Эл бошига иш тушган бугунги синов даврида ҳеч ким бефарқ ва лоқайд эмас. Айниқса, юртдошларимизга маънавий ва моддий ёрдам тақдим этаётган, муҳтожларга ёрдам қўлини узатаётган, бундай савобли ишлар учун ўз вақти, маблағи ва хизматларини аямаётган турли ташкилотлар масъуллари, депутатлар, тадбиркорлар - барча саховатпеша инсонларнинг саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовордир.
Коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди ташкил этилганига унча кўп вақт бўлмади. Шундай мураккаб вазиятда мазкур фондга тўхтовсиз келиб тушаётган беминнат маблағлар мисолида ҳам халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, саховатпешалик ва бирдамлик фазилатлари яққол намоён бўлмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Марказнинг даврий нашри ҳисобланувчи «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали таҳририяти ходимлари ҳам ушбу фонд маблағлари кўпайишига ихтиёрий равишда ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Президентимиз таъбири билан айтганда, коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз аҳил ва жипс бўлса, ҳар биримиз тозалик, тартиб ва интизомга қатъий риоя қилсак, албатта, бу касалликни енгамиз. Энг муҳими, ҳамиша ўзаро аҳил, ҳамжиҳат ва меҳр-оқибатли бўлайлик.
ЎзА
- Қўшилди: 01.04.2020
- Кўришлар: 4542
- Чоп этиш