Мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирусни юқтириб олган беморлар саломатлигини тиклаш юзасидан зарур вазифалар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи жорий этилди.
Шу муносабат билан 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларнинг уйидан ташқарига чиқиши қатъиян ман қилинди. Улар зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишлари мумкин.
Бундай қарорга дуогўй отахону онахонларимизнинг ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш эмас, балки бевосита уларнинг соғликларини асраб-авайлаш нуқтаи назаридан келинди. Бу қатъий тартиб аҳоли, айниқса, ёши улуғ инсонларни COVID-19 эпидемиясидан ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Бунда, бир томондан, нуронийларимизни ҳамиша эъзозлаш билан боғлиқ миллий қадриятларимиздан келиб чиқилган бўлса, иккинчи томондан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Хитой, Жанубий Корея каби коронавирусга қарши курашишда муайян тажрибага эга мамлакатлар мутахассисларининг тавсия ва маслаҳатларига таянилди. Бинобарин, афсуски, бутун дунё бўйича ушбу инфекцияни юқтириб вафот этаётганлар орасида асосан ёши улуғ инсонлар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Халқаро олимлар гуруҳи Пекин тиббиёт марказида ўтказган тадқиқотлари натижасида аниқланишича, соғайиб кетган беморлардан ярми касалликлар аломатлари йўқолгандан кейин ҳам 1 кундан 8 кунгача вирус тарқатиши давом этган. Бундан ташқари, олимларнинг фикрича, кексаларда вирус янада кўпроқ муддат қолиши мумкин. Шу сабабли халқаро олимлар гуруҳи шифокорларни беморлар ортидан улар шифохонадан чиқарилгач ҳам кузатув олиб боришга чақиришган.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги карантин даврида кексалар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимояси юзасидан тегишли чораларни кўрмоқда. Хусусан, карантин даври бошидан 31 мартга қадар кекса ва ногиронларнинг заруратсиз уйдан чиқмасликларини таъминлаш учун уларнинг 40 минг 39 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари, 101 минг 310 нафарига нафақалари яшаш манзилига етказиб берилган.
Тиббиёт ходимлари бу касаллик улуғ ёшли инсонларда оғир кечиши ҳақида доимий огоҳлантириш ва тушунтириш беришмоқда. Бу борада оммавий ахборот воситалари фаол тарғибот олиб бормоқда. Ёлғиз яшовчи, қаровга муҳтож кекса ва ногиронларнинг ош-овқати, дори-дармонидан хабардор бўлиш учун маҳалла ходимлари, қўни-қўшнилар жалб этилган.
Шу билан бирга, коронавирус инфекциясига қарши кураш асносида кўплаб юртдошларимиз ва қатор жамоат ташкилотлари шахсий ташаббус кўрсатиб чиқишаётганига ҳам алоҳида тўхталиш лозим. Улар томонидан ўтган даврда эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламига кўмак бериш учун турли хайрия акциялари уюштирилгани таҳсинга лойиқдир.
Эл бошига иш тушган синовли кунларда фуқароларимизнинг бир-бирига меҳр-оқибат ва мурувват кўрсатаётгани, шубҳасиз, жамиятимизда бирдамлик ва жипслик, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик фазилатлари янада кучайганидан далолат беради. Айни чоғда, мутахассисларнинг фикрича, бу турдаги акциялар давомида COVID-19 вирусининг янада кенг тарқалиш хавфи жуда юқори бўлади.
Мамлакатнинг ҳозирги эпидемиологик ҳолатида санитария-гигиена қоидалари ва карантин талабларини четлаб ўтиб, якка тартибда хайрия тадбирларини амалга ошириш аҳоли, айниқса, нуронийлар ҳаётини жиддий хавф остига қўяди. Шу боис бу каби якка тартибдаги хайрия акциялари 1 апрелдан эътиборан вақтинча тўхтатилди.
Республика махсус комиссияси ахборотида қайд этилишича, эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли етказишга кўмаклашиш учун бундай тадбирлар эндиликда марказлашган тартибда амалга оширилади. Шу мақсадда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди.
