12 август — Халқаро ёшлар кунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган “Ёшлар—2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” деб номланган Самарқанд форуми иш бошлайди. Шу муносабат билан мухбиримиз ушбу халқаро форумнинг асосий ташкилотчиси бўлмиш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан суҳбатлашди.
— Маълумотларга кўра, Самарқанд форумида БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Кенгаши каби қатор халқаро ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон ва ўн бешдан зиёд хорижий мамлакатдан етти юз элликдан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Хўш, ушбу нуфузли форумнинг асосий мақсади нимадан иборат?
— БМТ Бош котиби чақириғига жавобан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу йилги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми “БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ” дастури доирасида бевосита ёшлар масаласига бағишлаб ўтказилмоқда.
Бугун дунёда ёшлар мисли кўрилмаган даражада кўпчиликни — 2 миллиарддан зиёдни ташкил қилмоқда. Бу кўплаб мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аҳолининг ўсиб борадиган катта қисмини ёшлар ташкил қилмоқда, дегани.
Ҳозирги пандемия шароитида бундай нуфузли форумнинг ўтказилиши нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тажрибасида ҳам катта янгилик. Ушбу форум илк бор онлайн тарзда ёшларга мос ахборот технологияларини қўллаган ҳолда ўтказилмоқда.
Тадбирда БМТ ва унинг бутун дунёдаги тузилмалари ҳамда бошқа ҳалқаро ташкилотлардан 13 та олий даражадаги вакил, 40 дан зиёд халқаро ва хорижий, 10 дан ортиқ миллий маърузачи иштирок этаётганида ҳамда форумнинг ер юзидаги ёшларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг турли жабҳаларидаги муаммоларни аниқлаб, уларнинг ечимини топишга хизмат қилишида ўзига хос рамзий маъно бор.
Самарқанд форумида Ўзбекистон ёшлари, жумладан, 14 та ҳудуддан Ёшлар парламентлари аъзолари, фаол ёшлар етакчилари ва ёшлар ташкилотлари вакиллари, ўндан ортиқ олий ўқув юрти ёш олимлари ва профессор-ўқитувчилари ҳам фаол иштирок этмоқда.
— Нима учун асосий мавзу сифатида ёшлар ҳуқуқлари танланди? Ҳозирги жамиятда ёшларнинг тутган ўрни қандай?
— Бугунги кунда ёш шахс бўлиш бу катта бойликдир. Зеро, ёш аҳоли катта ишчи кучи, салоҳият ва имкониятлар калити, демакдир. Гёте “Дунё олдинга бораётган бўлса-да, ёшларга ҳар сафар янгидан бошлашга тўғри келади”, деб қайд этган эди. Шу боис, навқирон йигит-қизларимизга келажагимизни ҳаракатлантирувчи асосий шижоаткор куч сифатида қарашимиз лозим. Ёшлар салоҳияти мамлакат иқтисодиётига ва жамият ривожига катта ҳисса қўшади, агар улар тўғри парвариш қилинса, барқарор ривожланишнинг катализаторига айланади.
Самарқанд форуми доирасида Президентимизнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган муҳим бир ташаббуси асосида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасининг ҳам навбатдаги муҳокамаси режалаштирилган. Шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш мақсадлари орасидаги боғлиқлик, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги билими ва ҳуқуқий онгини ошириш, 2030 йилгача янада хавфсизроқ келажакни қуриш, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ёшларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинади.
Бир сўз билан айтганда, ёшлар нафақат келажагимиз бунёдкорлари, балки ҳозирги кунимиз, ислоҳотларимизнинг ҳал қилувчи кучи ҳамдир. Агар биз барқарор ривожланишга эришмоқчи бўлсак, ёшларнинг жамиятимиздаги ўрни ва мавқеини ҳар томонлама кучайтиришимиз зарур.
— Форумда қандай долзарб масалалар муҳокама этилади?
— Ёшларнинг ҳуқуқлари ва салоҳияти тинчликсевар ва демократик жамият барпо этишда муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олган ҳолда, Самарқанд форуми айнан “Ёшлар — 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” деб номланди. Форум давомида биз инсон ҳуқуқлари соҳасида ёшлар билан боғлиқ қандай муаммолар мавжудлигини аниқлашга ва уларни ҳал этишнинг энг мақбул йўлларини белгилашга ҳаракат қиламиз.
Масалан, бугун дунё миқёсида ёшлар орасида ишсизлик даражаси анча юқори. Ёшлар иш топса ҳам, одатда, катталарга қараганда анча мураккаб шароитларда ва кўпинча тенг иш учун тенг ҳақ тўланмасдан меҳнат қилади. Бундан ташқари, 263 миллион бола ва ўсмир мактаб таълимидан маҳрум. Бу эса таълим ва малака етишмаслиги туфайли меҳнат бозорига ўтишни қийинлаштиради.
Хусусан, БМТ тузилмалари томонидан тайёрланган “Ёшлар ҳолати” ҳисоботига кўра, ёшларнинг сиёсий институтлардаги иштироки етарли эмас. Масалан, дунёда ёшларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этиш индекси ўртача 5,68 балл (энг юқори балл – 10) бўлгани ҳолда ушбу кўрсаткич ривожланган мамлакатларда 8,75 ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда 4,38 баллни ташкил этади. Дунё бўйлаб 30 ёшга тўлмаган ёшлар нуфуси ўта юқорилигига қарамай, кўпгина мамлакатларда уларнинг парламент аъзолари сонидаги улуши 2 фоизни ҳам ташкил этмайди.
Янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг давлат ёшлар сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқиш, ёш авлодни ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларга кенг жалб этиш, уларга мамлакатимизнинг бугуни ва эртанги куни билан боғлиқ ўта муҳим вазифалар ижросини ишониб топшириш борасидаги тажрибаси дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, бугун парламентимиз қуйи палатасининг 6 фоизини, маҳаллий кенгашлар депутатларининг 10 фоизини айнан ёшлар ташкил этмоқда. Парламент палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари иш бошлади.
Форум иштирокчилари мамлакатимизнинг ушбу соҳадаги тажрибасига катта қизиқиш билдирмоқда. Кўриб чиқиладиган вазифалар орасида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоялашни давлат сиёсати даражасига кўтаришнинг йўллари ва усулларига доир таклифлар ишлаб чиқиш масаласи ҳам бор. Бундай муҳим чора ёш авлодга ҳаётнинг барча соҳаларини ривожлантириш, барқарор тараққиётни таъминлашга ҳисса қўшиш учун имкониятлар яратишига ишончимиз комил.
Жумладан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бугунги ва эртанги ёшларга бевосита боғлиқ. Айниқса, 1-мақсад (ўта қашшоқликка барҳам бериш), 4-мақсад (сифатли таълим), 5-мақсад (гендер тенглиги), 8-мақсад (муносиб иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсиш), 10-мақсад (тенгсизликни камайтириш) ва 16-мақсад (тинчлик ва адолат, одил судловнинг ҳаммага бирдек очиқлиги) ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган. Шунинг учун ёшларнинг ҳуқуқларига кўмаклашиш ва уларни ҳимоя қилиш масаласи бундан кейин кўтарилмаслиги учун нима қилишимиз керак? Тадбирда муҳокамаларимиз айни шу муаммолар ечимига қаратилади.
— Президентимизнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш борасидаги ташаббусининг ҳаётга татбиқ этилиши хусусида бироз кенгроқ тўхталиб ўтсангиз. У халқаро ҳамжамият томонидан қандай қабул қилинмоқда? Ушбу конвенциянинг қабул қилиниши зарурати нималардан иборат?
— Конвеция лойиҳасини ишлаб чиқишда бугунги кунда БМТ ва у билан боғлиқ халқаро тузилмалар (Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Парламентлараро иттифоқ ва бошқалар) томонидан ёшлар ва ёшлар сиёсатига оид 30 дан ортиқ универсал ҳамда минтақавий ташкилот (Африка Иттифоқи, Америка давлатлари ташкилоти, Европа Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқалар) доирасида 20 дан зиёд халқаро ҳужжат эътиборга олинди.
Жумладан, БМТ Прага декларациясида инсониятни ривожлантиришда ёшларнинг муҳим роли қайд этилди. 1996 йил 13 мартда БМТ Бош Ассамблеясининг 50/81-резолюцияси билан 2000 йилгача бўлган даврда Ёшларга оид умумжаҳон ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Унда, хусусан, ёшлар ҳуқуқларига оид олтита асосий соҳа аниқланди. Булар муносиб яшаш ҳуқуқи (ёшлар жамиятда ва ўз юртида муносиб яшашлари керак), ўз фикрларини билдириш ҳуқуқи(ёшларга ўз интилишларини, ғояларини, умидларини ва муаммоларини ифода этиш имконияти берилиши керак), яхши таълим олиш ҳуқуқи(ёшлар ўз ватанида сифатли таълим олиши, тегишли стипендияларни, айниқса, университет даражасида тақдим этиш), соғлиқ ҳуқуқи(келажак авлодлар ёшлар соғлиғига ғамхўрлик қилиш учун замонавий тиббий марказлардан фойдаланишлари керак), муносиб касбга бўлган ҳуқуқ(битирувчиларнинг давлат ёки хусусий секторда ишлашини таъминлаш ёки ўрта ва кичик бизнесни ташкил этиш учун ёш тадбиркорларга кредит бериш), ривожланиш ҳуқуқи (ёшларга ўз мамлакатининг жамиятларини турли йўналишларда, жумладан, сиёсий партияларда иштирок этиш ва ушбу партияларда раҳбарлик лавозимларига эга бўлиш, ёшларни қарор қабул қилишда иштирокини таъминлаш)дир.
