тайёрланган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Айни пайтда ушбу Конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу борадаги ишлар икки йилдан кўпроқ вақт давом этди. Ўтган даврда ушбу соҳада тўпланган минтақавий тажриба ва хорижий мамлакатларнинг илғор амалиёти ўрганилди. Минтақавий ва миллий даражаларда турли тадбирлар ўтказилди.
Ҳозирги вақтда Конвенция матни Муқаддима ва 26 та моддадан иборат. Конвенция муқаддимасида қай этилганидек, "барча мамлакатларда ёшлар ривожланиш мақсадлари учун зарур бўлган асосий одам ресурсларидан бири ва ижтимоий ўзгаришлар, иқтисодий ривожланиш ҳамда техника тараққиётининг асосий иштирокчилари" ҳисобланади.
Шу билан бирга, Конвенцияда "ёшлар глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жўшқин ривожланаётган шароитларда жамиятдаги йирик ўзгаришларнинг ўтказувчилари, манфаатдорлари ва жабрдийдалари ҳисобланиши" ҳам алоҳида таъкидланган. Худди шу омиллар Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциянинг қабул қилинишини тақозо этмоқда.
Конвенцияни ишлаб чиқиш асносида навқирон авлод вакилларининг ёшига доир мезонларни аниқлаш энг мураккаб масалалардан бири бўлди. Лойиҳада ёшлар, яъни ёш шахслар тоифасига – ўн саккиз ёшдан ўттиз ёшгача бўлган, аҳолининг алоҳида демографик гуруҳини ташкил этадиган шахсларни мансуб деб ҳисоблаш таклиф қилинмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Конвенция лойиҳасида ёшларнинг демократик жараёнларда фаол иштирок этишини ва уларнинг демократик тузилмаларда кенг вакиллигини таъминлаш зарурлиги қайд этилган. Лойиҳада, шунингдек оилада ёшларнинг соғлом ривожланишига кўмаклашадиган иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа шароитларни яратиш ва таъминлаш; ёшларнинг зўравонликка ва эксплуатацияга дучор қилинмаслиги; ёшларнинг ҳуқуқ субъекти сифатида қонун олдидаги тенглиги; миллий ва халқаро даражада қарор қабул қилишда иштирок этиши каби ҳуқуқлар мустаҳкамланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа бир қатор асосий шартномаларда бўлганидек, ушбу Конвенция лойиҳасида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича қўмита таъсис этилиши кўзда тутилган. Қўмита келгусида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги шартномавий органига айланади.
Ёшларга доир статистика ва тадқиқот маълумотларини тўплаш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлаш жараёнларига фуқаролик жамиятининг фаол иштирок этиши муҳимлигига катта эътибор қаратилган. Бу хусусиятлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг янги тенденцияларни ўзида намоён этган бўлиб, айни соҳада самарали мониторинг олиб боришнинг муҳим шарти саналади.
Самарқанд форуми давомида иштирокчилар Конвенция лойиҳаси матни билан атрофлича танишиб, муҳокамаларда иштирок этиш ҳамда лойиҳани маромига етказиш учун ўз таклиф ва тавсияларини тақдим қилиш имкониятига эга бўладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.08.2020
- Кўришлар: 4496
- Чоп этиш