Сенат ялпи мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифалар кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда соҳанинг норматив-ҳуқуқий асослари шакллантирилгани, институционал ўзгаришлар амалга оширилгани, коррупциянинг олдини олишга қаратилган қатор амалий чоралар кўрилгани таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, ушбу соҳада қатор камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Қурилишга рухсат бериш, бинони топширишда ёнғин хавфсизлиги бўйича бюрократия ва қонун бузилиши ҳолатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан шуғулланиб, коррупциявий омилларнинг олдини олишга, превентив чораларни кўришга эътибор қаратилмагани шулар жумласидандир.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишда давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс назорат) бўлинмаларининг ўрни ва масъулияти сезилмаяпти.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан соҳага оид хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмаган, соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмаган.

Соғлиқни сақлаш, бандлик, банк соҳаларида коррупциявий ҳолатлар юқори. Соғлиқни сақлаш соҳасида – 527, бандлик бўйича – 447, банкларда – 434 коррупциявий ҳолат қайд этилган.
Бюджетдан энг кўп маблағ оладиган вазирликлардаги коррупциявий омиллар аниқланмаган, ўрганилмаган ҳамда таҳлил қилинмаган.
Туманларда, маҳаллаларда инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби маиший коррупциявий ҳолатлар кўпайган.

Терговчи, прокурор ва судьялар қўлидаги иш бўйича фақатгина идораларга тақдимнома ва хусусий ажрим киритиш билан чекланмоқда. Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг фаолияти талабга жавоб бермайди, улар маҳаллалар билан ўзаро ҳамкорлик қилмаган.
Давлат хизматлари бўйича давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни баҳолайдиган тизим йўлга қўйилмаган. Прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарларининг коррупциянинг олдини олиш борасидаги фаолияти талабга жавоб бермайди.
Сенаторлар бу каби камчиликларни бартараф этиш юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ҳудудлар (маҳаллалар)даги ишлар самарадорлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратди.
Жумладан, жойлардаги маиший коррупцияга барҳам бериш, жиноят содир этган шахслар билан индивидуал ишлаш тизимини йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш билан боғлиқ кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятини тубдан яхшилаш лозим.
Муҳокама якунида жиноятчиликка қарши курашиш ва коррупциянинг олдини олиш борасида амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан Сенатнинг қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 17.03.2025
- Кўришлар: 521
- Чоп этиш