Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси кўпчилик овоз билан фаластинликларнинг ўз йиғилишларида иштирокини кенгайтиришни ёқлаб чиқди. Исроил бунга жавобан ўзига таҳдид солаётган давлатни яратишга йўл қўймаслигини билдирди.
Исроил ҳукумати ўтган ҳафта БМТ Бош ассамблеясининг фаластинликларни БМТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилишни тавсия этувчи резолюциясини бир овоздан рад этди. «Биз 7 октябрдаги даҳшатли қирғинни рағбатлантирмаймиз, ҳудудидан бизга ҳужум қилиш мумкин бўлган давлатнинг пайдо бўлишига йўл қўймаймиз», деди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 15 май, чоршанба куни вазирлар маҳкамаси йиғилишидан кейин.
10 октябр куни БМТ Бош ассамблеяси БМТ ҳузурида кузатувчи давлат мақомига эга бўлган Фаластин маъмуриятига Бош ассамблея йиғилишларида тўлиқ овоз бериш ҳуқуқини бермаган ҳолда сезиларли даражада кенгроқ ҳуқуқлар тақдим этиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. 193 давлат аъзо бўлган Бош ассамблея, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашини Фаластинни жаҳон ташкилотига тўлақонли аъзолик қилиш масаласини жиддий кўриб чиқишга чақирди.
Нетаняҳу: ҲАМАСни енгиш - зарурий қадам
Бенямин Нетаняҳу, шунингдек, ҲАМАС ҳаракати устидан ғалаба қозонилмагунга Ғазо секторида бўлажак маъмурият ҳақидаги гапларни маъносиз деб атади. «ҲАМАСнинг мағлубияти - Ғазо секторида бизга таҳдид соладиган ҳеч нима йўқлигини таъминлаш учун зарур қадам», — деди у.
Исроил бош вазирининг сўзларига кўра, тахминан юз кун аввал у Исроил хавфсизлик кучларига Ғазодаги ҲАМАСга алоқадор бўлмаган маҳаллий вакилларга гуманитар ёрдам тарқатишда иштирок этишга рухсат берган. «Бу уриниш муваффақиятли бўлмади, чунки ҲАМАС уларга таҳдид қилди ва ҳатто бошқаларни қўрқитиш учун баъзиларига зарар етказди», деди Нетаняҳу.
«ҲАМАС Ғазо секторида ҳарбий раҳбарликни қўлламаслиги аниқ бўлмагунча, у ерда фуқаролик маъмуриятига раҳбарлик қилишга рози бўладиган вакиллар топилмайди, шунинг учун ҳам ҲАМАС назорати ҳамон бор экан, келажак ҳақида гапиришга эрта», - деди Нетаняҳу. Шу билан бирга, у «ушбу мураккаб муаммога ечим топиш» учун кўп ойлардан бери парда ортидаги музокаралар давом этаётганини таъкидлади.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 35,2 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Kun.uz
- Қўшилди: 16.05.2024
- Кўришлар: 1603
- Чоп этиш