Камбағал оилаларга 22,5 млн сўм грант, ижтимоий картага “кўчаётган” қоғозбозлик ва етим болаларга ғамхўрлик – 1 апрелдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Камбағал оилалар қўллаб-қувватланади 

Президентнинг тегишли фармони билан 2025 йил 1 апрелдан Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг янги инструментларини жорий этиш кўзда тутилган.

 

Унга кўра, ушбу тоифадаги оилалар учун “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги янги инструментлари жорий этилади:

  • камида 3 нафар хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифалари бандлиги ҳамда ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун тегишинча “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Саховат ва кўмак” жамғармалари ҳисобидан БҲМнинг 60 бараваригача грантлар ажратиш;

“Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан:

  • ногиронлиги бўлган ёшларга параспорт тўгаракларига қатнашиши учун йўл ҳақи харажатларини ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда қоплаб бериш;
  • 6 ой давомида мунтазам равишда спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун қиймати БҲМнинг 10 бараваридан ошмайдиган махсус спорт форма, инвентар, мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш;
  • ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқа техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган оилаларга уй-жойларини тиклаш ва таъмирлаш харажатларини қоплаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали БҲМнинг 150 бараваригача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатиш.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса — ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилади. Бунда маданий-маърифий, таълим, спорт ва туризм тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари тушумларининг 25 фоизидан кўп бўлмаган қисмини йўналтиришга рухсат берилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун тўланадиган ссуда ва субсидиялар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб эса «Аёллар дафтари» жамғармалари орқали тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар ўрнига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилалар учун назарда тутилган нафақалар тўланади. Бунда тегишли нафақаларни тайинлаш ва тўлаш учун 6 ой муддат давомида Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзоларининг бандлиги таъминлангани ҳолати инобатга олинмайди.

Ижтимоий транспорт хизмати йўлга қўйилади

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизмати лойиҳаси 2025 йил 1 апрелдан Тошкент, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида пилот лойиҳа сифатида, 2025 йилнинг якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади.

Лойиҳа доирасида ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатлари, шу жумладан, ушбу муассасалардаги «ғамхўрлик» гуруҳларида, умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида ҳамда реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида таълим олувчи кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган болаларга транспорт хизматлари кўрсатилади. 

Ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизматидан фойдаланганлик учун умумий миқдори ҳар бир ўқувчига бир ойда БҲМнинг 1,2 бараваридан ошмайдиган миқдорда, Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ўқувчилар учун ҳар бир қатнов тўловининг 100 фоизини, Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилмаган оилалардаги ўқувчилар учун ҳар бир қатнов тўловининг 60 фоизини субсидия шаклида қоплаш назарда тутилган.

Субсидия шаклидаги тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизмати йўналишсиз таксида йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи агрегаторлар томонидан кўрсатилади. Хизмат фақат Агентлик томонидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида электрон шаклда юритиладиган Транспорт хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилиши кўзда тутилган. 

Ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизматидан фойдаланиш бўйича буюртмалар Транспорт хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлик субъектларининг мобил иловалари орқали берилади. Шунингдек, хизматнинг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши агентлик ҳузуридаги «Ахборот технологиялари маркази» давлат муассасасининг Call-маркази томонидан ушбу хизматдан фойдаланувчи шахслар ўртасида сўровнома ўтказиш орқали мониторинг қилинади.

Айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади

2025 йил 1 апрелдан қатор субъектларнинг фаолият йўналишлари бўйича эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади. Бу “Иқтисодиётда рақобатни ривожлантириш ва хусусий секторнинг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида қайд этилган. 

Фармонга кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар бир ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат ташкилотларига муайян товарларни ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш) ёки сотиш ёхуд сотиб олиш, шунингдек, ягона операторлик хизматларини кўрсатиш учун қуйидагилар асосида тақдим этилган мутлақ ҳуқуқ эксклюзив ҳуқуқ сифатида эътироф этилади:

  • қонунчилик ҳужжатлари билан истисно тариқасида берилган рухсат (ҳуқуқ);
  • умумий тартибдан ташқари равишда берилган якка тартибдаги лицензия (рухсатнома).

