БМТ бош штаб квартирасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш жараёнида гиёҳвандликка қарши курашиш, гиёҳвандлик муаммосини ҳал этиш ва унга қарши курашишда ягона ва яхлит ёндашувга бағишланган махсус тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон, Россия, Хитой, Миср, Покистон, Сингапур доимий ваколатхоналари ҳамда БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 60 дан ортиқ мамлакат делегациялари қатнашди.
Тадбирда қайд этилишича, гиёҳвандлик муаммосини ҳал этиш ва унга қарши курашиш инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу кураш жамиятда соғлом, хавфсиз ва барқарор муҳитни яратишга хизмат қилади.
Зотан, гиёҳвандлик одамларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғига жиддий зарар етказиш билан бирга, жиноятчилик ва ижтимоий муаммоларни кучайтириши мумкин. Айниқса, унинг ёшлар орасида авж олиши уларнинг таълим олиш ҳуқуқига ва шахсий ривожланишига тўсқинлик қилади.
Шу нуқтаи назардан мазкур тадбирда БМТга аъзо давлатлар ўртасида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ глобал муаммони ҳал қилиш ва унга қарши курашишнинг самарали стратегиялари бўйича мулоқот қилинди.
Мазкур тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган, Ўзбекистон ташаббуси ҳисобланган «Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этишда ягона фронт бўлиб ҳамкорлик қилишга тайёрлиги» тўғрисидаги резолюциянинг барча аъзо давлатлар учун муҳимлигига эътибор қаратди.
Шунингдек, ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 - 2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияга тўлиқ мос келиши қайд этилди.
Ўзбекистон «Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун» деган устувор ғоя асосида аҳолида гиёҳвандликка қарши «иммунитет»ни шакллантириш орқали аҳолига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш, фуқароларнинг сифатли тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш, гиёҳвандликка чалинган беморларнинг жаҳон стандартлари асосида тиббий даволанишини ташкил этиш бўйича барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўз фаолияти давомида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси Марказий Осиё минтақасидаги вакили билан ҳамкорлик қилиб келади.
Тадбирда, шунингдек, Куба, АҚШ, Швейцария, Қозоғистон, Хитой, Миср, Нигерия, Эрон ва Тожикистон вакиллари ҳам сўз олиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 06.09.2024
- Кўришлар: 854
- Чоп этиш