“ЁШЛАР ҲУҚУҚЛАРИ: ИМКОНИЯТЛАР ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ МЕХАНИЗМЛАРИ

“Ёшлар энг бебаҳо ва жуда муҳим ресурс ҳисобланади,

шунинг учун уларга сарфланган сармоя кўп карра

миқдорларда ўзини қоплайди”.

БМТнинг «Ёшлар-2030» стратегиясидан

 

“ЁШЛАР ҲУҚУҚЛАРИ: ИМКОНИЯТЛАР ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ МЕХАНИЗМЛАРИ

(Пойтахтимиз шу мавзудаги халқаро форумга мезбонлик қилади)

 

23 октябрь куни Тошкент шаҳрида «Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтади. Онлайн ва офлайн тарзда ўтказиладиган жаҳон анжумани Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигига бағишланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан ушбу халқаро форумнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

 

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро анжуман: ташаббускори ва аҳамияти

 

– Башариятнинг неча минг йиллик тарихий ривожланиш тажрибаси шундан далолат берадики, ҳар қандай давлатнинг келажаги ҳамиша ёш авлодга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиб келган, – деди А.Саидов. – Чунки айнан 18-30 ёш оралиғидаги навқирон инсонларнинг креатив, яъни замонавий фикрлаши, бемисл шиддат-шижоати, ижтимоий масъулиятни ҳис этиб яшаши, пухта билим олганлиги ва муайян касб-корни эгаллаганлиги ҳар қандай демократик жамиятнинг барқарор тараққиётини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Эътибор беринг: ҳозирги кунда сайёрамизда истиқомат қиладиган 15 ёшдан – 24 ёшгача бўлган инсонлар сони 1 миллиард 200 миллион нафардан ортиқ бўлиб, бу дунё жами аҳолисининг 16 фоизи, деганидир. БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларининг бажарилиши муддати тугайдиган сана, яъни 2030 йилда ушбу кўрсаткич 7 фоиз кўпайиб, салкам 1 миллиард 300 миллион нафарга етиши кутилмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон ёшларини интеллектуал, жисмоний ва маънавий-руҳий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш учун давлат ва жамиятнинг куч-салоҳияти, маблағи ва бошқа зарур имкониятлари тобора кўп, изчил ҳамда тизимли асосда йўналтирилаётгани бежиз эмас. Бинобарин, бугунги кунда мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллион 600 минг нафардан зиёдни ёки аҳолининг 55,6 фоизини ташкил қилмоқда. Меҳнат бозорига ҳар йили ўртача 600 минг нафар ёшлар кириб келаётгани ҳисобга олинса, келгуси 10 йилда бу рақам 1 миллионга етади.

Ёшлар ҳуқуқларига бағишлаб қадимий, гўзал ва фусункор шаҳри азим – Тошкентимизда халқаро форум ўтказиш ташаббуси ким томонидан, қачон ва қаерда илгари сурилган?

  • Ушбу жаҳон анжуманининг ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевдир. Президентимизнинг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури”да (26-банд) худди шу мавзуда халқаро форум ўтказиш кўзда тутилган.

Бу ҳақда фикр юритганда, албатта, Ўзбекистон Президенти Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сесиясида сўзлаган нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшлари ривожига кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш ташаббуси билан чиққанини таъкидлаш зарур. Нега деганда, ушбу ташаббус бизнинг бутун минтақада ёшлар ҳуқуқларини энг юксак даражада таъминлаш ва рўёбга чиқаришдан манфаатдорлигимизни яна бир бор амалда тасдиқлади.

Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларида истиқомат қиладиган жами аҳолининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этади. Бу муҳим омил, бир томондан, ана шу кўпсонли навқирон инсонларнинг ҳуқуқларини янада тўла таъминлаш чораларининг долзарблигини билдирса, иккинчи томондан, баркамол ёш авлод куч-шижоати, билими ва салоҳиятини тараққиёт, барқарорлик ҳамда бунёдкорлик фаолиятига йўналтириш алоҳида аҳамият касб этишини англатади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил 16 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессиясида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Давлат раҳбари, жумладан, яқинда Самарқандда очилган туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича дунёда ўхшаши йўқ ЮНВТО Халқаро туризм академиясида мутахассисларни ўқитиш учун махсус грантлар ажратилишини эълон қилди. Ўзбекистон Президенти, шунингдек, ёшлар учун сайёҳликни ривожлантириш лойиҳалари ҳамда янги ғояларни яратишда муҳим ва фойдали майдонга айланадиган Жаҳон ёшлар туризми саммитининг навбатдагисини Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президенти сўнгги йилларда ёшлар масаласи бўйича 20 дан ортиқ миллий, минтақавий ва халқаро ташаббусларни илгари сурганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг минтақавий ташаббусларига қуйидагилар киради:

  • ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш;
  • Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш;
  • ёшларга доир сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида кўп томонлама битим тайёрлаш;
  • ўзаро инновацион ҳамкорлик ва ёшлар масаласида муносабатлар соҳасида қабул қилинган стратегик дастурий ҳужжатларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари ёш олимларининг “Ёшлар – инновация тарафдори” шиори остидаги биринчи конгрессини ўтказиш;
  • “ШҲТ – илғор ғоялар ва келажак ташаббуслари макони” мавзусида ёшлар ўртасида мулоқотни кенгайтириш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш;
  • мамлакатларимиздаги истеъдодли ёшлар учун илм-фан ва таълим соҳасида Ал-Хоразмий, Форобий, Жомий, Махтумқули, Чингиз Айтматов каби Марказий Осиё заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар, аллома ва файласуфлар номидаги минтақавий грант ва стипендиялар таъсис этиш;
  • ёш авлодни экстремистик ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ёшларнинг радикаллашувига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Минтақавий комплекс дастур ишлаб чиқиш;
  • сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш, махсус дастурни қабул қилган ҳолда, ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалаларида ёшлар билан ишлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш;
  • “Ҳамдўстлик кубоги” футбол турнирини қайта тиклаш ва ёшларимиз жамоалари ўртасида навбатдаги учрашувларни Ўзбекистонда ўтказиш;
  • Ёш истеъдодлар (Марказий Осиё-Хитой) форумини йўлга қўйиш ва ҳоказо.

Айни ташаббусларнинг аксарияти рўёбга чиққан бўлса, бошқаларини амалга ошириш жараёнлари изчил давом этмоқда.

Ўзбекистон Президенти бунга қадар – БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сесиясида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурганди. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сесиясида халқаро ҳамжамиятни ушбу Конвенциянинг қабул қилиниши билан боғлиқ Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ташаббусининг рўёбга чиқарилиши ёшлар дуч келаётган муаммоларга самарали ечимлар топиш, шунингдек, халқаро ҳужжатларда мавжуд бўлган ёшлар ҳуқуқларига тааллуқли айрим номувофиқ ўринларни бартараф этишда катта роль ўйнайди. Шуни инобатга олган ҳолда, халқаро жамоатчилик орасида мазкур ташаббусни қўллаб-қувватловчилар сафи ортиб бормоқда.

Ўз навбатида, мазкур халқаро форумни ўтказиш учун нега айнан Тошкент шаҳри танланди, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ҳукумат раҳбарлари кенгашининг қарорига кўра, 2024 йил бўйича Тошкент шаҳрига “МДҲ Ёшлар пойтахти” мақоми берилди. Шу нуқтаи назардан, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро анжуманнинг пойтахтимизда бўлиб ўтиши мантиқан асосли ва ҳар томонлама мақбул, деб ҳисоблаймиз.

– Ёшлар ҳуқуқлари бўйича миллий ёки минтақавий эмас, айнан халқаро форум ўтказилишини қандай изоҳлайсиз?

– Ушбу воқелик Ўзбекистоннинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция ишлаб чиқишга доир ташаббуси бевосита халқаро мазмун-моҳиятга эгалиги билан чамбарчас боғлиқ. Президентимизнинг халқаро ташаббуси бутун дунё ёшлари ҳуқуқларини, демакки уларнинг тўкис ва фаровон бугуни ҳамда бахтли келажагини таъминлашга қаратилган.

Ер юзининг қайси ҳудудида бўлмасин, ёшлар янада адолатли ва тенг ҳуқуқли муҳитда яшашни ҳамда энг замонавий имкониятлар ва қулайликлардан фойдаланишни, қолаверса, ўзлари мансуб жамиятлардаги қарорлар қабул қилиш жараёнларида эркин иштирок этишни хоҳлайдилар. Улар ҳозирги даврда тўлақонли таъминланиши тобора ўткир муаммога айланаётган таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва гендер тенглик билан боғлиқ ҳуқуқлари йўлидаги турли ғовлар бартараф этилишини ҳақли равишда талаб қилиб чиқмоқдалар.

Ёшларнинг тараққиёт соҳасидаги ҳал қилувчи мавқеидан келиб чиқиб, уларга ўз салоҳиятларини намоён этишлари учун етарлича билим бериш ва имкониятлар эшигини кенг очиш керак. Хусусан, ёшлар иқтисодиёт ривожига муносиб улуш қўша олишлари учун, бир томондан, улар зарур билим ва кўникмаларга эга бўлишлари, иккинчи томондан, меҳнат бозорида улар учун кенг йўл очиб берилиши шарт.

Шу маънода, БМТ тарихида илк бор бу борада “Ёшларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш орқали демократияни мустаҳкамлаш” номли Ёшлар стратегияси қабул қилингани жуда муҳим. Ўзбекистон 2030 йилгача мўлжалланган БМТ Стратегиясини шиддат билан амалга ошираётган 10 та давлат қаторига киради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қисқа муддат ичида Ўзбекистонда Ёшлар парламенти, БМТнинг Ёшлар маслаҳат кенгаши тузилганини олқишлади. Мамлакатимизда ёшларни жамият ҳаётига том маънода жалб этиш, уларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини тубдан кенгайтиришга қаратилган кўплаб стратегиялар қабул қилингани ҳам халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлди.

 

Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро

механизмлари

 

– Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш соҳасида Африка, Осиё, Европа қитъалари ҳамда Тинч океани ва Лотин Америкаси минтақаларида ҳукуматлараро конференциялар томонидан қабул қилинган илғор восита ва стандартлар энг муҳим ўринларни эгаллаб турибди. Бу восита ва стандартларнинг аксарияти БМТ доирасида қабул қилинган бўлиб, кейинги 30 йилда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳужжатлар сони 10 тадан ошганини таъкидлаш даркор.

Шубҳасиз, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси инсоннинг, шу жумладан, ёшларнинг ажралмас ҳуқуқлари кафолатланган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, жорий йилда мазкур Декларациянинг 75 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланаётган таҳсинга лойиқ.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг юбилейи яна бир халқаро сана – Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонланмоқда. Зеро, 1993 йили бўлиб ўтган ушбу конференцияда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасига асос солинган.

Декларациянинг 75 йиллиги доирасида ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қизғин фаолиятнинг пешқадамлари бўлган ёшлар ўз ҳуқуқларини амалга ошириш асносида турли қийинчиликларга дуч келаётганини ҳисобга олган ҳолда, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан Ёшлар ҳуқуқлари бўйича маслаҳат гуруҳи таъсис этилган. Маслаҳат гуруҳининг асосий вазифаси инсон ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятида изчил иштирок этиш, ёшлар сиёсатига оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш соҳасидаги ташаббусларни рағбатлантиришдан иборат.

Бу ўринда, айниқса, БМТ Бош Ассамблеясининг 1995 йил 14 декабрдаги 50/81-сон резолюцияси билан Ёшлар манфаатлари учун бутунжаҳон саъй-ҳаракатлар дастури қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Дастур 2000 йилгача ва кейинги даврга мўлжалланган бўлиб, ёшлар билан боғлиқ фаолиятнинг 15 та устувор соҳасини қамраган ва ҳар қайси соҳага тааллуқли амалий таклифларни ўзида мужассам этган. Мазкур Дастур бутун дунёда ёшларнинг аҳволини яхшилаш мақсадига хизмат қиладиган миллий саъй-ҳаракатлар ва халқаро рағбат учун сиёсий йўриқ ва раҳбарий принциплар вазифасини бажариб келаётгани аҳамиятлидир.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2015 йил 9 декабрда Ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги резолюцияни қабул қилгани, шубҳасиз, ёшларнинг дунё барқарорлиги ва тараққиётида тутган фаол ролини эътироф этиш борасида муҳим қадам бўлди. Ушбу резолюция орқали Хавфсизлик Кенгаши барча давлатларни бутун дунёда тинчлик ўрнатилиши ва зўравонликлар барҳам топишига эришиш жараёнларида ёшларнинг амалий иштирок этишига шароитлар яратадиган механизмларни татбиқ этишга чақирган.  

БМТ Бош Ассамблеяси 2015 йил 17 декабрда Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги резолюцияни қабул қилган. Унда ҳам ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари ва айни жараёнларда фаол иштирок этишга чақириқ ўз ифодасини топган. Ёшларни инсон ҳуқуқлари бўйича ўқитиш энг устувор вазифа этиб белгиланган.

Бундан ташқари 2019 йили қабул қилинган Ёшлар сиёсати ва дастурлари бўйича «Лиссабон+21» декларацияси ёшларнинг ҳуқуқларини турли шакл ва кўринишларда ҳимоя қилиш, рағбатлантириш ҳамда амалга оширишга қаратилган қатъий чорловдир. Декларацияда барча ёшлар, айниқса, хотин-қизлар, жамиятнинг заиф қатламлари, хусусан, эҳтиёжманд ва мигрант, қишлоқда яшайдиган ва ногиронлиги бўлган ҳамда қандайдир жиҳатдан камситишларга дуч келган ёш авлод вакилларининг аниқ эҳтиёжларини қаноатлантириш муҳимлиги таъкидланган.

 БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларида ёшлар ҳуқуқларининг аҳамияти энг муҳим масалалар қаторида яна бир бор алоҳида қайд этилди. Унга кўра, ёшларнинг фаол ва фаровон ҳаёти, уларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари доирасини кенгайтириш бутун дунёда барқарор ривожланишни таъминлашнинг ҳал қилувчи омили саналади.

 Шу нуқтаи назардан, Барқарор тараққиётнинг барча, яъни 17 та мақсади ва 169 та вазифасида ёшлар манфаатлари ҳисобга олингани диққатга сазовор. Янада муҳими, бугунги кунда жаҳон ёшлари БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларида белгиланган марраларни забт этишда фаоллик кўрсатиб, пешқадамлар сафида бормоқда.

Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро механизмлардан яна бири – БМТнинг «Ёшлар-2030» стратегиясидир. Ёш авлод вакиллари эҳтиёжларини таъминлаш ва салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқларини барча шакл ва кўринишларда кенгайтиришга оид ушбу ҳужжатда қайд этилганидек, “Ёшлар энг бебаҳо ва жуда муҳим ресурс ҳисобланади, шунинг учун уларга сарфланган сармоя кўп карра миқдорларда ўзини қоплайди”.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, Ўзбекистон таклифига кўра, 2021 ва 2022 йилларда ёшлар ҳуқуқлари бўйича 2 та резолюция қабул қилди.  Хусусан, 2021 йил 8 октябрь куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида қабул қилинган Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган.

Ўз навбатида, 2022 йил 4 октябрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 51-сессиясида “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияси қабул қилинди. Унда ёшларнинг ўз мамлакатлари ривожланишидаги иштирокини кенгайтириш, навқирон авлод учун тенг имкониятлар яратиш, ёшларни рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ёшлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ташаббусларни илгари суриш, ёшларнинг ўз ҳаёт тарзига таъсир ўтказадиган қарорларни қабул қилишда қатнашиши каби масалалар ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2022 йил – “Туркий дунёда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Шу негизда Ўзбекистон ва Туркий давлатлар ташкилотининг ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантиришга асосланган ёндашувни илгари суриш борасидаги халқаро сиёсатга содиқлиги жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилди.

 

Янги Ўзбекистон ёшлари: имкониятлари ва истиқболлари

 

– Ўзбекистонда ёшларга ҳар томонлама ва юксак ғамхўрлик кўрсатиш масаласи давлат сиёсатининг устувор соҳаларидан бири ҳисобланади.  Аҳолининг тенг ярмидан кўпини ташкил этувчи ёшлар жўшқин ва серғайрат экани, мамлакатимизнинг замонавий асосларда янада тараққий этишининг таянч куч-қудрати саналгани учун давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Айниқса, янги таҳрирдаги Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама қамраб олиш ҳамда кенг кафолатлашга алоҳида боб ажратилди. Асосий қонунимизга ёшларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш, уй-жойга эга бўлиш, ишга жойлашиш, ҳордиқ чиқаришга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, уларнинг жамият ҳаёти ва давлат ишларида фаол иштирок этишига зарур шароитлар яратиш юзасидан давлат зиммасига муайян мажбуриятлар юклайдиган янги нормалар киритилгани жуда муҳим.

Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида  навқирон авлод вакилларининг ҳуқуқларини таъминлаш ва қонуний манфаатларини кафолатлашга қаратилган изчил ва кўламдор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни йўналишдаги давлат сиёсатининг асоси ҳисобланувчи «Ёшларга  оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунда давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими ҳуқуқий негизда мустаҳкамланган.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда 2021 йилни – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилар экан:

биринчидан, БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;

         иккинчидан, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;

         учинчидан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси институтини таъсис этиш ташаббусларини илгари сурди.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди. Концепцияда ҳал этишга қаратилган асосий вазифалар қаторидан жисмонан соғлом, маънан ривожланган йигит-қизларни тарбиялаш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий ислоҳотларга фаол жалб этиш масалалари ўрин олган.

 Миллий қонунчилигимизга кўра, 30 июнь – Ўзбекистон Республикасида Ёшлар куни этиб белгиланган.  Шунингдек, 2020 йил 30 июнда Президент Фармонига асосан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи – Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш билан бевосита шуғулланадиган ушбу Агентлик 2022 йилдан бошлаб ўз фаолиятида маҳаллаларгача кириб борди. Натижада қисқа вақт ичида 700 минг нафардан зиёд йигит-қизни рағбатлантириш учун уларга “Ёшлар дафтари” воситасида 650 миллиард сўм маблағ ажратилгани эътиборни тортади.

Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрда қабул қилинган “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, илк бор Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 апрелдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ушбу вазирлик фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишларига, жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ташкил этиш; ёшлар ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, унда иштирок этувчи давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мазкур соҳаларда қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш; соҳага оид комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда ёшлар ва спорт соҳасида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш кабилар киради.

Вазирлик, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш; ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, иқтидорини рўёбга чиқариш, ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳам фаол иш олиб бормоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси 1 минг 700 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотини бирлаштиради. Уларнинг 156 тасида 35 ёшгача бўлган ёш раҳбарлар фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатимиздаги ёшлар масалалари билан бевосита шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари орасида Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб–қувватлаш маркази, Республика ёшлар маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Тафаккур” ёшлар тарғибот маркази, “Мерос” ҳунарманд ёшлар ва болалар жамоат бирлашмаси, “Тўмарис” аёллар ва ёшлар маркази, “Фаол ҳаёт” аёллар ва ёшлар нодовлат нотижорат ташкилоти, “Аёл ва шодлик” аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш марказини алоҳида қайд этиш мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси хориждаги ёшларимизнинг муаммолари ва интилишларини тегишли ташкилотлар билан биргаликда умумлаштириш ва таҳлил қилиш ҳамда чет элда ўқиш ёки ишлашни режалаштираётган Ўзбекистон ёшлари учун ўқув қўлланмалари тайёрлаш йўналишидаги амалий ишлар билан машғул.  Ҳозирги вақтда Ассоциация вакиллари ўз фаолиятини Бельгия, Буюк Британия, Германия, Туркия, Миср, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Беларусь, Латвия, Қозоғистон ва Украинада амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Президенти ташаббуслари билан ёшлар ҳуқуқлари мавзусида бир қатор халқаро анжуманлар ҳам ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида 2021 йил 12–13 август кунлари Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида бўлиб ўтган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси шулар сирасига киради. Халқаро анжуман якунида қабул қилинган Тошкент Ёшлар декларациясида, жумладан, Ўзбекистоннинг 3 та халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик ташаббуси қўллаб-қувватланди. Бу ўринда, биринчидан, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияни қабул қилиш, иккинчидан, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Ёшлар кенгашини ташкил этиш, учинчидан, Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш ташаббуслари ҳақида сўз бормоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда 2020 йил 12 август — Халқаро ёшлар кунида “Ёшлар—2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” деб номланган Самарқанд форуми ўтказилди. Ушбу халқаро анжуман якунида қабул қилинган “Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” номли Самарқанд резолюциясида ёшлар тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муҳим ўрин тутишлари, бинобарин, навқирон авлод вакилларининг ўзларига дахлдор қарорлар қабул қилиниши жараёнларида фаол, мазмунли ва инклюзив тарзда иштирок этишлари зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари,  2019 йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 6-семинари “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусига бағишланди. Семинар иштирокчилари қабул қилган якунловчи ҳужжат – ИҲТ аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларациясида  халқаро даражада ва ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ёшлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш йўлида амалга ошириладиган муҳим ташаббуслар баён этилган.

Янада муҳими: Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 5 та устувор йўналиш доирасида жами 100 та мақсадга эришиш кўзда тутилганидан хабардорсиз. Хусусан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган биринчи устувор йўналиш таркибига 44 та мақсад киради.

Бунда таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, ёшлар сиёсати, маънавият масалаларига тааллуқли 156 та амалий чора-тадбир ва 70 та вазифа қамраб олинган. Жумладан, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Стратегияда инсоннинг таълим олишга доир конституциявий ҳуқуқини янада таъминлашга хизмат қиладиган бундай аниқ мақсад-вазифалар анчагина. Бундан ташқари, Стратегия доирасида илм-фан ва инновациялар соҳаси, ижтимоий хизматлар кўрсатиш, ёшларга оид давлат сиёсати ва спортни оммалаштириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошириладиган барча ислоҳотларда инсон, инсоннинг қадри, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфатлари устувор аҳамият касб этади.

