Муқобил маъруза тайёрлашга бағишланган семинар-тренинг

14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни бажарилиши бўйича муқобил маърузалар тайёрлашга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов кириш сўзи билан мурожаат қилди.

Мамлакатимизда 2022 йили Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023 – 2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди ва изчил амалга оширилмоқда. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг дастлабки миллий маърузаси 2023 йил 28 июлда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига топширилди.

Семинар-тренингда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари фаоллари иштирок этди. Тадбир давомида Муқобил маърузаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ҳуқуқи, бино-иншоотлар, транспорт инфратузилмаси, ахборот, атроф-муҳит ва бошқа хизматлардан фойдаланиш имкониятлари, гендер тенглик хамда мустақил яшаш ва жамият фаолиятида иштирок этиши масалаларини акс эттириш услуби ва талаблари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар, ёшлар ва аёллар учун инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни татбиқ этиш муқобил маърузаларнинг асосий мазмунини ташкил этиши кераклиги юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Семинар якунида эътироф этилганидек, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмлари жорий этилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech