ЮНЕСКОнинг 1995 йил 15 ноябрдаги 28-сессияси қарорига мувофиқ, 23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни деб эълон қилинган. Бу йил таъсис этилганига 25 йил тўладиган ушбу халқаро сана 1996 йилдан буён дунё миқёсида, жумладан Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаб келинмоқда.
Китоб ва китобхонлик, ижод ва ижодкорлик, маданият, маънавият ва маърифатни тарғиб этишга қаратилган бу муҳим сана жорий йилда мамлакатимизда иккита таъсирчан воқеа билан узвий боғлиқликда кутиб олинмоқда. Булардан бири — қувончли бўлса, иккинчиси — анчайин серташвиш ва қайғули эканидан кўз юмиб бўлмайди.
Аввало, мамнун этадиган воқеага тўхталамиз. Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида 2020 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарорда таъкидланганидек, мамлакатимизда матбаа ва ноширлик соҳасини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, босма маҳсулотлар бозорини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, матбаа ва ноширлик соҳасида ҳозирги кундаги ишлар аҳволи ушбу тизимдаги ташкилотлар ўртасида рақобат муҳитини кучайтиришни тақозо этади. Муаллифлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, сифатсиз матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини чеклаш, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этиш тартибини қайта кўриб чиқиш масалалари ҳам долзарб бўлиб турибди.
Шунинг учун Президентимиз қарорида бу борадаги 3 та асосий мақсад кўзда тутилгани ғоят аҳамиятлидир. Яъни мазкур ҳужжатда, биринчидан, ноширлик ва матбаа соҳасида давлат аралашувини кескин камайтириш, иккинчидан, соҳада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, учинчидан, таълим муассасалари учун сифатли дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар етказилишини таъминлашга доир бир қатор вазифалар белгиланган.
Кейинги даврда мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ўтган йили давлатимиз раҳбари томонидан бешта муҳим ташаббус илгари сурилди.
Шу ташаббусларнинг тўртинчиси айнан китоб ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилгани бежиз эмас. Ушбу ташаббус доирасида ташкил этилган китобхонлик клубига 264 минг ўқувчи аъзо бўлди. Қолаверса, бир йил ичида “Book challenge” доирасида 600 мингдан ортиқ китоб умумтаълим мактабларига совға қилинди.
Давлатимиз раҳбари китобсиз, яъни илмсиз фаровон келажакка эришиб бўлмаслигига ўз вақтида эътибор қаратди. Хусусан, 2017 йил 12 январда Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши имзоланганди. Ўтган вақт ичида бу йўналишда жуда катта ишлар амалга оширилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари айни соҳадаги ислоҳотларнинг изчиллигига кенг йўл очди.
Янгиланаётган Ўзбекистон учун мамлакатимизда ноширликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берган янги қарор айниқса беқиёс аҳамиятга эга. Чунки бугун китобхонликка, мутолаа маданиятига эътибор кучайгани муносабати билан китобхонлар учун сифатли ва бадиий жиҳатдан пишиқ, тафаккурни бойитадиган ва ақлни пешлайдиган китобларни нашр этиш талаби кун тартибига чиқди.
Соҳа мутахассисларининг эътироф этишича, Президент қарорининг изчил ижроси мамлакатимизда ноширлик, китобхонлик ва китоб савдосининг ривожланишига улкан ижобий таъсир кўрсатади. Бу эндиликда Ўзбекистонда ҳам ноширлик жаҳондаги илғор мамлакатларда синалган замонавий усуллар асосида ривожланаётганининг ўзига хос тасдиғидир.
Айниқса, ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиблари бекор қилиниб, фаолиятни бошлаганлик ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш тизими йўлга қўйилгани диққатни тортади. Бундай янги тизим шу вақтга қадар тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган том маънодаги эркинлик, деганидир.
Мавжуд нашриётлар ўз фаолият йўналишларини кенгайтириши осонлашди. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда нархлар давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилингани эътиборга лойиқ. Китоб нашрини енгиллаштириш, сифатли ва юқори савияли нашрларни рағбатлантириш эса яқин келажакда ўз меваларини бериши шубҳасиз.
Энди бу йилги Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни байрами Сovid-19 пандемияси дунё бўйлаб кенг тарқалаётган қалтис даврга тўғри келгани ҳақида мухтасар тўхталамиз. Бинобарин, бугунги кунда коронавирус нафақат юртимизни, балки бутун дунёни ташвишу хавотирга солаётганини барчамиз кўриб турибмиз.
Ўзбекистон Президентининг қатъий позицияси, халқпарвар сиёсати, қабул қилаётган оқилона фармон ва қарорлари пандемияни жиловлаш ва унинг салбий таъсирини юмшатишга кучли замин яратмоқда. Ёшларнинг таълимдан узилиб қолмасликлари, фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан барча чора-тадбирлар кўрилаяпти.
Карантин даврида кўчага чиқмасдан уйда қолиш, бўш ўтирмаслик, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишда давом этиш, илмий ва бадиий асарларни мутолаа қилиш ёшларнинг асосий кундалик иши бўлиши керак. Нега деганда, бу дамлар мутолаа учун қулай фурсатдир. Китоб мутолааси вақтида барча қийинчиликларни унутади киши. Энг асосийси, китоб кишига маънавият, зиё улашади.
Бугун коронавирус хуружи боис инсоният Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир кулфатга дучор бўлиб турибди. Олимлар, мутахассислар, айниқса, шифокорлар одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун кўринмас ёв билан тенгсиз жангга киришган.
Бу курашда ғолиб чиқишимиз ҳар биримизга бевосита боғлиқ. Шундай экан, юзага келган бугунги мураккаб вазиятни тўғри ҳис этиб, давлатимиз раҳбарининг халқимизга мурожаатларида айтилган талабларга сўзсиз риоя қилишимиз, белгиланган вақтинчалик қоидаларни бузмаслигимиз, ўзимизни, оила аъзоларимизни, нуроний отахон-онахонларни, азиз фарзандларимизни вирус хуружидан сақлаб қолишимиз зарур.
Бунинг учун, шубҳасиз, мақсадсиз кўчага чиқмаслигимиз, айни чоғда, уйдаги вақтимизни беҳуда ўтказмаслигимиз керак. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни кузатиб бориш билан бир қаторда, оила аъзолари билан мулоқот қилиш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш, набираларга эртак китоблар ўқиб бериш, жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара асарларини мутолаа қилиш ҳам ижтимоий фаолликка киради.
Китоб ўқишда ҳикмат кўп. Кенг дунёқараш ва билимга эга бўлишда китобнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Китоб инсонни интизомли қилади. Нафсни енгишга ва каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишга ўргатади. Китоб ўқиган киши қонунларга итоат қилиш кераклигини англайди.
Китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Ҳозирги кунда унинг долзарблик кўлами янада ортган. Чунки “Сovid-19” деб ном олган тождорвирус қисқа муддат ичида XXI асрда яшаётган, техника-технология юксак тараққий топган инсоният жамиятини шошириб қўйди. Маърифат, жумладан, китоб мутолааси эса кишини фикрлар, ўй-ташвишлар жангида ғолиб чиқишга чорлайди.
Бугунги тараққий этаётган техника даврида кўпчилик мутолаага вақт ажрата олмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай вақтда ҳам китоб ўқишга вақт топган инсон ютади. Ишончимиз комилки, бу синовли кунларни енгиб ўтамиз. Бир нарсани унутмаслигимиз керак, яқинларни китоб ўқишга даъват қилиш уларга яхшилик тилаш ҳисобланади.
Қизиқ ҳолат: куни кеча Буюк Британияда коронавирус туфайли китобсеварлар сони кўпайиб кетгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Мамлакатда қоғоз китоблар, асосан салмоқли мумтоз ва замонавий романлар савдоси 35 фоизга ошди, деб ёзибди The Guardian нашри. Мазкур нашр шарҳловчилари ушбу ҳолатни одамларда бўш вақт кўпайгани билан изоҳламоқда.
Британиянинг Waterstones савдо тармоғи 22 март куни ходимларининг харидорлар кескин кўпайиши сабабли коронавирусга чалиниш хавфи ошиши бўйича шикоятидан кейин китоб дўконларини ёпишга мажбур бўлган. Шунингдек, мазкур савдо тармоғи мутасаддилари бир ҳафта ичида онлайн савдо тўрт баробар ортганини маълум қилди.
Ҳозирги кунда инсоният шу қадар ижтимоийлашдики, биз жамиятсиз ҳаётни тасаввур эта олмай қолдик. Яхши ҳамки, карантин пайтида бир-биримиздан хабар олиб туриш учун турли алоқа воситалари мавжуд. Дунё билан боғланишга эса интернет, оммавий ахборот воситалари бор.
Ўзбекистонда ҳам карантин даврида уйда бўш ўтирмаслик, хоссатан, илмий ва бадиий асарларни мутолаа қилиш аҳоли, айниқса, ёшларнинг асосий кундалик иши бўлиб қолди. Бунда юртдошларимизга нафақат ҳукумат, балки кутубхоналар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари ўзларининг кўплаб маърифий ташаббуслари орқали яқиндан ёрдам бермоқда.
