2020 йил 9 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини анъанавий равишда ҳар икки йилда ўтказишни таъминлаш мақсадида ушбу қарор билан иккита ҳужжат тасдиқланди.
Биринчи ҳужжат - Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси. Унда форумни ўтказиш мақсади ва вазифалари, форумнинг ташкилотчилари ва иштирокчилари, Самарқанд форумини ташкил этиш ва ўтказиш, унинг дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, форумни оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш тартиб-таомиллари белгиланган.
Иккинчи ҳужжат - Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш Регламенти бўлиб, унда форумни ташкил қилиш ва ўтказиш борасидаги тайёргарлик ва ташкилий тадбирларни амалга ошириш тартиби ўз аксини топган. Регламентда, шунингдек Самарқанд форуми Ташкилий қўмитаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг асосий вазифалари, форумнинг иштирокчилари ва унда иштирок этиш шаклларига доир тартиб-қоидалар назарда тутилган.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, Самарқанд форумини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита таркиби ҳам тасдиқланди.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида қабул қилинди. Ҳужжат лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.10.2020
- Кўришлар: 3851
- Чоп этиш