Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган кенг қамровли иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий ислоҳотлар жараёнида катта ютуқларга эришилмоқда. Бугунги кунда бошқа соҳалардаги каби миллатлараро муносабатлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Олиб борилаётган ислоҳотлар кўп омиллар билан бир қаторда миллатлараро муносабатларга ҳам боғлиқдир.
1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” қонун орқали маънавий – диний ҳаёт янада мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди.
Миллий мафкурамизда асосий ўринлардан бирини эгалловчи миллатлараро тотувлик, толерантлик ғояларининг ривожлантирилиши натижасида бугунги кунда ҳудудимизда кўплаб турли тилда сўзлашувчи, турли динга эътиқод қилувчи 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиб келмоқда. Уларнинг юртимизда эркин фаолият олиб боришлари, ўз тилларида сўзлашуви ва динларига эътиқод қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, бу Асосий қомусимизда, шунингдек, қонунчилик тизимимизда мустаҳкамлаб қўйилгандир. Бир сўз билан ифодалаганда Конституциямиз миллатлараро муносабатлар уйғунлигини қонуний асоси ҳисобланади.
Конституциямизнинг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасини фуқароларини ташкил этади” дея белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Конституциянинг 4-модда 2-бандида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деган жумлалар қонунан мустаҳкамлаб қўйилган.
Бугунги кунда юртимизда турли миллат вакиллари ўзларига яратиб берилган барча шарт-шароитлардан фойдаланган ҳолда истиқомат қилмоқда. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш”нинг 74-мақсадида “Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш” белгилаб берилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган маънавий соҳадаги ислоҳотлар жараёнида миллатлараро муносабатларни тартибга солиш, уйғунлаштириш мақсадида бир қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2019 йил 15 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилиниб, ушбу ҳужжатда миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ватанимиз гуллаб-яшнашига ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётганликлари таъкидлаб ўтилади.
Шунингдек, юртимизда яшаётган халқлар ва миллатларнинг байрамлари, маданий кунлари кенг равишда нишонланиши миллатлараро тотувликни таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг бошқа давлатларда намойиш этилиши ҳам ўзига хос яқинликни вужудга келтиради.
Шунингдек, ҳозирги кунда ҳудудимизда истиқомат қилаётган барча фуқаролар эътиқод, виждон эркинлигига эгалигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиздир. Конституциямизнинг 35-моддасида виждон эркинлигининг кафолатланиши, ҳар бир кишининг эътиқод эркинлигига эгалиги ва диний қарашларни мажбуран сингдирилишига йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида: “Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган”, дея таъкидлайди.
Давлатимиз раҳбари ўзининг ушбу нутқида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, демократия, ёшлар масаласи, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология каби қатор глобал муаммолар билан бир қаторда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу ташаббус БМТга аъзо 193 мамлакат томонидан қўллаб-қувватланди ва 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси якдиллик билан қабул қилинди.
Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон раҳбари томонидан бундан 4 йил олдин илгари сурилган дунёда маърифат ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган махсус резолюцияни қабул қилиш хусусидаги ташаббус ва унинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан қабул қилиниши глобал аҳамият касб этиб, халқаро ҳамжамиятнинг жаҳонда тинчлик, осойишталик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун қўйган навбатдаги катта қадами бўлди. Ушбу халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши, шубҳасиз, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг катта ютуғи, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг маҳсули эканидан далолатдир.
Й.Худойқулов,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти,
фалсафа фанлари номзоди.
- Қўшилди: 27.11.2024
- Кўришлар: 698
- Чоп этиш