2001 йилда Жаҳон ёшлар стратегияси уларнинг дунё тараққиётидаги ролига эътибор қаратди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича иккита, яъни 2250 (2015 йил) ва 2419-резолюциялари (2018 йил) халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда қўллаб-қувватлашда ёшларнинг ролини очиб беради. БМТнинг “Ёшлар — 2030” ёшлар стратегияси, Ёшлар сиёсати ва дастурлари тўғрисидаги “Лиссабон+21” декларацияси ёшлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва амалга оширишда қўшимча имконият яратади.
Минтақавий даражада Араб ёшлар декларацияси (аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, ёшларни ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётга кенгроқ жалб қилиш), Аҳоли ва ривожланиш бўйича Работ декларацияси (ёшларга нисбатан адолатли ижтимоий сиёсат учун ресурсларни тақсимлашни яхшилаш), Африка ёшлар стратегияси (ёшлар тараққиётини таъминлашга қаратилган сиёсий вазиятни яхшилаш), Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент декларацияси каби қатор ўта муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
— Конвенция қабул қилинишининг долзарблиги нимадан иборат?
— Соҳада ўз ечимини кутаётган ва муаммоли масалалар ҳам мавжуд. Булар, биринчидан, дунё миқёсида бугунги кунга қадар ёшларнинг аниқ ҳуқуқларини белгилашга доир бирорта алоҳида ҳужжат ёки восита мавжуд эмас, ёшларга оид сиёсат соҳасида давлатларнинг халқаро мажбуриятлари аниқ белгилаб берилмаган. Хусусан, ёшларнинг ҳозирги авлоди дунё тарихи бўйича олиб қараганда энг кўп сонлиси ҳисобланади, аммо уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашга етарли эътибор қаратилмаяпти. Ёшларнинг барча ҳуқуқлари, жумладан, барча иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, ҳимояланиши ва амалга ошишини таъминлаш чораларини келгусида янада мустаҳкамлаш зарур.
Иккинчидан, ёш авлод ижтимоий субъект сифатида давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама — ёшларни ривожлантиришга йўналтирилган муайян ресурсларни ажратиш, давлат ёшлар сиёсатининг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ замонавий инфратузилмасини яратиш каби қўллаб-қувватловига муҳтож. Лекин яқин ва узоқ муддатли истиқболда ёшлар ривожланиши бўйича давлатлар дастурларининг қабул қилиниши тизимли йўлга қўйилмаган.
Учинчидан, турли халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ёшларнинг ёш тоифаси турлича талқин қилинган. Мисол учун, биргина БМТ доирасида “ёшлар” атамаси Ёшлар учун умумжаҳон ҳаракатлар дастурига кўра, 15-24 ёш, БМТ Хавфсизлик кенгашининг ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 2250-резолюциясида 18-29 ёш, Аҳоли яшаш манзиллари бўйича БМТ дастурида эса 15-32 ёшли шахсларга нисбатан ишлатилади. Ёшларнинг Африка хартиясида “ёшлар” вакилларига 15-35 ёшли, Европа Кенгашида 15-29 ёшдаги шахслар киритилади.
Шу маънода, аҳолининг ёшлар қатлами учун ёш чегарасининг халқаро мезонларини ишлаб чиқиш ва буни ёшлар ҳуқуқлари ҳамда уларни таъминлаш бўйича давлат мажбуриятлари ўрнатилган халқаро ҳужжатда белгилаш муҳим аҳамиятга эга.
Тўртинчидан, бугунги кунда БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда БМТнинг “Ёшлар — 2030” ёшлар стратегияси ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Лекин ҳамон белгиланган аниқ мақсадлар ва ўлчов кўрсаткичлари бўйича ёшларнинг ривожланиш истиқболларини намоён этувчи замонавий халқаро модель яратилмаган.
