Акмал САИДОВ: Янги Ўзбекистон буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросидан қувват олади

Жорий йил 3-7 июль кунлари юртимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” шиори остида халқаро конференциялар ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳридаги “Ивент-холл” мажмуалар саройида бўлиб ўтган очилиш маросимида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов ЎзА мухбирига мазкур халқаро анжуманнинг мазмун-моҳияти  хусусида ўз фикрларини баён этди.

– Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” тушунчалари дунё сиёсати луғатига кириб, беқиёс илмий аҳамият касб этмоқда. “Янги Ўзбекистон” ибораси сўнгги йилларда илгари сурилган ва бугунги кунда бутун халқимиз шууридан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир.

Мазкур ғоя замирида, бир томондан, бугунги ва эртанги авлодларимизнинг “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қўйишдек эзгу мақсад-муддаоси, иккинчи томондан миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларига асос солган улуғ аждодларимиз, аллома боболаримиз орзу-интилиши, армонлари, шунингдек, бунёдкорлик, маърифат ва маънавиятга даъват мужассамдир.

Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда ана шу иккита мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодла римизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз”.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосга эга, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазият тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишига мос, миллий манфаатига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Диёримизда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланган. Бу масала стратегик вазифа сифатида  миллатни бирлаштирувчи ғоя даражасига кўтарилмоқда.

Ренессанс, яъни французча “Renaissonce”, итальянча – “Rinascimento” – “қайта юзага келмоқ”, “янгидан туғилмоқ”, “уйғониш” маъноларини англатади. Ўтмишга назар ташласак, тарих фанига “Мусулмон Ренессанси” тушунчаси таниқли Австрия шарқшуноси Адам Мец томонидан ХХ аср бошларида, аниқроғи 1909 йил киритилган. Олим “Шарқ” атамасини тарихий мазмунда ишлатиб, Ўрта ер денгизидан то Европа қитъасигача бўлган юртларни назарда тутади ва бу ҳудудларда IX-XII асрларда маданият юксак даражага кўтарилганига урғу беради. Шу боис, мазкур ўлкалар қадимий цивилизация бешиги сифатида эътироф этилади.

Собиқ совет даври тарих ва ўқув адабиётларида фақат Ғарб Уйғониш даври ҳақида сўз кетарди, Шарқдаги Уйғониш жараёни ҳақида лом-лим дейилмаcди. Зеро, тарих фанида “европоцентризм” ғояси ҳукмрон, “Ғарб – илғор, Шарқ – қолоқ” ақидаси устувор эди. Ваҳоланки, улуғ аждодларимиз тарихда бир эмас, икки бор Маърифий Ренессансга асос солганлар.

Тарихий манбаларда “ислом маданиятининг олтин асри” дея эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Али Ибн Сино, Хоразмий, Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Давлатшоҳ Самарқандий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ мутафаккирлар бутун мусулмон оламига донг таратган.

ХХ аср маърифатпарвар жадидлари мамлакатимизда Учинчи Ренессансни амалга оширишлари мумкин эди. Негаки, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолатдан, қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор кучи, имкониятини сафарбар этган.

Улар шу йўлда азиз жонини ҳам қурбон қилганлар, “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билганлар. Миллий истиқлолга, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисоблаганлар.

Бу даврда Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин каби юзлаб улуғ инсонлар Миллий уйғониш, Миллатпарварлик ҳаракатининг олдинги сафларида турган. Улар янги усул мактаблари очиш баробарида одамлар дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган газета-журнал, нашриёт ва кутубхона, театрлар ташкил этган.

Жадидларимиз ўз эзгу мақсадларини амалга оширишига мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермаган. Улар даврнинг туҳмат-маломатига дучор бўлган. Дастлаб Рус подшоҳлиги, кейинчалик шўро ҳукумати уларни аёвсиз қувғин, қатағон қилган. Оқибатда миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати Ватанимиз учун ёрқин хотирага айланди. Юртимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси ҳозир ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

Ҳозир биз учинчи Уйғониш даври остонасида турибмиз. Агар кейинги қарийб етти йилда ҳаётимизнинг биргина йўналиши, яъни маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар, тасдиқлаган давлат дастурлари, илгари сурган янгидан-янги ташаббуслари мағзини тўла чақиб кўрилса, навбатдаги Маърифат Ренессансининг маркази Янги Ўзбекистон эканига ҳеч кимда шубҳа қолмайди.