 

Халқаро анжуман мақсадлари ва кутилаётган

натижалар

 

– Тошкент халқаро форумининг ташкилотчилари ва иштирокчилари кимлар?

  • Халқаро анжуманни ўтказишда Ўзбекистон Ҳукумати номидан иш кўриш ваколати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига берилган. Шунингдек, мамлакатимиздаги барча ёшлар ташкилотлари анжуман ишига фаол жалб этилади.

Халқаро ҳамкорларимиз сафи ҳам кенг. Тошкент халқаро форумини ташкил этишда, хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Олий комиссар Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, мамлакатимиздаги БМТ оиласи, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Европа Кенгаши, Ф.Эберт фонди (Германия) ва бошқа халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз.

Марказий Осиё ёшлари Тошкент халқаро форумида фаол қатнашади. Тошкент халқаро форумида Марказий Осиё давлатлари ёшларининг иштирок этиши – ушбу жаҳон анжуманининг асосий хусусиятларидан бири ҳисобланади. Зеро, Президентимиз Марказий Осиёга дахлдор барча ташаббусларида минтақамиз ёшларига доимо эътибор бериб келмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти шу йил 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида ҳам Марказий Осиё давлатларининг ёшларга оид сиёсатига алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари ёшларнинг билим ва малакасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, уларни етук малакали кадрлар қилиб тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида шу йўналишдаги халқаро ташкилотлар иштирокида Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этишни таклиф этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Душанбеда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашуви якунида минтақа ёшлари манфаатларини таъминлаш йўлида яна бир муҳим амалий қадам қўйилди. Яъни, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим имзоланди.

Форумда миллий ва хорижий экспертлар, ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари – 1 минг нафарга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

Бўлажак Форум унинг иштирокчилари учун зарурий билимларга эга бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш, долзарб ғоя ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун қулай ахборот-маърифат ва амалий муҳокама-мунозара майдонига айланади, деган умиддамиз. Бунда халқаро анжуман иши давомида сиёсатчилар ва жамоат арбоблари, илмий-академик доиралар намояндалари ва тадбиркорлар ўртасида бўлиб ўтадиган жонли мулоқотлар муҳим аҳамият касб этиши тайин.

«Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари» мавзусидаги халқаро форумнинг асосий мақсади:

▪ ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун халқаро ҳамда минтақавий восита ва механизмларнинг қўлланилиши соҳасини холис таҳлилдан ўтказиш;

▪ ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини ҳимоя қилиш механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича ўзаро фикр алмашиш;

▪ ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлиги борасида жамиятнинг хабардорлиги ва тушунчасини ошириш;

▪ ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул амалиёти ва самарадор механизмларини муҳокама қилиш ҳамда бу йўналишдаги илғор тажрибаларни ўрганиш;

▪ ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат ва қонунчиликни тарғиб этиш ҳамда қўллаб-қувватлаш;

▪ давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва ёшлар ташкилотлари ўртасида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

▪ ёшларни уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш ва режалаштириш жараёнларига жалб этиш;

▪ ёшларнинг тенг имкониятларини таъминлаш, салоҳиятини ўстириш ва ҳаётини фаровонлаштиришга қаратилган дастур ҳамда лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва ривожлантирилишини рағбатлантириш;

▪ келгусида ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги амалий ишлар ва сиёсий ташаббуслар учун пойдевор бўлиб хизмат қиладиган қарорлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш;

▪ ёшлар ҳаётига дахлдор қарорларни қабул қилиш жараёнларида имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар ҳуқуқлари, гендер тенглик, кенг кўламли иштирок ва муносиб улуш қўшилишини таъминлашдан иборат.

Шу асосда «Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари» мавзусидаги халқаро форумда якуний ҳужжат – Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиё декларацияси ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда. Унда Форумнинг асосий натижалари ва амалий тавсиялари ўз мужассамини топадики, ўз навбатида, бундай муҳим ҳужжат истиқболда ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги янги саъй-ҳаракатлар ва илғор ташаббуслар учун мустаҳкам тагзамин вазифасини ўташига ишончимиз комил. Чунки, улуғ немис файласуфи Гёте таъбири билан айтганда, “Гарчи бутун дунё олға ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, ёшлар бу жараённи ҳар сафар янгидан бошлаши керак”.

 

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди.

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 21 октябрь кунги 219 (1008)-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech