АҚШда ҳар йили 4 июль санаси мустақиллик куни сифатида кенг нишонланади. Маълумки, 1776 йил 4 июль куни мустақиллик декларацияси қабул қилиниб, Америка Қўшма Штатлари ташкил этилган. Бугун ушбу воқеага 248 йил бўлди.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. Сўнгги йилларда ўзаро алоқалар стратегик шерикликнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Икки томонлама савдо, олий таълим ва илмий тадқиқот, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатларимиз ҳамкорлигини мустаҳкамлашда мамлакат раҳбарлари, қолаверса, элчилар муҳим роль ўйнайди. 2022 йил охирида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Жонатан Хеник ҳам қисқа муддатда айни жараённинг фаол иштирокчиларидан бирига айланди.
Эътиборли жиҳати элчи Хеник, халқ вакиллари, айниқса ОАВ ходимлари билан тез-тез, самимий мулоқот қилиб туради. Журналистлар билан учрашувларда у ҳар доим мулоқотга тайёрлиги, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга эътиборлилигини намоён этади, муайян жараёнга нисбатан муносабати, қарашини билдиради.
Англаганингиздек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг “Дипломатик ракурс” лойиҳаси орқали бу гал АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник билан суҳбатлашамиз.
– Элчи жаноблари, Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ҳақида қандай фикрдасиз? AҚШ билан ҳамкорликда ОAВ ходимлари малакасини ошириш бўйича қандай лойиҳалар амалга ошириш мумкин, деб ўйлайсиз?
– 2016 йилдан буён Ўзбекистон медиа маконида сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берди. Президент Мирзиёев таъкидлаганидек, давлатнинг халққа хизмат қилишини таъминлаш, амалдорлар масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган ҳар қачонгидан ҳам самарали, шаффоф механизм йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга оммавий ахборот воситаларига оид қонунларни такомиллаштириш, журналистларнинг, айниқса, нозик сиёсий масалаларда дадил фикр билдиришига эришиш учун ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар бор.
Ҳукуматингиз журналист ва блогерлар учун янада яхши шароит яратишда давом этади, деган умиддаман. Биз эса қўшма семинарлар ўтказиш мақсадида америкалик медиа экспертларини юртингизга олиб келишда давом этамиз. Шунингдек, илғор тажрибани ўрганиш ва алмашиш учун Ўзбекистондан журналист ва блогерларни AҚШга юбориш лойиҳаларини ҳам амалга оширамиз.
Менинг бу серқуёш заминга илк сафарим ўтган асрнинг 90-йиллари бошига тўғри келган. Ўшанда тарихий Самарқанд ва яна бир неча гўзал шаҳарларни зиёрат қилгандим. Энди эса элчи сифатида Ўзбекистонда ўзимни уйимдагидек ҳис қиляпман.
Эътироф этиш керак, кейинги йилларда мамлакат тубдан ўзгарди. Масалан, биз учун қувонарлиси, инглиз тилини ўрганаётган, тилимизда сўзлашаётганлар сони кескин кўпайган. Иқтисодиёт ўсишда давом этар экан, инглиз тили ёшлар учун муҳим кўникма бўлиб қолаверади. Элчихонамиз бутун мамлакат бўйлаб инглиз тилини ўқитишни кенгайтириш борасидаги ишларни қўллайди. Бир жиҳатга алоҳида урғу бериш мумкин. Юртингизда йиллар ўтса-да, ўзгармайдиган қадриятлар бор. Бу – ўзбек халқининг меҳрибонлиги, меҳмондўстлиги. Қаерга бормай, мени ўзаро муносабатни мустаҳкамлашга интилаётган самимий, кўнгли очиқ одамлар кутиб олади. Бундан жуда хурсанд бўламан.
– Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида қандай фикрдасиз? Сизнингча, қайси соҳалар эътибордан четда қолмоқда?
– Охирги бир неча ой ичида Ўзбекистонга AҚШ ҳукуматидан бир неча юқори даражали меҳмон келди. Уларнинг ҳаммаси иқтисодий имкониятни кенгайтириш, инсон ҳуқуқини илгари суриш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар дастури тўлиқ амалга оширилаётганини эътироф этди. Бу жараён халқнинг фаровонлиги, инклюзив келажагини рўёбга чиқаришда муҳим омилдир.
Табиийки, бирор қонунни қабул қилиш осон кечиши мумкин. Бинобарин, хатти-ҳаракатни ўзгартириш, янги қонунни амалиётда қўллаш осон бўлмайди. Масалан, сўнгги иқтисодий ислоҳотлар сармоявий муҳитни сезиларли даражада яхшилади. Натижада AҚШ бизнесининг мамлакатга қизиқиши ортди. Бу ислоҳотлар эътиборни тортаётгани белгисидир. Ҳали олдинда иш кўп. Кейинги ислоҳотлар Ўзбекистонга янада кўпроқ сармоя, техник тажриба олиб келади.
– Ўзбекистон ва AҚШ муносабатларида аввалги даврга нисбатан қандай ўзгариш юз берди?
– Ўзбекистон ва AҚШ ҳамкорлиги ҳозир ҳар қачонгидан мустаҳкам. Бу жараёнда ҳар куни янги натижага гувоҳ бўляпмиз. Хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш, таълим соҳасини ривожлантиришда дадил қадамлар ташланяпти. Икки томонлама кун тартибининг барча жабҳаларида ўсиш намоён. Тошкент ва Вашингтон келгусида ҳам ўзаро манфаатни илгари суриш ва янги имкониятлар яратиш йўлида ҳамжиҳатлик билан иш олиб боришга интилмоқда.
– Шерикликда амалга оширилаётган ишлар, самара бераётган лойиҳалар ҳақида гапириб берсангиз?
– Ўтган 32 йил мобайнида AҚШ ва Ўзбекистон биргаликда сезиларли муваффақиятга эришди. Кўплаб умумий лойиҳа ва ташаббуслар илгари сурилди. Президент Мирзиёев бошчилигидаги ислоҳотлар дастури амалга оширилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу қадамлар инсон ҳуқуқини, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган. Ўзбекистон ёшлари учун имконият ҳар томонлама кенгайтирилмоқда, ХХI аср муаммоларига ечим топиш учун зарур кўникма ва техник тажрибага эга замонавий ишчи кучи салоҳияти юзага чиқмоқда. Биз ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаётганимиздан фахрланамиз.
– Сир эмас, сўнгги йилларда ўзбекистонлик ёшлар орасида AҚШга бориб ўқиш истаги кескин кучайган. Шундан келиб чиқиб, таълим соҳасидаги ҳамкорлик мавзусига тўхталсак...
– Талабаларимиз ёнма-ён ўқиши ҳар икки давлатда ижобий муҳит шаклланишига хизмат қилади. AҚШ ҳукумати ўзбекистонлик талабаларни Қўшма Штатларга олиб келиш бўйича алмашинув дастурларини қўллаб-қувватлайди. Ҳозир университетлар кўмагида юртингизда америкалик талабалар ва олимлар сонини кўпайтириш устида ҳам ишлаяпмиз. Университетлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш, стипендия миқдорини оширишга ёрдам берамиз. Айниқса, AҚШ ўрта мактабларида ўқиб, мезбон оилалар билан яшаш назарда тутилган бир йиллик “Future Leaders Exchange” дастури диққатга сазовор. Бундай лойиҳалар туфайли ўзбекистонлик талабалар мамлакатга инновацион ғоялар билан қайтади.
Элчихонамиз Қўшма Штатларда ўқишни истаганларга бепул йўл-йўриқ кўрсатадиган “EducationUSA Advising Center” маслаҳат маркази фаолиятини йўлга қўйган. Марказ ҳар бир мурожаатчи учун мос университет топиш, уларга ҳужжат топшириш, кириш имтиҳонини топшириш ва Aмерикадаги талабалик ҳаётига тайёргарлик кўриш бўйича кўмак дастурларини тақдим этади.
– Сиёсатчи, дипломат сифатида дунёда содир бўлаётган нотинчлик хусусида қандай фикрдасиз? Уруш жаҳон, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
– Қўшма Штатлар урушлар келтириб чиқарадиган қийинчиликни, зиддиятлар Марказий Осиёдаги маҳаллий ҳаётга, тирикчилик воситаларига ҳам салбий таъсир кўрсатишини тан олади. Биз Марказий Осиёдаги ҳамкорларимизга иқтисодиётни диверсификация қилиш ва мустаҳкамлашда ёрдам беришга содиқмиз. Масалан, санкциянинг Россиядан бошқа давлатлар, жумладан, Марказий Осиёга таъсирини минималлаштириш устида ишлашда давом этяпмиз.
Хулоса шуки, Ўзбекистон ривожланишининг янги босқичидаги ташқи сиёсатда АҚШ алоҳида ўрин тутади. Ўзаро ҳурмат, бир бирининг миллий манфаатини инобатга олишга асосланган ҳамкорлик бундан кейин ҳам ривожланиб боришига шубҳа йўқ.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.
- Қўшилди: 04.07.2024
- Кўришлар: 1428
- Чоп этиш