– БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян шу йил 19-25 сентябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Аввало, ушбу ташрифнинг муҳим хусусиятлари ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз?
– Фикримча, БМТ Махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян мамлакатимиздаги давлат ҳокимияти органларининг барча биринчи раҳбарлари билан учрашиб, юзма-юз мулоқотда бўлгани мазкур ташрифнинг асосий хусусиятларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлганида мамлакатда 2016 йилдан буён изчил амалга оширилаётган ноёб ислоҳотлар дастури ҳақида атрофлича фикрлашиш имконига эга бўлганидан мамнунлигини изҳор қилди. Давлатимиз раҳбарининг етакчилик салоҳиятини, миллий ва халқаро даражадаги ташаббуслари, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошираётган ислоҳотларини эътироф этишини билдирди.
Ўзбекистон Конституцияси 11-моддасига мувофиқ, мамлакатимиз давлат ҳокимияти тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Шу маънода, суд тизимининг фаолиятига қонун чиқарувчи ҳокимият ҳам, ижро этувчи ҳокимият ҳам аралашиши мумкин эмас.
Худди шу принцип БМТ Махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифидан кўзлаган мақсади билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун у қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти мутасаддилари билан кўплаб учрашувлар ўтказди.
Хусусан, қонун чиқарувчи ҳокимият тизимини оладиган бўлсак, Олий Мажлис Сенати Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери ва Омбудсман билан мулоқотда бўлди.
Ижро этувчи ҳокимият тизимидан – Ташқи ишлар вазири, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, Адлия вазири, Ички ишлар вазири, Бош прокурор, шунингдек, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги ички ишлар, адлия ҳамда прокуратура органлари раҳбарлари билан мулоқотда бўлди. Ҳар икки вилоятда Президент Халқ қабулхоналари мутасаддиларининг ишлари билан танишди.
Суд ҳокимияти тизимини олиб қарайдиган бўлсак, Олий суд раиси, Конституциявий суд раиси, Судьялар олий кенгаши раиси ва Судьялар олий мактаби раҳбари, бундан ташқари Самарқанд ва Фарғона вилоят, шаҳар, туманлараро судлар раҳбарлари ва судьялар билан учрашганини айтиш лозим бўлади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси юртимиздаги фуқаролик жамияти институтларида ҳам учрашувлар ўтказди. Адвокатлар палатасида адвокатлар билан мулоқотда бўлди. Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари билан суҳбатлашди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг давра суҳбатида ҳам иштирок этди.
Шунингдек, жаноб Диего Гарсия-Саян билан Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида бешта олий таълим муассасасидан жам бўлган 100 нафардан зиёд ҳуқуқшунос талаба-ёшлар ўртасида жуда қизиқарли учрашув бўлди. Бу учрашувда Халқаро Вестминстер университети, Тошкент Давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Бош прокуратура Академияси тингловчилари иштирок этди.
Бундан ташқари, БМТ Махсус маърузачиси ташрифининг якунида журналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Мазкур тадбир тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
Шундай қилиб, нуфузли халқаро ташкилотнинг мартабали эксперти ўзини қизиқтирадиган барча масалалар бўйича бирламчи ва ишончли манбалардан маълумот олиш имконига эга бўлди.
Бу фикрларни жаноб Диего Гарсия-Саяннинг ўзи ҳам эътироф этди. “Кимлар билан учрашишни истаган бўлсам, барчалари билан мулоқотда бўлиш имкони яратилганидан миннатдорман”, деди меҳмон ташрифи якунида.
Дарвоқе, у мазкур ташрифга тайёргарлик кўришига қадар Ўзбекистон ҳақида умри давомида фақат бир мартагина, ўшанда ҳам 1966 йили Тошкентда зилзила содир бўлгани тўғрисида эшитган экан, холос. Энди эса “Ўзбекистонда атиги бир ҳафта юрган бўлсам-да, худди ярим йил шу ерда яшагандек ўзимни эмин-эркин ҳис этдим”, деб айтди сафар якунида жаноб Диего Гарсия-Саян.
– БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачисининг ушбу ташрифидан кўзланган асосий мақсад нима эди? Ва шу мақсадга эришилдими?
– Бу саволингизга асосли жавоб бериш учун, олдин Диего Гарсия-Саяннинг мандатига, яъни унинг лавозими билан боғлиқ ваколатларига эътибор қаратиш ўринли, деб ўйлайман.
Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачи институти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси (ҳозирги – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши) 1994 йилда қабул қилган резолюция асосида таъсис этилган. Ўтган 25 йил давомида Махсус маърузачилар қарийб 40 та мамлакатга ташриф буюришган.
Махсус маърузачи – инсон ҳуқуқлари бўйича муайян мамлакатдаги вазият ёки аниқ бир мавзуни ўрганиш ва бу ҳақда маърузалар тақдим этиш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан тайинланадиган мустақил экспертдир. Бугунги кунда БМТ тизимида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига ихтисослашган 44 нафар махсус маърузачи мавжуд.
Махсус маърузачи фахрий лавозим ҳисобланади. Яъни, у БМТ ходимлари сирасига кирмайди ва унга иш ҳақи тўланмайди. Махсус маърузачи фаолиятининг холислиги ва беғаразлигини таъминлашда бу омил муҳим аҳамият касб этади.
Диего Гарсия-Саян асли Лотин Америкаси минтақасидаги Перу мамлакатида туғилиб-ўсган таниқли юрист, малакали судья ва моҳир дипломатдир. У БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси лавозимига 2016 йили декабрь ойида тайинланган ва кейинги чорак аср ичида шу лавозимда ишлаётган бешинчи экспертдир.
Энди бевосита Диего Гарсия-Саяннинг мамлакатимизга ташрифидан кўзланган асосий мақсадга тўхталамиз.
Маълумки, ўтган уч йил давомида ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам шиддатли ислоҳотлар амалга оширилди. Кейинги даврда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш орқали судья ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Бу борада муайян натижаларга эришилгани халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. Диего Гарсия-Саяннинг таъкидлашича, ана шу туб янгиланишларнинг моҳияти, жумладан, судьяларнинг мустақил қарор қабул қилишига халал берадиган сиёсий таъсирларни камайтиришга қаратилганида яққол намоён бўлмоқда.
Мўътабар меҳмон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, судлар мустақиллигини таъминлаш, одил судлов тамойилларини қарор топтириш борасида Ўзбекистонда қисқа фурсатда эришилган бир қатор ижобий ўзгаришларга эътибор қаратди.
Биринчидан, янги конституциявий орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилган бўлиб, у суд тизими ва судьялар мустақиллигини таъминлаш борасида кенг ваколатларга эга.
Иккинчидан, Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактаби очилгани, ўз навбатида, судьяларни ўқитиш ва малакасини ошириш ишларининг мунтазамлигини таъминлашга қаратилган.
Учинчидан, ўз хизмат вазифаларини бажараётган судьяларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилган.
Тўртинчидан, судлов маъмуриятига тааллуқли бир қатор маъмурий ва техник функиялар Адлия вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, Олий суд ҳузурида янги ташкил этилган Судлар фаолиятини таъминлаш бўйича департамент ваколатига ўтказилган.
Бешинчидан, Олий суд веб-сайтида суд қарорлари мунтазам эълон қилиб борилмоқда, одил судловдан фойдаланиш шаффофлиги ва қулайликларини таъминлаш мақсадида суд тизимига рақамли ахборот технологиялари изчил татбиқ этилмоқда.
Олтинчидан, Адвокатлар палатаси ижро этувчи ҳокимиятдан мустақил фаолият юритишини таъминлашга доир кафолатлар яратилган.
Еттинчидан, коррупцияга қарши курашиш сиёсатини жорий этиш соҳасида бир қанча таъсирчан қадамлар қўйилган, жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган ва унинг ижросини таъминлаш механизмлари ишлаб чиқилган.
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистонда кейинги уч йилда оқлов ҳукмлари кескин кўпайганини судларнинг прокуратурадан мустақил, эркин фаолият олиб боришларини таъминлаш борасидаги амалий ишларнинг яққол натижаси, деб баҳолади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда жиноятчиликлар сони 2,5 баробар камайганини ҳам эътироф этди.
БМТ Махсус маърузачиси Самарқанд ва Фарғона вилоятларига сафари пайтида яна иккита муҳим янгиликни кашф этганини айтди.
Биринчи янгилик – судларга татбиқ этилган «E-sud» миллий тизимидир. Мазкур миллий электрон судлов ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган.
Диего Гарсия-Саян ушбу тизим фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштириш, бу борада сансалорлик ва бюрократизм ҳолатларига йўл қўймаслик каби мақсадларга хизмат қилаётганини Самарқандда ҳам, Фарғонада ҳам ўз кўзлари билан кўрди ва қойил қолди.
Меҳмон «E-sud» миллий тизими судьяларнинг ишини жуда осонлаштириши ва енгиллаштириши билан бирга, атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва дарахтларни асраб-авайлаш имконини ҳам беришига эътибор қаратди. “Чунки мазкур янги тизим жорий этилиши туфайли судлов ишлари жараёнларида қанчадан-қанча қоғозлар исроф бўладиган аввалги иш усулубидан воз кечилмоқда”, деди у.
БМТ Махсус маърузачиси: “Мен Перудаги судлар билан алоқа ўрнатиб, ватанимдаги судьяларни ҳам мазкур тизимдан фойдаланишга ўргатишингизни таклиф этаман”, деган фикрларни билдирди.
Меҳмонни ҳайратга солган иккинчи янгилик – Халқ қабулхоналари фаолиятидир. У Халқ қабулхоналари бошқа аксарият мамлакатлар амалиётида учрамайдиган тамомила янги тажриба эканини таъкидлади. “Бундай самарадор муассасани илк бор кўриб турибман ва Халқ қабулхонаси фаолияти менда катта таассурот қолдирди”, деди Д.Гарсия-Саян.
Чиндан ҳам, Халқ қабулхоналари мавжудлиги туфайли энди кишилар ўз муаммоларига ечим излаб пойтахтга оввора бўлиб қатнамайди. Бинобарин, уларнинг ўз уйларига яқин манзилларда давлат муассасаларига мурожаат қилишлари учун энг осон ва қулай имкониятлар муҳайё этилган.
Бу тизим, БМТнинг мартабали эксперти қайд этганидек, халқ билан давлат ўртасида мустаҳкам мулоқот ва дўстона муносабат ўрнатилишига хизмат қилади. “Афсуски, бундай ҳаётий ва демократик муассасалар Лотин Америкаси мамлакатларида ҳали мавжуд эмас. Ўзбекистон халқини ушбу улкан ютуқ билан қутлайман”, дея ўз самимий тилакларини билдирди мўътабар меҳмон.
Унинг фикрича, Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналари тимсолидаги ноёб муассасалар барча мамлакатларда ташкил этилиши лозим. Чунки улар давлат раҳбари билан халқ ўртасида ишончли мулоқот ўрнатиш учун имконият яратади, деди жаноб Д.Гарсия-Саян.
Мухтасар айтганда, мазкур ташрифдан кўзланган мақсад, бир томондан, БМТ Махсус маърузачисининг ўз ваколатларига тааллуқли соҳалар доирасида Ўзбекистон томони билан мулоқотлар олиб бориш, бошқа томондан, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини ўрганишдир.
– БМТ Махсус маърузачисининг дастлабки хулоса ва тавсиялари нималардан иборат бўлди?
– Жамиятимиз ҳам, жаҳон жамоатчилиги ҳам бир масалада якдил ҳамда ҳамжиҳат, деб ўйлайман. Яъни, мамлакат суд тизимининг том маънода мустақиллиги ва одил судлов эркинлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон Президенти бошлаб берган демократик ислоҳотларнинг қайтмаслигини таъминлаш зарур.
Бу, ўз навбатида, мазкур соҳада янги, янада муҳим вазифаларни бажаришни тақозо этади. Жаноб Диего Гарсия-Саян бу ҳақда фикр юритар экан, баъзи бир масалалар юзасидан ўзининг дастлабки тавсияларига тўхталди.
Ушбу тавсиялар асосан:
- судьяларни сайлаш ва тайинлаш;
- судьяларнинг лавозимида ишлаб қолишини кафолатлаш;
- судьяларни профессионал асосда тайёрлаш;
- суд раисларини тайинлаш тартиби ва уларнинг ваколатлари кўламини қайта кўриб чиқиш;
- судьяларга интизомий чора кўриш тартиб-таомилларини мукаммаллаштириш;
- Олий суд кенгаши аъзоларини сайлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш;
- прокуратура тизими ваколатларини қисқартириш;
- адвокатлар сонини ошириш ва ёш ҳуқуқшуносларни ушбу касбга қизиқтириш учун тарғибот ишларини кучайтириш истиқболлари билан боғлиқ.
БМТ Махсус маърузачиси бир ҳафта давомида мамлакатимиздаги давлат ташкилотлари, вазирлик ва муассасалар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, талаба-ёшлар билан ўтказган қарийб 40 та учрашуви якунлари асосида миллий ҳуқуқий тизимни янада такомиллаштиришга доир ана шу дастлабки хулоса ва тавсияларини матбуот анжумани орқали жамоатчилик эътиборига ҳавола этди.
Албатта, Ўзбекистонга ташриф якунлари бўйича Махсус маърузачи хулоса ва тавсияларининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этилиши кўзда тутилган.
– Ташрифнинг аҳамияти нимада? БМТ Махсус маърузачисининг хулоса ва тавсиялари давлатимиз тараққиёти ва жамиятимиз равнақига қандай ҳисса қўшади? Содда қилиб айтганда, бундан одамларимизга нима фойда тегади?
– Тўғри ва лўнда савол. Худди шундай жавоб қайтаришга ҳаракат қиламан.
Авваламбор, нуфузли халқаро ташкилотнинг катта ваколатларга эга мўътабар вакилининг мамлакатимизга ташрифи биз учун, таъбир жоиз бўлса, компас вазифасини ўтади.
Яъни, биз суд-ҳуқуқ тизимида уч йилдан буён тўғри ва асосли йўналишда – халқаро стандартлар ҳамда илғор хорижий тажрибага мос ҳолда изчил ислоҳотларни амалга ошираётганимизни текшириб, аниқлаб, бунга яна бир бор амин бўлиб олдик. Натижада:
Биринчидан, бу ишонч ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигига бўлган қатъий иродамизни мустаҳкамлайди.
Иккинчидан, бизни ислоҳотларнинг янги, янада юксак ва масъулияли босқичлари сари илҳомлантиради, бу йўлда бизга катта куч ҳамда азму шижоат бағишлайди.
Учинчидан, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва юртдошларимизнинг судларга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.
Тўртинчидан, жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган ишончи янада ортади, натижада дунё бўйлаб имижимиз юксалади.
Бешинчидан, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва обрў-эътибори юксалади, натижада бизга дўст инсонлар, хайрихоҳ халқлар ҳамда ҳамкор давлатлар сони кўпайиб бораверади.
Олтинчидан, жаҳон миқёсидаги ишонч, обрў-эътибор ва юксак имиж Ўзбекистоннинг жозибадорлиги бундан ҳам ошишини таъминлайди. Ўз навбатида, миллий иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларнинг жалб этилиши ортади.
Еттинчидан, дунёнинг турли мамлакатларидан оқиб келадиган инвестициялар, албатта, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда ғоят муҳим ўрин тутади.
Хулоса қилиб айтганда, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг мамлакатимизга расмий ташрифи том маънода тарихий аҳамиятга эгадир. Бундай муҳим ташрифларнинг одамларимиз бахтли ва тўкис яшашлари учун нафи ниҳоятда катта, деб ҳисоблайман.
Манба: «Халқ сўзи»
- Қўшилди: 30.09.2019
- Кўришлар: 5705
- Чоп этиш