Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида «Шароф Рашидовнинг “Икки дил достони” деган гўзал асарини ҳаммамиз севиб ўқиганмиз. Менинг назаримда, чинакам севги ва садоқат достони бўлмиш бу асарда Шароф ака ва у кишининг меҳрибон рафиқаси, оқила ва мунис ўзбек аёли Хурсаной опанинг ибратли ҳаёти ва тақдири мужассам бўлгандек туюлади» деб таъкидлаганди.
Адабиёт ихлосмандлари ҳалқимизнинг буюк фарзанди, йирик давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг бетакрор истеъдоди билан эзгу қадриятларни тараннум этган роман ва қиссалар, шеър ва достонлар муаллифи ҳам эканлигини жуда яхши билишади. Адибнинг катта наср намуналари бўлган «Ғолиблар», «Бўрондан кучли», «Қудратли тўлқин» романлари билан бир қаторда «Самарқанд куйлари», «Ўлкам», «Орзуимиз», «Қаҳрим» шеърий тўпламлари, «Чегарачи» достони, «Кашмир қўшиғи», «Комде ва Мудан» лирик қиссалари нашр этилган.
Яқинда Шароф Рашидов номидаги халқаро жамоат фонди томонидан «Нисо полиграф» нашриётида унинг «Севги билан ғолибман ҳар он!» шеърий китоби чоп этилди. Ушбу китобдан атоқли адибнинг ўқувчиларга яхши таниш бўлган шеърлари билан бирга матбуотда ҳали эълон қилинмаган янги назмий асарлари ҳам ўрин олган.
Академик Акмал Саидовнинг "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасининг 2020 йил 22 май сонида эълон қилинган “Севги билан топарман зафар" сарлавҳали мақоласида ана шу китобнинг мазмуни ва моҳияти мухтасар талқин этилган.
Муаллиф қайд этганидек, Шароф Рашидовичнинг жуда масъулиятли, ҳамиша ҳам текис бўлмаган ҳаёт йўлларида, айниқса, бу буюк инсон вафот этганидан кейин унга туҳмат ва маломатлар ёғилган йилларда турмуш ўртоғи Хурсаной Ғафуровнанинг донолиги ва оқилалиги, чуқур мулоҳазакорлиги, метиндек иродаси доимо қўл келган. Ёрига ҳамиша ғолиблик бахш этиб келган Хурсаной опа умр бўйи Шароф Рашидов билан ҳамнафас бўлиб, ҳаётнинг барча синовларига матонат билан бардош бериб, энг оғир дамларда ҳам умр йўлдошига содиқ бўлиб яшади.
2020 йилда Хурсаной Ғафуровна таваллуд топганига 100 йил тўлди. Қирғинбарот урушнинг қонли жанггоҳларида битилган ва “Севги билан ғолибман ҳар он!” дея хитоб қилинган муҳаббат изҳорларини ўзида жамлаган янги назмий китоб ана шу муборак санага муносиб совғадир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.05.2020
- Кўришлар: 4361
- Чоп этиш