Президентимиз томонидан таклиф этилган ташаббус — Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясининг қабул қилиниши бугун навқирон авлод дуч келаётган аниқ муаммоларни ҳал қилиш, соҳага оид турли халқаро ҳужжатлардаги номутаносибликларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.
— Конвенция лойиҳаси қандай тайёрланди?
— Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази томонидан конвенция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича миллий ва халқаро, хорижий экспертлар, мутахассислар, олимлар, ёшлар ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан ташкил топган махсус ишчи гуруҳ тузилди ва унинг фаолияти тизимли равишда ташкиллаштирилди.
Ишчи гуруҳ ёшларга оид юқорида эслатиб ўтилган халқаро ҳужжатлар ҳамда 50 дан ортиқ давлатнинг миллий қонунчилигини чуқур ўрганиш, Барқарор ривожланиш мақсадлари, демократия ва иқтисодий соҳаларга оид турли халқаро рейтинглар ва индикаторларни инобатга олиб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенция лойиҳасини ишлаб чиқди.
Конвенция лойиҳаси халқаро жамоатчилик фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш ва инобатга олиш мақсадида марказимиз веб-сайти ҳамда бошқа махсус интернет-тармоқларда жойлаштирилди. Хусусан, ёшлар ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқларига оид ўндан ортиқ ҳужжат ва адабиёт тайёрланиб, Самарқанд форумининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди.
Бугунги кунга қадар 40 дан зиёд халқаро форум ва экспертлар учрашувида ҳамда Швейцария, Буюк Британия ва Россияда муҳокама этилди. Форумда ушбу мамлакатлар вакилларининг маъруза билан иштирок этиши ҳам назарда тутилган. Форум учун “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг махсус сони тайёрланди.
— Ушбу конвенциянинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?
— Ишчи гуруҳ конвенциянинг асосий мақсади сифатида дунё бўйича ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, ёшларнинг барча энг яхши қизиқишлари, эркинлик ва ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда потенциалини мустаҳкамлаш мақсадларида халқаро, минтақавий ва миллий даражада ҳаракатларни кучайтиришни белгилашни таклиф этган.
Конвенцияда ёшлар сиёсати тушунчаси турли ҳаётий соҳа ва секторлар — давлат ва хусусий сектор, нодавлат ташкилотларнинг ёшларга қаратилган фаол фаолияти сифатида кенгроқ маънони англатади. Шунингдек, ёшларнинг ёш хусусиятлари аниқ 18-30 ёш деб белгиланмоқда.
Конвенциянинг асосий вазифалари сифатида қуйидагиларни белгилаш назарда тутилмоқда:
- ёшларга нисбатан давлат сиёсатининг мақсадлари, устуворликлари ва воситаларини белгилаш, ёшларнинг ривожланиши имкониятлари ва муаммолари юзасидан давлатлар олдида турган масалаларга ва имкониятларга биргаликда жавоб излаш;
- ёшларга оид сиёсат субъектлари учун узоқ муддатли ривожланиш йўналишларини, шунингдек, ёшлар дастурлари, лойиҳалари, ёшлар жамоат бирлашмалари ва ёшларга оид сиёсат инфратузилмасига йўналтирилган инвестициялар кўрсаткичларини белгилаш;
- инсон капиталида жадал ўсиб бораётган ёшларнинг вояга етиш даврида давлат ва жамоат хизматларидан фойдаланишини енгиллаштириш, уларнинг асосли ҳаётий қарорлар қабул қилиш қобилиятини ривожлантириш ҳисобига имкониятларини кенгайтириш;
- ёшларни жамиятни ўзгартирувчи фаол субъект, давлатларнинг етакчилик ва ривожланиш драйвери, шунингдек, ижтимоийлашув объекти сифатида қараш.
— Самарқанд форуми натижаси қандай бўлади?
— Умуман, форум натижасида Самарқанд резолюциясини қабул қилиш, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасини БМТ низомий тузилмаларига ва инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий қўмиталарига кўриб чиқиш учун киритиш назарда тутилган.
Ишончим комилки, Самарқанд форуми очиқ ва амалий мунозаралар руҳида ўтади. Ундаги мунозара ва мушоҳадалар, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш, Президентимизнинг ташаббусини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган амалий қарорлар учун замин бўлади. Бу эзгу ишлар бутунжаҳон ҳамжамияти даражасида ёшларнинг қонуний манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Баҳор Хидирова суҳбатлашди.
(“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2020 йил 11 август)
- Қўшилди: 11.08.2020
- Кўришлар: 3997
- Чоп этиш