Инсонпарварлик ғояларига йўғрилган ташаббус амалда

Яқин шарқдаги вазият бутун дунё эътиборида. Ҳудудга ёрдам  берган, меҳр қўлини чўзган давлатлар, ҳукуматлар бисёр. Табиийки, Ўзбекистон ҳам тарихнинг бу аянчли фожиасига бефарқ эмас. Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 11 ноябрь куни Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Африка қитъаси етакчи давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида ташкил этилган навбатдан ташқари араб-ислом саммитида сўзлаган нутқи жаҳон жамоатчилиги эътиборига тушди. Тадбирда асосий эътибор Ғазо ва Ливандаги кескинликни камайтириш, юзага келаётган вазиятни тез фурсатда сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масаласига қаратилди.

Ўзбекистон Президенти кун тартибидаги масала нечоғли жиддийлигига эътибор қаратар экан, минг-минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар ўлимига сабаб бўлаётган вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланаётгани, ижтимоий инфратузилма объектлари, мактаб ва шифохоналар, масжидлар, бутун бошли шаҳарлар йўқ қилиб ташланаётгани, миллионлаб тинч аҳоли бошпанасиз қолиб, очарчилик ва касалликка маҳкум бўлаётганини изтиробсиз кузатиш мумкин эмаслигини баён этди.

– Масаланинг моҳиятини теран англаган Президентимиз энг оғриқли жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди ва муаммонинг ечими бўйича ўзига хос таклифни илгари сурди, – дейди сиёсатшунослик фанлари доктори Дурдона Мадаминова. – Аниқроғи, давлатимиз урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёрлигини маълум қилди. Бундай мардона қарорга келиниши бежиз эмас, албатта. Зеро, инсонпарварлик азал-азалдан халқимизга хос, минг-минг йиллик тарихимиз билан чамбарчас боғлиқ фазилат. Жаҳон динлари, жумладан исломда ҳам фақир, камбағал, мусофир ва муҳтожларга ёрдам бериш, саховатли, инсофли бўлишга даъват қилинган. Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро кўплаб тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлиши, уларнинг осойишталиги ва барқарорлиги издан чиқишига сабаб бўлмоқда. “Defense for Children International – Palestine” ташкилоти маълумотига кўра, Ғазода ҳар 15 дақиқада бир бола ҳаётдан кўз юммоқда. “Save the Children” халқаро ташкилоти кўп йилдан буён қамалда ушлаб келинаётган ҳудудда сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкони йўқлиги оналар ва болалар ўлими ортишига сабаб бўлаётган яна бир омил эканини билдирган.

Аянчли жиҳати, шифокорлар жарроҳлик амалиётини беморга оғриқ сездирмайдиган дори бермасдан ўтказишга мажбур бўлмоқда. БМТ маълумотига кўра, айни пайт секторда 50 мингга яқин ҳомиладор аёл ва уларнинг туғилажак фарзанди ҳаёти хавф остида.

 Маълумот учун, Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрь санасидан 2025 йилнинг январигача давом этган ҳарбий амалиёт натижасида камида 47 минг фаластинлик ҳалок бўлиб, 111 минг киши яраланган. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, қурбонларнинг 17492 нафари болалар, 11979 нафари аёллар. Ярадорлар сони 107 713 тага етган. Афсуски, бу рақамлар ҳамон ортмоқда. Ачинарлиси, можарога умуман алоқаси бўлмаган, бегуноҳ гўдаклар қони тўкилиб, улар мислсиз азоб-уқубатни бошдан кечирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик ғояларига йўғрилган ташаббуслари амалга оширилди. Жумладан, 100 нафар ярадор фаластинлик болалар ва аёллар уларга ҳамроҳлик қилувчилар билан бирга юртимизга келтирилди. Айни пайт даволаш, саломатликларини тиклаш мақсадида, жабрдийдалар республикамизнинг нуфузли реабилитация марказлари ҳамда шифохоналарига жойлаштирилган. Ҳукуматимиз томонидан азият чеккан фаластинликларга беғараз даволаниш  имкони яратилиши баробарида, улар юртига қайтгунига қадар Ўзбекистонда қолиши, шу вақт оралиғида оилаларнинг барча эҳтиёжи қондирилиши, жумладан меҳмонхона, мактаб, озиқ-овқат билан таъминланиши белгиланган. Бу миллатимизга хос меҳмондўстлик, инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Халқларимизнинг азалий орзу-интилиши нечоғли бир-бирига яқинлиги давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва эзгу амалларда ўз ифодасини топмоқда. Шу нуқтаи назардан 2025 йил Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммити ҳам Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос намунаси сифатида тарихга муҳрланади. Ўзбекистоннинг ўзига хос эзгуликка йўғрилган сиёсати эса дунё давлатларига ибрат ва намуна бўлишига ишонамиз.

Гўзал Сатторова,

ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech