Бугунги кунда бутун дунёга коронавирус инфекцияси жиддий хавф солиб турибди. Шу муносабат билан БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар тимсолида жаҳон ҳамжамияти барча давлатларни COVID-19 вируси пандемиясига қарши кураш шароитларида аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш ва бу борадаги инсон ҳуқуқларини таъминлашга чақирмоқда.
Хусусан, коронавирус инфекцияси аниқланган мамлакатларда инсонларнинг яшаш ва соғлиғини сақлашга доир ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барча эҳтиёжмандларнинг ҳеч қандай камситишларсиз тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконига эга бўлишини таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўрилиши сўралмоқда. Аҳолининг COVID-19 хатари олдида нисбатан заиф қатламлари, яъни кексалар, ногиронлар, аёллар, муҳожирлар, бошпанасиз кишиларга мунтазам ғамхўрлик кўрсатиш зарурлигига аҳамият қаратилмоқда.
Ҳаракатланишни ялпи чеклаш чоралари жорий этилган мамлакатларда ҳукуматлар болалар ва ўсмирларни масофадан ўқитиш учун барча восита ҳамда имкониятларни ишга солишлари лозим. Бундан ташқари, давлатлар ҳеч кимни ғамхўрлик ва эътибордан четда қолдирмаслик учун аҳолининг эҳтиёжманд гуруҳларини асосий товарлар ва хизматлар билан таъминлаб туриши тақозо этилади.
Яқинда БМТ тарихида илк бор коронавирусга қарши кураш бўйича резолюция қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бош ассамблеяда 188 та давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам ҳаммуаллиф ҳисобланувчи ушбу резолюция бўйича овоз бериш пандемия сабабли йиғила олинмаётгани сабабли янги қоидалар бўйича ўтказилди.
БМТга аъзо давлатлар қабул қилган ва кучга кирган мазкур резолюцияда коронавируснинг жамиятга вайронкор таъсири, иқтисодиётга жиддий зарар етказаётгани, глобал сафарлар ва савдога эътибор қаратилган. Унда халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва БМТнинг пандемияга қарши глобал курашда марказий роль ўйнаши, ночор ва пандемиядан энг кўп жабр кўрган давлатларга кўмак кўрсатиш зарурлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, БМТ ҳужжатида коронавирусга қарши курашда таҳқирлаш ва ксенофобиянинг ҳар қандай туридан воз кечиш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш лозимлиги белгилаб қўйилган. Ҳужжат, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни коронавирусга қарши курашдаги маълумотлар, билимлар ва ютуқлар билан бўлишишга чақиради.
Бугунги воқелик шундан далолат берадики, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида тобора кўпроқ мамлакатлар инсон ҳуқуқларига бевосита таъсир қиладиган қатъий чораларни, жумладан, ҳаракатланиш ва шахсий ҳаёт эркинлигига дахл қиладиган чекловларни қўлламоқда. Бинобарин, фавқулодда ҳолат ва хавфсизликни таъминлаш бўйича карантин билан боғлиқ бошқа ҳар қандай чора-тадбирлар албатта инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципига таяниши шарт.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бир қатор ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар COVID-19 вирусига қарши курашнинг инсон ҳуқуқларига, айниқса, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларга кўрсатадиган таъсирини юмшатишга қаратилган муҳим чораларни татбиқ этаётганини қутлади.
Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимизда ушбу хатарни бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини қайд этиш мақсадга мувофиқдир. Энг муҳими, бунда аввало инсон манфаатларининг ҳар нарсадан устунлиги талабидан келиб чиқилмоқда.
Ўзбекистонда ўтган оз фурсат ичида эпидемияга қарши курашиш доирасида нима ишлар қилишга муваффақ бўлинди? Таниқли сиёсатшунос, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқов "Қудратимиз – бирликда, биз ғалаба қозонамиз" номли мақоласида санаб ўтган етакчи омилларнинг қуйидаги мухтасар баёни ушбу саволга муносиб жавоб бўлишига аминмиз:
биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемиясининг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича стратегик режани ўз вақтида ва жуда қисқа фурсатда қабул қилди;
иккинчидан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатда минтақалар хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда эпидемияга қарши курашишнинг самарали тизими яратилди;
учинчидан, Президентимиз жамият барқарорлигини ҳимоя қилишга қаратилган тезкор чораларни амалга оширди;
тўртинчидан, Ўзбекистон Президенти мунтазам равишда ахборот-тарғибот ишларини кенгайтиришга чақирмоқда;
бешинчидан, Президентимиз ижтимоий масалалар, айниқса, кишиларнинг талабларига дарҳол эътибор қаратмоқда ва юзага келган муаммоларнинг зудлик билан ечим топишига фаол кўмаклашмоқда;
олтинчидан, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги фаолияти халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиши йўлида изчил иш олиб бормоқда.
Энг асосийси, Ўзбекистоннинг коронавирус пандемияси олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича стратегик режасида кўзда тутилган умумий мақсад – қатъият билан касаллик тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг кучи шундаки, бутун мамлакат ушбу пандемияга қарши курашда ягона режага амал қилиши зарур. Ушбу йўналишдаги асосий жиҳатлар инфекция манбасини назорат қилиш ва унинг тарқалиш йўлларини ёпишдан иборат.
Шу маънода, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича 3 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Президенти яна бир бор халқимизга мурожаат қилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Давлатимиз раҳбари бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечираётганига эътиборни қаратиб, мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётганини таъкидлади.
Йиғилишда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди. Давлат томонидан кўрилаётган чоралар одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилгани қайд этилиб, аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилиш, шунингдек, шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлашнинг долзарб вазифалари белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 3 апрель куни «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолагани ҳам жуда муҳимдир. Бу давлатимиз раҳбарининг пандемия шароитида қабул қилинган иккинчи Фармони ҳисобланади.
Фармонда иқтисодиёт ва бизнес соҳаларига етказилган асоратларни давлат маблағи ҳисобига енгилаштиришга доир муҳим вазифалар кўзда тутилган. Унда, шунингдек, кам даромадли инсонлар ва эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоялаш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ долзарб чоралар ўз аксини топгани ғоят аҳамиятлидир.
Маълумки, 2020 йил 27 март куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун матбуотда эълон қилинди. Ушбу қонун мисолида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устувор экани яна бир бор ўз ифодасини топди.
Мазкур қонун карантин тўғрисида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш, қолаверса, бу борада олиб борилаётган ишларни тўлақонли амалга ошириш ҳамда ушбу соҳада жавобгарликни кучайтириш мақсадида қабул қилинган. Аксарият хорижий давлатлар тажрибаси ҳам янги қонун талабларининг ҳаётга татбиқ этилиши бутун дунёда глобал муаммо бўлиб турган пандемия тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этишини тасдиқламоқда.
Энг асосийси, мазкур касаллик жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир этаётган ҳозирги шароитда одамлар саломатлигидан иқтисодиётни устун қўйган давлатларнинг аччиқ тажрибаси бу йўлнинг нечоғлик нотўғри эканини кўрсатмоқда. Шу боис мамлакатимизда инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда касалликни даволашга барча куч ва воситалар сафарбар қилингани алоҳида эътиборга лойиқ.
Хорижий давлатлардаги касаллик қайд этилган фуқароларимиз бегона юртларда ўз ҳолига ташлаб қўйилмасдан, чартер рейслар билан олиб келинмоқда. Бу давлатимизнинг халқона меҳрибонлик сиёсатигина бўлиб қолмасдан, юртимиз фуқароларининг ҳар бири Ўзбекистон фарзанди сифатида қаерда бўлишидан қатъи назар давлатимиз эътиборида, қарамоғида эканининг тасдиғидир. Ушбу беморларда тўлиқ даволаш муолажалари ўтказилиб, жиддий асоратларнинг олдини олиш имконияти борлиги давлатимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг яққол намойишидир.
Бошқача айтганда, ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон халқи ўз давлатининг қудрати ва руҳини, улкан масъулият ва онглиликни намоён этмоқда, бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Нафақат ўзбек халқининг, балки бутун Марказий Осиё минтақаси аҳолисининг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларни айни пайтдаги ҳолатга фавқулодда вазият деб қарашга чақирди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, коронавирусга қарши курашишда фавқулодда вазият ҳолатидаги каби ишласак, шунда кутилган натижаларга эриша оламиз.
Мамлакатимиз раҳбари раислигида 19 март куни ҳам коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Худди шу куни Ўзбекистон Президентининг "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони имзоланди.
