20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни
Инсон ҳаётининг энг муҳим даври – болалик. Ёш авлоднинг баркамол ва етук шахс сифатида шаклланишида таълим ва тарбиянинг, оила ҳамда катта авлод вакилларнинг ўрни беқиёс.
Дунёнинг барча мамлакатларида болаларга алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шундай экан, болаларга ғамхўрлик қилиш, қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш – уларнинг келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевор ҳисобланади.
БМТ 1954 йилда 14 декабрда бутун дунёда болалар фаровонлигини таъминлаш ҳамда мазкур ташкилотнинг болалар бўйича фаолиятини кенгайтириш ва кучайтириш мақсадида барча мамлакатларга 20 ноябрни “Бутун жаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида кенг нишонлашни тавсия қилгани бежиз эмас. Зеро, БМТ Бош Ассамблеяси 1959 йилнинг айнан шу кунида Бола ҳуқуқлари декларациясини, 1989 йилнинг ушбу санасида эса Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилган.
Бола ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш масаласи Ўзбекистон учун доим устувор мақсадлардан бири бўлиб келмоқда. Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг, 1992 йил 9 декабрда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар ичида биринчи бўлиб Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани бунинг яққол намунасидир.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар тақдим этиб боради. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига 5 та даврий маъруза тақдим этилди.
2022 йил 29 август – 23 сентябрь кунлари БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессияси бўлиб ўтди. Мазкур сессия давомида, яъни 31 август – 1 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажарилиши юзасидан Бешинчи даврий маърузаси кўриб чиқилди.
БМТ Қўмитасининг ушбу сессиясида болалар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, жумладан, боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, болаларга дўстона одил судлов тамойилларини жорий этиш, болаларга нисбатан камситишнинг олдини олиш, болаларнинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқларини таъминлаш, таълим олиш, малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш, болалар меҳнатини олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Сессия якунида БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари юзасидан ўзининг Якуний тавсия ва мулоҳазаларини тақдим этди. Бу ҳужжат 2022 йил 27 октябрда тасдиқланган бўлиб, жами 52 та бандга бирлашган тавсиялардан иборат.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим. 2023 йил 10 декабрда бутун инсоният учун энг муҳим ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига 75 йил тўлади. Бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш кампанияси қизғин давом этмоқда.
Айни жараён инсон ҳуқуқларининг универсаллиги ва ажралмаслиги ҳақидаги билимларни чуқурлаштириш, шунингдек, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш имкониятларини, айниқса, ёшлар ўртасида кенгайтиришга қаратилган. Ушбу ташаббус Декларацияда акс эттирилган инсон ҳуқуқлари инфратузилмасини тиклаш, мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга ёрдам беради.
2023 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларасияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармони имзоланди. Фармон билан 30 банддан иборат тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, ундан халқаро шартномаларни ратификация қилиш ва уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўрин олган.
Шу тадбирлар қаторида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари бажарилиши бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласи ҳам бор.
Мазкур фармон ижроси доирасида масъул давлат органлари ва ташкилотлар, жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси якуний мулоҳазаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) ишлаб чиқилди.
Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси 2023 йил 17-20 май кунлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё минтақавий бўлими ҳамда БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган семинарда 30 дан ортиқ манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакиллари билан бирга муҳокама қилинди.
Кейинги босқичда БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари бажарилиши бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси вазирлик ва идоралар билан келишилди. Сўнгра Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш бўйича Парламент комиссиясига тасдиқлаш учун киритилди.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” деган тамойилга амал қилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда “Ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз Асосий қонунига боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилди. Миллий қонунчилик бола ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга тўла-тўкис мувофиқлаштирилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди. Бу борада давлатнинг мажбуриятлари кенгайтирилди.
Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳаётга жорий қилишга қаратилган.
2021 йил 7 декабрдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, 13 ёшга тўлган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши бекор қилинди. Жиноий жавобгарликка тортиш 14 ёшдан бошланиши белгиланди. Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишда педагог билан бир қаторда психолог ҳам қатнашиши белгиланди.
2023 йил 12 апрелда қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиб, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланди. Бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилди.
Аҳолининг 40 фоизини болалар ташкил этган Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш устувор аҳамиятга эга. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакики (Болалар омбудсмани) лавозими ташкил этилди.
Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг “Болалар манфаатлари уларга тегишли барча қарорлар қабул қилиш жараёнида доимо эътиборга олиниши лозим” деган тамойили татбитқ этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030 стратегияси”да болалар ҳуқуқ ва манфаатларини янада такомиллаштиришга қаратилган 10 дан ортиқ чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, бола ҳуқуқлари кафолатларини янада такомиллаштириш йўлидаги изчил ислоҳотларимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига ҳамоҳангдир. Ўзбекистонда ҳам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларасияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган глобал кампанияга старт берилиши ҳамда бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, қатор тадбирлар амалга оширилаётгани – мамлакатимизнинг асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқлигини намоён қилади.
Ҳусниддин Холмаматов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси
- Қўшилди: 20.11.2023
- Кўришлар: 2793
- Чоп этиш