Бунда танлов (тендер) асосида тақдим этилган лицензиялар (рухсатномалар) эксклюзив ҳуқуқ сифатида эътироф этилмайди.

2025 йил 1 апрелдан эксклюзив ҳуқуқ хўжалик юритувчи субъектларга қонунлар ва президент фармон ва қарорлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга фақат қуйидаги мақсадлар учун берилади:

  • конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, Ўзбекистон мудофаа қобилиятини, давлат ва жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш;
  • табиий офатлар, ҳалокатлар ва эпидемияларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш.

2025 йил 1 апрелдан қуйидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолият йўналишлари бўйича эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади:

  • “Ўзбекэкспертиза” АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкка сертификат бериш бўйича;
  • “ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича;
  • “Миллий PR-маркази” ДУКнинг Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилишга йўналтирилган хорижий компанияларнинг продюсерлик ва реклама хизматларини, хорижий телерадиокомпаниялар ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг рекламалари, репортажлари ва бошқа роликларини тайёрлаш ва трансляция қилиш бўйича;
  • Sag agro МТП МЧЖнинг ёнғоқ ишлаб чиқарувчиларга агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича механизация хизматларини кўрсатиш бўйича;
  • “Ўзбекистон стандартлар институти” давлат муассасасининг миллий стандартларни шартнома асосида бошқа тилларга таржима қилиш бўйича.

Маҳаллаларда оила шаклидаги болалар уйлари ташкил этилади

2025 йил 1 апрелдан бошлаб ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш мақсадида маҳаллаларда оила шаклидаги кичик ҳажмли болалар уйлари ташкил этилади. Бу президентнинг 2024 йил 14 ноябрда қабул қилинган “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўрсатиб ўтилган.

Фармон билан 2025 йил 1 апрелдан бошлаб ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш жараёнига нодавлат секторни жалб этишнинг қуйидаги тартиби жорий этилиши белгиланган:

  • нодавлат ташкилотлар томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш қонунчиликка мувофиқ агентлик билан тузиладиган давлат ижтимоий буюртмаси, аутсорсинг ёки бошқа турдаги шартномалар асосида амалга оширилади;
  • нодавлат ташкилотлар томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш учун жойлаштириладиган болалар сони агентлик томонидан белгиланади;
  • нодавлат ташкилотлар томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик қилиш ҳамда тарбиялаш хизматининг кўрсатилиши «Инсон» марказлари томонидан мониторинг қилинади;
  • агентликка етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга узоқ ёки қисқа муддатли ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш бўйича давлат ижтимоий буюртмаси, аутсорсинг ва бошқа турдаги шартномалар бўйича харажатларни Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга рухсат берилади.

Яшил энергия учун “Яшил тариф”

2025 йил 30 январ куни президентнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони қабул қилинганди.

Ҳужжатда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун «яшил тариф»лар жорий этилиши белгиланган. 

Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан чиқинди ва биогаз утилизацияси орқали ишлаб чиқариладиган ҳамда ташкилотларнинг ўз ҳудудларида ўрнатган шамол ва қуёш электр қурилмаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун, шунингдек, аҳолининг қуёшдан олинган ва фойдаланишда ўз эҳтиёжидан орттириб, давлатга сотадиган электр энергияси учун имтиёзли тарифлар белгиланиши қайд этилган.

Дори воситаларига референт нарх шакллантирилади

2025 йил 1 апрелдан бошлаб рецепт билан бериладиган маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими жорий этилади. Бу давлат раҳбарининг тегишли қарорида белгилаб қўйилган.

Унда қуйидагилар кўзда тутилади:

  • аҳоли жон бошига нисбатан даромадлар даражаси юқори, ўртачадан юқорироқ ва ўртачадан пастроқ бўлган давлатлар гуруҳига кирувчи камида 10 та референт мамлакатларни танлаш;
  • дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда айни бир ишлаб чиқарувчининг худди шундай фаол моддага эга дори воситасининг ишлаб чиқарувчи мамлакатда, референт мамлакатларда ва Ўзбекистон Республикасида сотиш нархларини рўйхатдан ўтиш гувоҳномаси эгаси ёки унинг ишончли вакили томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилиши;
  • дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситасининг ҳар бир савдо номи учун белгиланган энг юқори нархини қайд этиш. Бунда дори воситасини ушбу қийматдан юқори нархларда Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш (импорт дори воситалари учун) ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилиши (маҳаллий дори воситалари учун) мумкин эмас;
  • тиббиёт амалиётида қўлланишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрига киритилган дори воситаларининг референт нархларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ариза берувчининг тегишли ариза тақдим этишидан қатъи назар қайд этиш.

 Бошқа ўзгаришлар

2025 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • Тошкент шаҳрида, тажриба тариқасида кўп квартирали уй-жойларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш ҳамда архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш жараёнлари бирлаштирилади ҳамда бунинг ҳисобига ушбу ишлар учун талаб этиладиган вақт 2 бараварга қисқартирилади;  
  • юридик ва жисмоний шахсларни Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш учун аризалар Давлат хизматлари маркази ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади;
  •  ҳар ойда 1 та ҳудудда «инвестор кун»лари ташкил этилади ҳамда ҳудуддаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилади;
  • озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳалари учун маҳаллий бюджетдан бериладиган «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби жорий этилади;
  • 2028 йил 1 январга қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан давлат бюджетига тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини ҳар ойнинг 25 санасига қадар қайтариш тартиби жорий этилади. Ушбу тартиб ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ҳамда тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадининг камида 90 фоизини ташкил қиладиган чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига нисбатан татбиқ этилади;
  • 2028 йил 1 январга қадар янги ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги ва доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш кооперативлари учун ижтимоий солиқ ҳамда уларга ишга қабул қилинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади
  • пахта хомашёси ва ундан тайёрланган барча турдаги маҳсулотлар бўйича электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилганда бир вақтнинг ўзида товар-транспорт юк хатини ҳам расмийлаштириш талаб этилади;
  • даромадидан қатъи назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини тўловчилар деб эътироф этилади;
  • ижтимоий карта транспорт картаси, шу жумладан, жамоат транспорти учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шаҳар йўналишлари бўйича тариф режаларидан фойдаланган ҳолда имтиёзли транспорт картаси вазифасини бажаради. Бу ижтимоий картанинг транспорт картаси ҳамда имтиёзли транспорт картаси вазифалари «Автоматлаштирилган тўлов тизими оператори» МЧЖ билан интеграция қилиш орқали амалга оширилади;
  • «Турон» мактаб театрининг ижобий тажрибаси асосида мактабларда «Иқтидор» бадиий ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилиб, жамоалар ўртасида «Иқтидор мактаб ансамбли» республика танлови ўтказилади
  • олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари соҳасидаги фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига эга бўлган хорижлик профессор-ўқитувчилари, шунингдек, IT-парк резиденти мақомини олган юридик шахснинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи жисмоний шахс ёки коллегиал ижро этувчи органининг раиси ҳамда уларнинг ўринбосарларига ҳам «IT-visa» берилади;
  • Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида эксперимент тариқасида аутсорсинг асосида Камбағал оилалар реестрига киритилган боқувчисини йўқотган тўлиқ бўлмаган оилалар, меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар, икки ва ундан ортиқ ногирон аъзолари мавжуд оилалардаги ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати кўрсатилади;
  • фуқароларни ТИЭК кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади;
  • дори воситалари ва тиббий буюмлар харидлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ лотларга бўлган ҳолда амалга оширилади;
  • босқичма-босқич ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчилар гувоҳномалари, уруш қатнашчилари ёки уларга тенглаштирилган шахслар гувоҳномаларининг қоғоз шакли ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилинади.
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech