Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни кун тартибига қўйди. Ушбу ғояни амалда рўёбга чиқариш учун қуйидаги тўртта муҳим вазифани бажариш талаб этилади:
биринчи вазифа – аҳолининг жамоат ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш;
иккинчи вазифа – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш;
учинчи вазифа – фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ижтимоий ҳамкорлигини ўрнатиш;
тўртинчи вазифа – давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан кучли ва самарали жамоатчилик назоратини кучайтириш.
Мурожаатномадаги энг муҳим ташаббуслардан бири – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталарини ташкил этишдир.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 16 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва ҳар бир ҳудудда унинг бўлимлари ташкил этилаётгани улкан аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг "Народное слово" газетасининг шу йил 21 апрель сонида эълон қилинган "Жамоатчилик палатаси: фаоллик майдони" ("Общественная палата: концентрация активности") сарлавҳали мақоласида мазкур Фармоннинг мазмуни, моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз боради.
Хусусан, академик А.Саидовнинг қайд этишича, Жамоатчилик палатаси фаолиятининг ҳуқуқий асослари негизида аввало мазкур Фармон туради. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Бундан ташқари “Жамоатчилик назорати тўғрисида” ва “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар ҳамда ННТ тўғрисидаги кодекс ушбу соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ташкил этади.
Мутолаа учун «Народное слово» газетасининг 2020 йил 21 апрель сони pdf форматда ҳавола этилмоқда. Ушбу файл газета таҳририяти томонидан тақдим қилинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.04.2020
- Кўришлар: 4286
- Чоп этиш