Жорий йилнинг 28 февраль куни Халқаро юристлар комиссияси (ХЮК), БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси (RОCА), "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамкорлигида Ўзбекистонда БМТ шартномаларининг бажарилишини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш юзасидан халқаро жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Миллий ва халқаро экспертлар имплементация масаласини Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция мисолида кўриб чиқишди. БМТнинг шартномавий қўмиталари томонидан берилган сўнгги тавсиялари ижросини Ўзбекистонда самарали мониторинг қилиш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш учун қандай чоралар кўриши зарурлиги муҳокама қилинди.
"Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида сезиларли ютуқларга эришилди, жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича бир қанча халқаро шартномалар ратификация қилинди. 2021 йилда Ўзбекистонда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси кучга кирди. Ўтган йили Ўзбекистон БМТнинг учта қўмитаси: Бола ҳуқуқлари, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар (CESCR) ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш (CEDAW) берган тавсияларини қабул қилди. Шунинг учун мамлакатда мазкур тавсияларни амалга ошириш бўйича самарали мустақил мониторинг ва мувофиқлаштириш механизмларини яратиш алоҳида аҳамият касб этади" — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.
"БМТнинг шартномавий тузилмалари тавсияларининг бажарилишини назорат қилиш нафақат халқаро мажбурият, балки БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномаларига аъзо бўлган ҳар қандай иштирокчи-давлат учун маънавий мажбуриятдир. Иштирокчи давлатлар БМТнинг ушбу нуфузли органлари тавсияларининг тўлиқ бажарилиши учун жавобгардир. Акс ҳолда, шахслар ва гуруҳлар инсон ҳуқуқларининг бузилиши хавфи остида қолади. Шу боис, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга устувор аҳамият бериш, БМТ шартномавий органлари тавсияларини тўлиқ ва самарали амалга ошириш йўлида ҳаракат қилиш Ўзбекистон манфаатларига мос келади", — деди Европа ва Марказий Осиё дастурининг халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси директори в.в.б. Темур Шокиров.
"Ўзбекистон БМТнинг тўлақонли аъзоси сифатида қатор халқаро шартномаларга қўшилган. Мамлакатимизда халқаро шартномалар ижросига жиддий ёндашилмоқда ва бу ҳам парламент, ҳам ҳукуматнинг диққат-эътиборида. Халқаро ҳужжатлар қоидалари миллий қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналиши инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан аёллар, болалар ва ёшлар, шунингдек, алоҳида эҳтиёжли шахслар ҳуқуқларини таъминлашдан иборат. Шу билан бирга, давлат, фуқаролик жамияти, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, халқаро ва миллий экспертлар иштирокида бугунги халқаро эксперт муҳокамасининг ўтказилиши мазкур қарорнинг ижросини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш соҳасида илғор тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади" - деди "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.
"БМТнинг шартномавий тузилмалари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий даражада жорий этишни рағбатлантириш ва мониторинг қилишда муҳим роль ўйнайди. Шартнома органлари томонидан берилган тавсиялар ҳукуматга ушбу муаммоларни ҳал қилиш ва Ўзбекистондаги барча инсонлар ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш бўйича йўл харитасини тақдим этади. Ушбу тавсияларни амалга ошириш ҳукумат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мустақил миллий институтлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва халқаро ҳамжамият ўртасидаги ҳамкорликни талаб қилади" — деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий вакили в.в.б. Фабио Пиана.
Эслатиб ўтамиз, тадбир Европа Иттифоқининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа инструменти (EIDHR) орқали молиялаштирилаётган ва Халқаро юристлар комиссияси томонидан амалга оширилаётган "Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш" (EQUAL) лойиҳаси доирасида ташкил этилди. EQUAL лойиҳасининг асосий мақсади – фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда камситилишга мойил бўлган гуруҳларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишга кўмаклашиш.
- Қўшилди: 02.03.2023
- Кўришлар: 3905
- Чоп этиш