21 июль кууни “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва барқарор ижтимоий тараққиёт: COVID-19 асоратларидан кейин самарали тикланиш” мавзуида видеоконференцалоқа шаклида халқаро форум бўлиб ўтди. Унда парламент палаталари, тегишли вазирлик ва идоралар, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган тузилмалари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтказилган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер тадбирга модераторлик қилди.
Форумда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева, Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов табрик сўзи билан чиқиш қилди. ЖССТ Бош директори Т. Гебрейсус, ЮНEСКО Бош директори О. Азуле, ЖССТнинг минтақавий директори доктор Ханс Клюге, ХМТ Бош директори ўринбосари ҳамда Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Хайнц Кёллер ва бошқалар томонидан анжуман иштирокчиларига видеомурожаат йўлланди.
ЖССТ Бош директори Т. Гебрейсус маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат каби ижтимоий тараққиёт соҳаларини таҳлил этиш бўйича Иккинчи глобал муҳокамаларни ташкил этгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.
Т. Гебрейсус ўз видеомурожаатида: “Пандемия бизга соғлиқ ҳашамат белгиси эмаслигини эслатиб қўйди. Бу иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий барқарорлик асосидир. У фавқулодда вазиятларга тайёрлик ва унга жавоб беришни таъминлашга инвестиция умумий келажагимиз учун сармоя эканлигини англатиб қўйди. Соғлиқни сақлашнинг асосий хизматларидан фойдаланиш учун имконият яратишни қўллаб-қувватлаш COVID-19дан кейин мамлакатларнинг қайта оёққа туришида ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, дея таъкидлади.
ЮНEСКО Бош директори Одре Азуле ҳам тадбир қатнашчиларини қутлаб, таълим мақсадлари учун кўмак бериш яна кучайтирилаётган бўлса-да, бугунги кунда COVID-19 пандемияси бизни бир неча йил ортга қайтариб юбориш таҳдидини юзага келтираётганини қайд этди.
Бинобарин, О.Азуле таъбири билан айтганда, “Пандемиянинг бузғунчи оқибатларига дуч келган эканмиз, таълим эҳтиёжлари учун ёрдам, шубҳасиз, ҳар қачонгидан ҳам кўра муҳимдир. Мамлакатларга пандемияга қарши курашиш учун қўшимча маблағлар керак бўлади ва таълим ҳам кўмак бериш, ҳам миллий миқёсда маблағ ажратиш ҳажмлари нуқтаи назаридан устувор йўналишга айланиши шарт. Бу таълим соҳасидаги Глобал мақсадларимиз — БРМ-4га эришишдан ортда қолишдан қочишимиз учун керак”.
ХМТ Бош директори ўринбосари Хайнц Кёллер эса видеомурожаатида шундай деди: “Пандемия — бу нафақат соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқироз, балки бутун дунёда иқтисодиёт ва жамиятнинг чуқур ларзага келишидир. Мазкур кризис бизни муносиб меҳнат ва БРМнинг шу билан боғлиқ 8-мақсадига эришишдан узоқлаштириш хавфини пайдо қилади”.
Х. Кёллернинг сўзларига қараганда, ХМТ бутун минтақа, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам коронавируснинг меҳнат бозорига таъсирини баҳолаш бўйича ишлар олиб боряпти. Эксперт Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича кузатилаётган ўсишга юксак баҳо берди. У муносиб меҳнат бўйича янги дастур ишлаб чиқиш йўли билан Ўзбекистон ҳукуматининг БРМ мақсадларига эришишини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Ушбу дастур Барқарор ривожланишнинг 1- ва 8-мақсадларини рўёбга чиқаришга йўналтирилади.
БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТРД Маъмурининг махсус маслаҳатчиси Абдулла Мар Дьейе ўз видомурожаатида қайд этганидек, “Пандемия Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга қаратилган эътибордан чалғитмаслиги ва охирги ўн йилликда қўлга киритилган натижаларга дахл қилмаслиги керак. Шунингдек, ушбу инқироз юзага чиқарган долзарб масалалар, хусусан, нотенглик ва беқарор ўсиш, бошқаришдаги ўзаро боғлиқ муаммолар, иқлим ўзгариши, тўртинчи саноат инқилоби тараққиёти ва имкониятлари учун оқибатларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик зарур”.
Эслатиб ўтамиз, форум иши 4-ишчи сессия доирасида ташкил этилди. Унда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ижтимоий ривожланиш, маданият, соғлиқни сақлаш ва меҳнат муҳофазасига оид кенг кўламдаги масалалар кўриб чиқилди.
ЮНEСКО вакили, ушбу ташкилот Бош директорининг маданият бўйича ўринбосари Эрнесто Оттон Рамирес, ЖССТнинг юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва уларга қарши курашишни Глобал мувофиқлаштирувчи механизм бўйича департаменти директори С. Далил, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Бюроси директори ўринбосари Холуд ал-Халди ҳам онлайн анжуманда қатнашди.
Ушбу халқаро мутахассислар БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари, шунингдек БМТга аъзо илғор давлатларнинг барқарор ижтимоий тараққиётни таъминлаш, жумладан, глобал пандемия шароитида ҳам бу мақсадга эришиш бўйича тажрибалари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.
Форумда Ўзбекистон томонидан соғлиқни сақлаш, маданият, иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари маърузачилар сифатида қатнашди.
Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш мақсадлари Кун тартиби ижроси, Ўзбекистоннинг пандемиядан кейин БРМни амалга ошириш, маданий меросни БРМга эришишдаги роли ва ҳиссаси, барқарор ижтимоий ривожланишни таъминлаш мақсадида барча учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш зарурлиги тўғрисидаги нуқтаи назари форум иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
Анжуманда БМТнинг юқори даражадаги Сиёсий форуми доирасида тақдимоти бўлиб ўтган мамлакатимизнинг биринчи Миллий ихтиёрий маълумотлари асосий мазмуни, шунингдек, 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига Ўзбекистон номзодини илгари суриш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга оид ахборот ҳам тақдим этилди.
Ўз навбатида, муҳокамалар иштирокчилари республикада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимидаги ислоҳотлар, шунингдек COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида батафсил бохабар қилинди.
Коронавирус туфайли келиб чиққан глобал инқироз ва аҳоли саломатлигининг ёмонлашиши, соғлиқни сақлаш тизимидаги узилишлар, иш ўринлари, айниқса, иқтисодиётнинг норасмий секторида қисқариб кетиши каби ўсиб бораётган фундаментал таҳдидларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистонда ижтимоий тараққиётни таъминлаш бўйича ташланаётган қадамларни эътироф этган ҳолда, амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла уйғун келишига урғу бердилар.
Маълумот учун: Ушбу халқаро форум БМТ Низоми имзоланган куннинг 75 йиллигига бағишланган иккинчи халқаро анжумандир. У Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан “БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар” глобал муҳокамалари доирасида ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.07.2020
- Кўришлар: 4290
- Чоп этиш