Бугунги кунда дунёнинг 180 мамлакати ва ҳудудида коронавирус мавжуд. Тўғри, жаҳон миқёсида COVID-19 вирусидан вафот этиш ҳолатлари ёшларга нисбатан кексаларда кўпроқ учрамоқда. Бироқ бу фақат кексалар вирус юқтиради дегани эмас. Хусусан, Statista.com сайти маълумотларига қараганда, Германияда вирусга чалиниш ҳолати энг кўп 15 ёшдан 59 ёшгача бўлганлар орасида кузатилмоқда.
Бундан ташқари, ёш тоифасига қараб гуруҳланиш бўйича бир мамлакатдаги аҳвол бошқа мамлакатдаги аҳволга ўхшамайди. Масалан, Италияда 51 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар орасида коронавирус билан касалланганлар кўпчиликни ташкил этади. Касаллик, асосан, 65 ёшдан юқори беморларнинг ўлимига сабаб бўлаётгани учун мазкур мамлакатда кекса беморларни ҳатто касалхонага қабул қилмасликкача боришга мажбур бўлишди.
Шу ўринда Интернетда тарқалган бир қиёсга эътиборингизни қаратамиз. Гап шундаки, Италияда кўп одам вафот этаётганининг асосий сабабларидан бири сифатида мамлакатда қариялар сони кўплиги келтирилмоқда. Аммо аҳолиси орасида қариялар сони кўплиги бўйича дунёда Япония етакчи ҳисобланади. Кунчиқар юртда 130 миллионга яқин одам яшайди. Уларнинг 36 миллиондан кўпи 65 ёшдан катта инсонлар. 70 ёшдан ошганлар сони эса 27 миллионни ташкил қилади.
Италияда 65 ёшдан катталар аҳолининг 22 фоизини ташкил қилса, Японияда бу кўрсаткич 31 фоиз атрофида. Италия аҳолиси (61 миллион) Японияникидан (130 миллион) икки баробар кам. Яъни, Японияда кекса ёшдаги кишилар сони Италиядагига қараганда анча кўп. Кунчиқар юртда эркаклар ўртача 80, аёллар эса 84 йил умр кўради. Шундай бўлса-да, коронавирус Японияга катта талафот келтира олмади.
Ўтган куни Интернетда испан гриппидан ва жаҳон урушидан омон чиққан 101 ёшли италиялик отахон коронавирусни ҳам енггани ҳақида хушхабар тарқалди. Расмий статистикага кўра, эндиликда у COVID-19 вируси юқишидан тузалиб чиққан дунёдаги дастлабки энг кекса одамга айланди.
Нидерландияда нашр этиладиган NL Times газетаси ҳам куни кеча 101 ёшга тўлган аёл коронавируснинг янги турини юқтирганидан сўнг тузалиб, касалхонадан чиқарилгани ҳақида маълум қилди. У даволанган шифохона пулмонологининг эътироф этишича, ушбу жасур аёл ижтимоий қоидалар, тартиб ва интизомга қатъий риоя қилгани учун шундай ижобий натижага эришган.
Ростини айтганда, 100 ёшдан ошган аёл ва эркакнинг COVID-19 вируси панжасидан омон қолганини кўпчилик фавқулодда камёб ҳодиса деб баҳолаши мумкин. Шунга қарамай, бу каби ҳайратланарли ҳолатлар сайёрамиз бўйлаб қўрқинчли ва қаттол пандемия кенг тарқалаётган бугунги мураккаб даврда ҳам одамзот яшаб қолишига, энг муҳими, кўринмас душманни яқин орада албатта енгиб чиқишимизга умид ва ишонч бағишлайди.
Шундай қилиб, жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалиши ҳисобига кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам инсонлар ҳаракатланишини муайян даражада чеклашга тўғри келмоқда. Бинобарин, бугунги вазият ҳаммамиз учун бир синов давридир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам фақатгина аниқ мақсад, дадил қадам эртанги кунимиз манзилини белгилайди ва биз бу синовни ҳамжиҳатлик билан енга оламиз.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 02.04.2020
- Кўришлар: 4610
- Чоп этиш