Давлатимиз раҳбари 26 мартда "Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ҳамда "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида", 27 мартда эса "Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорларни имзолади. Шунингдек, 23 мартда Вазирлар Маҳкамасининг "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Бугунги кунда ушбу йиғилишлар ва расмий ҳужжатларда белгилаб берилган муҳим вазифаларнинг ижроси жойларда ва барча тармоқларда қатъий таъминланмоқда. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик, карантин режимини бузишнинг барча салбий оқибатларини аҳолига тушунтириш бўйича ўз вазифа ва ваколатлари доирасида изчил иш олиб бормоқда.
Карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда, бу муҳим ишларни асосан масофадан бажаришга тўғри келмоқда. Бунда Марказнинг расмий сайти ва ҳамкор оммавий ахборот воситалари муҳим роь ўйнаётганини қайд этиш лозим. Мисол учун, мамлакатда коронавирус инфекцияси аниқлангани расман эълон қилинган вақтдан буён ўтган даврда сайтимизда айни мавзуда 100 тадан ортиқ ахборот, видеолавҳа ва инфографика жойлаштирилди.
Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясига чалинган кишиларнинг шахсий маълумотларига доир ахборотлар ҳам тарқалгани кузатилди. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан коронавирус тарқалиши шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарблиги мавзусидаги ахборотларни тарқатиш масаласига алоҳида урғу берилди. Бунда жамоатчилигимиз эътибори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг айни йўналишдаги чақириқларига қаратилди.
Юртимизда жорий йилнинг 28-29 май кунлари Инсон хуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 2020 йил 11 мартда COVID-19 коронавирусининг пандемия деб эълон қилиниши муносабати билан, шунингдек, коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ушбу форумни кейинга қолдиришга қарор қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бу қарордан халқаро, хорижий ва миллий ҳамкорларимизни ўз вақтида хабардор қилди. Дунёдаги эпидемиологик вазият тез орада ҳал этилишига умид қиламиз. Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасида янада самарали ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Коронавирус инфекциясининг тарқалиш хавфи давом этаётганлиги сабабли Миллий марказда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари INFO@NHRC.UZ электрон почтаси орқали қабул қилинмоқда.
Айни вақтда Марказ биносининг ичкариси ва атрофи дезинфекция қилиниши, ходимларнинг шахсий ҳимоя воситалари, жумладан, ниқоблар тақиб юриши, бир жойда 2-3 нафардан зиёд кишининг тўпланмаслиги, мажлислар ўтказмаслик, ҳужжатларни электрон шаклда қабул қилиш қатъий йўлга қўйилган. Ходимларимизнинг бир қисми ҳақ тўланадиган таътилга чиқарилган бўлса, яна бир қисми масофадан, яъни уйда ишлаш тартибига ўтказилди.
Уйимиз – қўрғонимиздир. Ҳар биримиз уйимиздагина хавфсиз бўлишимиз мумкин. Статистик рақамлардан кўриб турибмиз: касалланганлар сони ортиб бормоқда. Чеклов тадбирларига, карантин қоидаларига, шифокорлар тавсияларига амал қилсакгина вазият чигаллашиб кетишининг олдини оламиз.
Ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик ва саховатпешалик – халқимизга хос улуғ қадрият. Барчамиз учун синовли бўлган ушбу даврда вазиятга бефарқ бўлмаган ҳолда, юртдошларимизга марказлашган тартибда маънавий ва моддий ёрдам тақдим этаётган, муҳтожларга ёрдам қўлини узатаётган, вақти ва ҳаракатларини аямаётган ташкилотлар, турли даражадаги депутатлар, саховатпеша инсонларнинг саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовордир.
Айни мураккаб вазиятда ўзбек халқига хос бўлган ҳамжиҳатлик ва саховатпешалик фазилатлари коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига келиб тушаётган беминнат маблағлар мисолида ҳам намоён бўлмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали таҳририяти ходимлари ҳам ушбу фонд маблағлари кўпайишига ихтиёрий равишда ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси шу кунларда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг барча ватандошлар, меҳнаткашлар, фахрийлар, аёллар ва ёшларга Мурожаатини тўла қўллаб-қувватлайди.
Биз ҳам жамики ватандошлар, ишчи-хизматчилар, фахрийлар, аёллар ва ёшларни халқимиз томонидан якдиллик билан сайланган муҳтарам Миллатимиз Сардори Шавкат Мирзиёевнинг даъватлари йўлида бирлашишга ва бошимизга тушган жиддий синовни тезроқ енгиб ўтиш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга чақирамиз.
Янги Ўзбекистон ҳаётининг бош тамойилини ҳеч қачон унутмаймиз: "Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди". Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, ушбу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз. Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 05.04.2020
- Кўришлар: 4472
- Чоп этиш