Сариосиё туманидаги тоғлар қўйнида 200 ўринли "Сангардак" санаторияси фойдаланишга топширилди.
Денгиз сатҳидан 1 минг 500 метр баландликда қад ростлаган санаториянинг тантанали очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, устоз ва мураббийлар, таниқли ижодкорлар ва ёшлар иштирок этди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сайидов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алиматов ва бошқалар мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг муносиб турмуш кечириши, саломатлигини тиклаши ва дам олиши учун зарур шароитларни яратиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлашди. Шундай эзгу мақсадда янги сиҳатгоҳлар барпо этиш, тизимдаги санаторияларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қабул қувватини ошириш, бу орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Президентимиз 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Сариосиё туманидаги дунёга машҳур "Сангардак" шаршарасига яқин ҳудудда барча қулайликларга эга замонавий санатория барпо этиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Шунга мувофиқ Касаба уюшмалари федерацияси пурвиқор тоғлар бағрида 200 ўринли “Сангардак” санаторияси қурилишига таъмал тошини қўйди. Қисқа вақтда қия рельефли майдонларда мураккаб шароитдаги қурилиш ишлари амалга оширилди. Замонавий ва миллий меъморий ечимлар асосида етти қаватли соғломлаштириш маскани қад ростлади. Унинг биринчи қаватида қабул ва бошқарув бўлими, иккинчи қаватдан олтинчи қаватгача барча қулайликка эга ётоқхоналар, еттинчи қаватда люкс-аппартамент хоналари жойлашган. Янги санатория тоғ иқлими, табиатининг шифобахш хусусиятига кўра, юқори нафас йўллари, аллергия, астма, асаб, юрак қон-томир, урологик, гинекологик, ҳаракат-таянч тизими касалликларини даволашга ихтисослашган. 3,16 гектар майдонда жойлашган санаторияга 4 километр масофадаги тоғлар қўйнидан махсус қувурлар орқали тоза ичимлик суви тортиб келинди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси дам олиш масканини ташхислаш ва даволаш, саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, шунингдек, энг замонавий, юқори сифатли қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан жиҳозлади. Дам олувчилар учун бу ерда физиотерапия ва сув билан даволаш бўлимлари, шифобахш туз ғори, лаборатория, жисмоний тарбия, балчиқ ва парафин билан даволаш, гадроаэроионизация хоналари, ёпиқ сузиш ҳавзаси, турк ҳаммоми хизматларидан фойдаланиши мумкин. Кутубхона, маданият саройи, теннис хоналари, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланадиган ошхона, болалар ўйингоҳи ҳам бунёд этилган.
Сўлим тоғлар қўйнидаги соғломлаштириш масканида 150 дан ортиқ киши иш билан таъминланди.
Тантанали маросимда санаторияга рамзий калит, автобус ва енгил автомашина топширилди.
Иштирокчилар "Сангардак" шаршарасида бўлиб, унинг тенгсиз гўзаллигидан баҳраманд бўлишди.
Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 18.09.2023
- Кўришлар: 5990
- Чоп этиш