Мамлакатимиздаги аксарият ахборот-кутубхона марказлари илмий-маърифий ва бадиий адабиётларнинг электрон шаклларини, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти ҳамда жахон адабиёти намуналарининг аудио ва видео вариантини яратиб, мунтазам равишда интернет манбаларига жойлаштирмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳамюртларимизнинг китоб ўқиши ва мутолаа маданиятини ошириши учун мустаҳкам замин яратди.
Юртимизнинг бир қатор интернет порталлари, оммавий ахборот воситалари турли янгича ташаббусларни илгари сурмоқда. Масалан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА сайтида “Тафаккурни ўзгартирган асар” рукни ташкил қилинган. Таниқли олимлар ва адиблар иштирок этадиган ушбу рукнда жаҳонга машҳур бадиий, илмий-оммабоп, психологик, тарихий ва фалсафий асарларнинг таҳлили бериб борилмоқда.
ЎзА, шунингдек, #Мен_китоб_мутолааси_билан_бандман #chellenj лойиҳаси орқали синовли кунларда юртдошларимизнинг оилавий китоб мутолааси билан машғул бўлишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Зеро, мутолаа қалбни тарбиялайди, кўнгилларни хотиржамликка чорлайди.
Ўз навбатида, “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририяти уйда қолаётган китобхонлар – олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари, ёш педагог ва мураббийлар ўртасида “Пандемияни илм ва интизом билан енгамиз” шиори остида махсус танлов эълон қилди.
Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети ўқитувчиси, доцент Акбар Замонов ташаббуси билан эса ўқувчи-ёшлар, талабалар, шунингдек, Ватанимиз тарихининг барча ихлосмандлари учун Амир Темур таваллудининг 684 йиллиги муносабати билан интеллектуал онлайн ҳафталик ташкил этилди.
Бу каби ибратли мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бундай маърифий ташаббуслар нафақат пойтахтимизда, балки жойларда ҳам кенг қулоч ёйгани жуда аҳамиятлидир.
Масалан, Фарғона вилоятида бугунги карантин даврида ўқувчи-ёшлар ва ота-оналарининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, китобхонликка қизиқишини кучайтириш, она тилига меҳрини ошириш мақсадида 10 апрелдан — 10 майга қадар “Китобхонлик ойлиги” эълон қилинган. Ойлик доирасида “Она тили — миллат ғурури” мавзусида иншолар танлови ҳамда “Ёш китобхон”, “Китобхон ота”, “Китобхон она”, “Мумтоз ғазаллар билимдони” кўрик-танловлари ташкил этилмоқда.
Энг муҳими, китобхонликка бағишланган турли онлайн танлов ва викториналарда миллий адабиёт ва жаҳон адабиёти хазинасининг дурдона асарлари юзасидан эълон қилинаётган саволларга ота-оналар ҳамда фарзандлар ўз жавобларини фаол равишда юбормоқдалар. Бундан билиш мумкинки, юртимиз хонадонларида оилавий китобхонлик анъанаси шаклланган.
Янада эътиборлиси, бундай маърифий баҳсларда нафақат ўша ҳудуд аҳолиси, балки юртимизнинг барча вилоятларидан фуқаролар кенг иштирок этмоқда. Бу, бир томондан, карантин даврида электрон китобхонликнинг қулайлиги ва афзаллигини кўрсатса, иккинчи томондан, халқимизнинг интернетдан фойдаланиш борасидаги саводхонлиги ортганини яна бир бор тасдиқлайди.
Айни чоғда, ижодкорлик билан шуғулланиш, янги асарлар яратиш ҳам ижтимоий фаоллик мезони эканини қайд этган ҳолда, карантин даврида юртимиз ижод аҳлини аввало карантин қоидаларига қатъий риоя этиб, уйда бўш вақтларини ўқиб-изланиш билан бир қаторда янги китоблар ёзиш, сара асарлар ижод қилиш учун бағишлашга чорлаб қоламиз.
Зеро, тарихда бу борада кўплаб мисоллар бор: Жованни Боккачо ўзининг машҳур "Декамерон" асарини вабо тарқалган даврга бағишлаган бўлса, Исаак Ньютон оммавий эпидемия сабабли берилган таътилда энг буюк назарияларини яратган. Александр Пушкин эса ўзининг энг машҳур асарларини карантинда уйида ўтириб ёзган.
Хулоса қилиб айтганда, китоб бизга ҳаётни ўргатади, ҳар биримизни дунё сир-синоатлари ва маърифатидан баҳраманд этади. Улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро таъкидлаганидек: “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.
Ғулом Мирзо,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 22.04.2020
- Кўришлар: 6765
- Чоп этиш