БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг юртимизга ташрифи бошланмоқда

Жорий йил 13 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи бошланади.

БМТ Олий комиссари 15 мартгача давом этадиган ташрифи доирасида бир қатор давлат органлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши кўзда тутилмоқда.

Учрашув ва мулоқотларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашилиши кутилмоқда. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларaцияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ўтказилаётган тадбирлар ҳақида сўз юритилади.

Маълумот учун: БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги резолюциясига асосан ташкил этилган. Ушбу тузилма БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун асосий масъул ва мувофиқлаштирувчи бўлинма ҳисобланади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг қароргоҳи Женевада жойлашган. Шунингдек, Олий комиссар Бошқармасининг 19 мамлакат ва 12 та минтақада вакиллари, 11 та тинчликпарвар миссияси ҳамда жойларда инсон ҳуқуқлари бўйича ўнлаб маслаҳатчилари фаолият олиб бормоқда

Фолькер Тюрк БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари лавозимига 2022 йил 17 октябрда сайланган. Шу муносабат билан БМТнинг мазкур Бошқармасида тараққиётнинг янги стратегияси, яъни фуқаролик жамияти билан давлат ўртасидаги шерикликни кучайтириш мақсади белгилаб олинган. Бундай янгича ёндашув асосидаги ҳамкорлик, ўз навбатида, бутун дунёда инсон ҳуқуқларини янада тўла таъмин этишга яқиндан хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси самарали ва мустақил фаолият юритишини қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимиз билан БМТнинг ушбу Бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик амалий руҳда ва изчил ривожланмоқда.

Бу ҳамкорликнинг янги ва яққол мисоли сифатида 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилганини таъкидлаш лозим.

Ўшанда Глобал форум иштирокчиларига видеомурожаат йўллаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўйича зиммасига олган мажбуриятларини бажариш ҳамда бу борада бошқа мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Бундан ташқари, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг 2020 йилдаги фаолияти ҳисоботида Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик муносабатлари ижобий баҳоланган. Ҳисоботда мамлакатимиз демократлаштириш, БМТнинг устав ва шартномавий органлари доирасида инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариш, шунингдек қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш соҳаларида эришган натижалари билан халқаро майдонда тез-тез эътироф этилаётган илғор давлатлар сафидан жой олгани таъкидланган.

Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси кўмагида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий ҳисоботи механизми доирасида берилган тавсияларнинг бажарилиши бўйича ўз оралиқ маърузасини тайёрлашга эришган саноқли давлатлардан бири экани ҳам эътироф этилган.

Ўзбекистон ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари томонидан ва БМТнинг Махсус тартиб-таомиллари доирасида берилган тавсияларни маъқуллаб, тегишли тизимларни мустаҳкамлаш учун йўл-йўриқ сифатида фойдаланиб келмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Газеталар шарҳи

Xabar.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech