3 декабрь куни Халқаро пресс-клубда шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги байрами арафасида ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, тегишли давлат ташкилотлари ва вазирликлар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. Тадбирда, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича экспертлар, хусусий ва давлат телеканаллари ходимлари қатнашди.
Давра суҳбати спикерларининг айрим фикрлари қуйида тақдим этилмоқда.
Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари:
– Биз биринчи навбатда шуни тан оламиз, оммавий ахборот воситаларининг ўрни охирги тўрт йилда кескин равишда ўзгарди. Мана, масалан, бизнинг Сенатни олайлик. Илгари ҳаммамиз билардик, Сенат мажлисларига кириш нақадар машаққат эди.
Ҳозир Сенат мажлислари нафақат онлайн, балки интерактив тарзда ўтмоқда ва бевосита мажлис давомида кўтарилган саволларни шу жойда ҳал этишга интилиш бор. Бу Сенат фаолиятига янги жозиба берди.
Шак-шубҳасиз, ОАВ – халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда. Ҳали кўп чўққиларга етганимиз йўқ, лекин биринчи силжишларни инкор қилиш мумкин эмас.
Биз бугун Ренессанс, инсон манфаатлари ҳақида гапираётган бўлсак, бунга демократиясиз, сўз ва матбуот эркинлигисиз эришиб бўлмайди. Сўз ва матбуот эркинлиги демократиянинг қон айланиш тизимидир.
Бу соҳа замонамиз талабидир. Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги жараёнлари ортга қайтмас кўриниш олмоқда.
Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори:
– Бугунги кунда Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра, сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоялар эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир».
Машҳур америкалик ҳуқуқшунос Ральф Нейдер таъбири билан айтганда, «Ахборот – демократиянинг асосий валютасидир». Сўз эркинлигисиз демократия ҳам, инсон эркинлиги ҳам бўлмайди.
Сўз эркинлиги – авваламбор, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқи, ахборот эркинлиги – бу ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқидир.
Ҳозирги кунда инсон ҳуқуқлари глобал ҳуқуққа айланди. Биз матбуот эркинлигини 3 даражада кўришимиз керак: давлат даражасида (миллий); ҳар бир минтақа даражасида; глобал даражада (универсал).
Энг муҳими, Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида ўтган қисқа давр ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида улкан янгиланишлар даври бўлди. Авваламбор, соҳага доир ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Янгича шароитда ахборот соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида собиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети очилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг IV конференциясида "Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси" қабул қилинди. Бу муҳим қадам «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган «Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари» номли 7(1)-модда талабига тўла мосдир.
Жон Мак-Грегор, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси:
– Ўтган тўрт йил давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқишларини шахсан кузатиб бораман. Барчамиз билиб турибмизки, Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни ҳурмат қилади ва давлат раҳбари сўз эркинлиги қандай бўлиши ва у таъминланиши кераклигини айтиб келади. Халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистонда кечаётган ушбу соҳадаги жараёнларни қўллаб-қувватлайди.
ЕХҲТнинг бошқа мамлакатлардаги ваколатхоналарида штат бирликлари қисқараётган пайтда Ўзбекистондаги офисда, аксинча, штатлар кўпайди. Нима учун? Чунки Ўзбекистондаги тараққиётга ҳамнафас бўлиш учун ходимларимиз сони кўп бўлиши керак.
Ўзбекистон Президентининг матбуотга қаратаётган эътиборини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Давлат раҳбари журналист ва блогерлар билан учрашмоқда. Бу ажойиб, олдин бунга ўхшаш воқеаларни кўрмасдик.
Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири:
– Халқаро шериклар билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мулоқотнинг муҳим жиҳатига эътибор қаратмоқчиман. Бу – давлат хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги нисбат ҳамда уларнинг ўзаро боғлиқлик масаласидир.
Сўнгги 3-4 йилда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш жараёнида ушбу муаммони бартараф этиш учун жуда кўп ишлар қилинди.
Ўзбекистон давлат ҳокимиятини демократлаштириш, халқ ва ОАВ билан тўғридан-тўғри, шаффоф мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг фуқаролик ва жамоатчилик фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида ортга қайтмайдиган йўлда бормоқда.
Биз инсон ҳуқуқларига оид ҳар қандай нозик масалани миллий ва глобал даражада очиқ муҳокама қилмоқдамиз.
Ҳелена Фрейзер, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси:
– «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга». Ўзбекистон Конституциясининнг 29-моддасида шундай ёзилган. Бу ерда йиғилганларнинг барчаси ушбу ғояни тўла қўллаб-қувватлашига ишонаман. Чунки бу – барқарор тараққиёт масалаларига ҳамнафасдир.
Аниқ ва очиқ ахборотга эга бўлиш – адолатли ва бетараф институтлар, муассасалар шаклланишида асосий жараён ҳисобланади.
БМТ тизимидаги ташкилотлар, халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда журналистларнинг очиқ маълумотга эга бўлиш учун мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Сўнгги 4 йилда Ўзбекистонда бу борада ривожланиш кузатилди.
Журналистлар, блогерлар очиқ савол беришни бошлади, илгари ўзлари учун «табу» бўлган мавзуларда ёзишмоқда, турли муаммолар бўйича суриштирувлар ўтказишмоқда. Шунингдек, соҳага доир норматив-ҳуқуқий масалаларда ҳам ўзгаришлар бўлмоқда.
Асаджон Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори:
– Инсоннинг ажралмас ҳуқуқи – сўз эркинлиги. Сўз ва матбуот эркинлиги – Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши деб белгиланган ва бу борада орқага қайтиш йўқ. Буни ҳаммамиз биламиз ва фаолиятимизни шунга монанд ташкил қилганмиз.
Бугунги кунда ахборотни яшириб бўлмайди. Бир жойда яширилган ахборот, албатта, бошқа жойларда чиқади. Ахборот бугун эркин айланяпти ва бу сўз эркинлиги билан бевосита боғлиқ.
Одамлар интернет орқали ўз фикрларини эркин билдирмоқда. Албатта, танқидий фикрлар ҳам бор. Бу танқидий фикрларни эса давлат органлари эшитиши керак. Ўз фаолиятини танқидлар орқали таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриши лозим, мулоқотга ўрганиши керак.
Шу орқали давлат органлари янги реалликда, янги Ўзбекистонда фаолиятини амалга оширяпти. Давлатимиз раҳбари ҳам таъкидлади –матбуот кимгадир аччиқ гапирса, ёқиши ёки ёқмаслиги ҳам мумкин. Бироқ биз бу йўлдан қайтмаймиз.
Хушнудбек Худойбердиев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА бош директори ўринбосари, блогер:
– ЎзА – Ўзбекистондаги ягона расмий ахборот агентлиги. ЎзА дунёдаги бошқа ахборот агентликлари ишлаётган форматда ишлай олаяптими? Куннинг муҳим саволи шу.
ЎзАнинг ҳозирги коцепцияси шуки, фақат мақтовлар билан давлат сиёсатини тарғиб қилиб бўлмайди. Бу – эскирган услуб, бу билан ҳеч нарсага эришиш мумкин эмас. Бундан давлат ҳам, халқ ҳам ютқазади.
Агар ЎзА фақатгина ҳукуматнинг халққа айтмоқчи бўлган гапини етказиш билан шуғулланса, нотўғри йўлдан кетаётган бўлади. Аксинча, халқнинг, жамиятнинг айтмоқчи бўлган гапини ҳам Ҳукуматга етказадиган кўприкка айлана олиши керак.
ЎзА ахборотларини кузатаётганлар яхши билади – сўнгги йилларда танқидий, таҳлилий материаллар анча кўпайган. Бошқача айтганда, ЎзА – сўз эркинлигининг индикаторларидан ҳам бири. Агар танқидлар кўпайса, демак сўз эркинлиги кўпайди, деган фикр ҳам пайдо бўлади.
Шуни таъкидлашни истардимки, охирги йилларда сўз эркинлиги бўйича ўзгаришлар ҳақиқатан бор, буни блогер ва ЎзА вакили сифатида тан оламан, таъкидлайман. Аммо бу ўзгаришлар биз учун ҳали етарли эмас. Олдимизда қиладиган ишларимиз жуда кўп.
Бу худди йўлга чиққан ҳайдовчига ўхшайди. Ҳозир шунақа йўлга чиқдикки, тезликни бемалол ошириш мумкин. Кимнинг имкони етса, исталган тезликда ҳаракатлансин. Бироқ ҳар қандай тезликда ҳам йўл ҳаракати қоидаларини унутмаслигимиз керак. Йўлда юриш – қоидасиз юриш дегани эмас.
Шерзодхон Қудратхўжаев, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раиси:
– Тўрт йил олдин Халқаро пресс-клубни илк ташкил қилаётган чоғимизда бизни сўз эркинлиги борасида кўплаб муаммолар қийнаган. Бу биринчидан, давлат идоралари ва ташкилотлар раҳбарларининг матбуот билан, оммавий ахборот воситалари билан ишлашни билмаслиги ва истамаслиги бўлса, иккинчидан, жонли эфирнинг йўқлиги эди.
Бугун вазият мутлақо бошқача. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан биринчи марта 500 миллион сўм ажратиляпти.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан биргаликда матбуот котиблари учун ўқув курслари ташкил қилиняпти. У ерда фақат ўқитувчилар эмас, профессионаллар сўзга чиқади.
Биз бугун таълим орқали бу ўқув жараёнини, умуман, медиа таълимни ривожлантирамиз.
Гулноза Ҳусанова, “UzReport” телеканали бош муҳаррири:
– Сўз эркинлиги – бу ҳамма нарсани, хоҳлаган нарсани айта олиш дегани эмас. Энг аввало, бу – масъулият. Буни ҳамма журналистлар, блогерлар ҳис қилиб туришибди.
Агар биз ахборотни вақтида, тезкор бермасак, ҳозир Интернет ривожланган, одамлар истаган манбасидан керакли ахборотни топа олади.
Шунинг учун давлат идоралари тушуниши керак, журналистлар уларнинг душманлари эмас. Биз ҳам ривожланган давлатда яшашни истаймиз. Агар биз ҳозир муаммоларни кўтармасак, бу муаммолар ҳеч қачон ҳал бўлмайди.
Бугунги журналистика очиқликсиз яшай, ишлай олмайди. Ўзбекистон ёпиқ давлатдан очиқ давлатга айланди. Энди журналистларнинг ҳам чекинишга ҳаққи йўқ.
- Қўшилди: 04.12.2020
- Кўришлар: 4169
- Чоп этиш