Конституциявий ислоҳот ва Учинчи Ренессанс пойдевори мустаҳкамланиши эса бир-бирига чамбарчас боғлиқ, дейиш мумкин. Халқимиз “Янги Ўзбекистонни юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли инсонлар юртига, маърифий жамиятга айлантириш” ғоясини мамлакатимизда Учинчи Ренессанс асоси яратилишининг зарур ва мажбурий шарти сифатида кўряпти.

Диёримизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга қодир замонавий илмга эга авлодни тарбиялаш бугунги ва эртанги кунимизни, ёрқин келажакни таъминлайдиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлиларни етиштириш, қўллаб-қувватлашни талаб этади. Шу маънода Янги Ўзбекистон учун энг зарур инвестиция таълим ва тарбияни конституциявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир.

Кенг имкониятлар, амалий ишлар мамлакатига айланиб бораётган Янги Ўзбекистондаги жадал демократик ўзгаришлар мамлакат давлатчилиги ривожининг уч минг йиллик тарихий тажрибаси, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб амалга оширилмоқда.

Ушбу қоида яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам мустаҳкамлаб, белгилаб қўйилди. Зеро, жаҳон тажрибасига мурожаат қилсак, Конституция нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки давлатнинг сиёсий, ижтимоий ва маънавий қиёфаси, қадрияти, ўзлигини кўрсатиб, аниқлаб берувчи ва акс эттирувчи Асосий қонун эканига амин бўламиз.

Албатта, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс каби Учинчи Ренессанс ҳам узоқ давом этадиган жараён. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш беш-ўн йил эмас, янада узоқроқ вақт, жуда кўп куч, машаққат талаб қилади. Бунинг учун минглаб истеъдодли кадрлар, иқтидорли замонавий ёшлар, фидойи инсонлар ниҳоятда зарур.

Юртимизда улуғ ниятлар билан пойдевори қўйилаётган Янги Уйғониш даврининг ёрқин саҳифаларга бой буюк тарихи яратилмоқда. Бу оламшумул, самарали воқеа-ҳодисаларга бой давр келгуси авлодларга муносиб мерос қолдириши шак-шубҳасиз.

Шу билан бирга, мамлакатимизда ўтаётган навбатдаги йирик анжуман – “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Ҳафталикнинг асосий мақсади хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлат ташқи ва ички сиёсатининг устувор вазифалари тўғрисида фикр алмашишдан иборат. 

“Ҳафталик” доирасида мамлакатимизда “инновацион ва билимлар иқтисодиёти” ҳамда барқарор ривожланиш “драйвери” бўлган рақамли технологияларнинг ривожи масалаларига бағишланган форумлар ташкил этилмоқда. 

Шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш ва таълим тизимини ислоҳ этиш, ижтимоий давлат қуриш, “яшил тараққиёт” соҳаларидаги янги Ўзбекистон тажрибаси ва дунёдаги жараёнлар, юртимизда юзага келаётган қулай бизнес ва инновацион муҳит каби қатор масалаларга бағишланган мулоқотлар учун алоҳида платформалар ташкил этилади. Жумладан, мазкур йўналишлар бўйича 17 та йиғилиш ва қатор қизиқарли учрашувлар ўтказилиши назарда тутилган.

“Ҳафталик” доирасида тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралар томонидан 300 дан ортиқ хорижий ҳамкорлари билан биргаликда 50 дан зиёд конференция, давра суҳбатлари ва амалий мулоқотлар ҳам ташкил этилади. Натижада хорижий ва халқаро шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган битимларни имзолаш, қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш борасида қатор келишувларга эришиш кутилмоқда.

Мазкур халқаро даражадаги “Ҳафталик” Янги Ўзбекистонда маданият, иқтисодиёт, сиёсат каби турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, жаҳон майдонидаги имижимизни янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

ЎзА мухбири 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech