ЎЗБЕКИСТОН ВА ГЕРМАНИЯ: АМАЛИЙ МУЛОҚОТЛАР, САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИК

Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси жорий йилнинг 15 – 18 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлди.

Ташриф доирасида  Германиянинг 20 га яқин юқори мартабали давлат мулозимлари, парламент аъзолари, инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият олиб бораётган етакчи ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, илмий доира вакиллари билан очиқ ҳамда конструктив мулоқотлар ўтказилди.

Хусусан, мамлакатимиз делегацияси 15 ноябрь куни Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими бошлиғи Кристин Линке, ушбу Жамғарманинг Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси Шарлотта Диетрих билан учрашди. Музокараларда 2017-2023 йилларда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоаҳанг экани таъкидланди. Ўзаро амалий муносабатларни ривожлантириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Фридрих Эберт номидаги жамғарма ўртасида 2024 йилга мўлжалланган Ҳамкорлик меморандумини тузиш таклиф этилди.

16 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Германия институти директори профессор Бейт Рудольф, 37 йил Германия Бундестагида депутат бўлган собиқ Федерал адлия вазири Ҳерта Дойблер-Гмелин, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамиятининг Ўзбекистон бўйича катта менежери Нина Либих билан музокаралар ўтказилди. Унда мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар, хусусан, 2023 йил 30 апрелда референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмуни ҳамда аҳамияти, янгиланган Конституция қабул қилинишида умумхалқ муҳокамасидан, фуқароларимизнинг таклиф ва тавсияларидан кенг фойдаланилгани, ушбу жараённи ташкил этишда амалга оширилган чора-тадбирлар, шу жумладан аҳолининг кўпроқ қисмини қамраб олиш мақсадида рақамли технологиялардан кенг фойдаланилгани ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу маълумотлар германиялик экспертларда катта қизиқиш уйғотди.

Жумладан, собиқ федерал адлия вазири, халқаро эксперт Ҳерта Дойблер-Гмелиннинг таъкидлашича: “Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш тажрибасини жаҳон миқёсида оммалаштириш керак. Бу янги тажриба Германия учун ҳам қизиқарлидир”.

Шу куни мамлакатимиз делегацияси Германия Бундестагида парламент аъзоси Андреас Ларем, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлигининг парламентдаги штат котиби Нильс Аннен билан ҳам учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов иштирок этди.

Музокараларда мамлакатимизда халқ муҳокамаси асосида янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилингани, конституциявий ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида миллий қонунчилигимизни ислоҳ этиш, шу жумладан мамлакатимиздаги кодексларни ҳам янги таҳрирда қабул қилиш жараёни давом этаётгани таъкидланди. Ўзбекистондаги парламент ислоҳотлари, жумладан келгуси йилда ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловларда аралаш сайлов тизимидан, яъни ҳам можаритар, ҳам пропорционал сайлов тизимидан фойдаланиш муҳокама қилинаётгани, бу борада илғор хорижий давлатлар қаторида Германия парламенти тажрибасини ўрганиш кўзда тутилгани айтилди.

Германия парламенти аъзолари томонидан Олий Мажлисда “электрон парламент” тизими жорий этилгани, парламент мажлислари You Tube платформасида мунтазам намойиш қилиниши ижобий баҳоланди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган инсонпарвар ва демократик ислоҳотлар ҳақида самимий фикрлар билдирилди.

Бундестаг депутати Андреас Ларем қуйидагиларни эътироф этди: “Мамлакатингизда ўтказилган референдумни ижобий баҳолайман ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ишлаб чиқилгани билан самимий қутлайман. Шахсан ўзим мамлакатингизга икки маротаба ташриф буюриб, сўнгги йиллардаги ўзгаришларни кўрдим. Ўзбекистонда инсон капитали, табиий ресурслар, савдо-сотиқ ва бошқа соҳаларда жуда катта салоҳият бор. Ўзбекистон – Марказий Осиё минтақасида муҳим ва марказий роль ўйнаши мумкин бўлган давлат.

Таққослаб кўринг, Европа Иттифоқи доирасида Германия – ўз ҳудуди бўйича энг катта мамлакат эмас, аммо энг муҳим мамлакат. Марказий Осиёда Қозоғистон ҳудуди бўйича каттароқ, лекин ривожланиш нуқтаи назаридан Ўзбекистон муҳимроқ давлатга айланиши мумкин.

Фикримча, Ўзбекистон ҳозирги ривожланиш йўлидан давом этса, демократик танловга асосланган янги механизмларни жорий этишда давом этса, Марказий Осиёда ўрнак бўлдиган давлатга айлана олади”.

Германия парламенти аъзолари билан юқори даражадаги учрашувлар 17 ноябрь куни давом этди. Германия Бундестаги директори Майкл Шафер, Бундестагнинг Халқаро алмашинув дастурлари бўлими бошлиғи Беттина Гизеке, Парламентлараро ҳамкорлик дастурлари координатори Ян Фальбуш, Германия социал-демократик партиясининг ташқи ишлар бўйича Спикери Нильс Шмид билан музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари, давлатимизнинг оқилона ҳамда прагматик ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиё минтақаси интеграциялашиб бораётгани, минтақада мавжуд муаммолар, шу жумладан чегара, сув ҳамда ижтимоий масалалар билан боғлиқ кўплаб муаммолар ҳал этилгани эътироф этилди.

Бундестаг аъзолари мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ва миллий қонунчиликдаги, парламент ва сайлов тизимидаги ислоҳотларни юксак баҳоладилар.

Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, сўз ва ахборот эркинлиги, ОАВлар ҳамда ННТ фаолиятининг мустақиллиги, виждон эркинлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органларида зўравонлик ва қийноқларнинг ҳар қандай шаклларига йўл қўймаслик борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилгани эътироф этилди.

Жумладан, Германия социал-демократик партиясининг ташқи ишлар бўйича Спикери Нильс Шмиднинг фикрлари диққатга сазовор: “Ўзбекистондаги ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб боряпман. Таассуротим шундайки, мамлакатингиз, биринчи навбатда, урғуни барқарорлик парадигмасига қаратмоқда. Давлат органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофлик ортиб бораётганини кузатяпмиз.

Бизда Ўзбекистон билан алоқаларни чуқурлаштиришга катта қизиқиш бор. Айниқса, парламентларимиз миқёсида. Шунингдек, нафақат давлат раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирлари доирасида, балки тегишли соҳа вазирлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро учрашишлари зарур”.

Ўзбекистон Германия парламенти ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан конструктив мулоқот ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни давом эттиришга доим тайёр экани таъкидланди.

Шунингдек, 2024 йилда Германия делегациясининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида “Замонавий конституционализм: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида халқаро форум ўтказиш таклиф этилди.

17 ноябрь куни Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳью Уильямсон, Германия ташқи алоқалар кенгашининг Шарқий Европа, Россия ва Марказий Осиёда тартиб ва бошқарув маркази раҳбари Стефан Мейстер билан ҳам музокаралар ўтказилди.

Ташрифнинг сўнгги кунида мамлакатимиз делегацияси Германия социал-демократик партиясининг ташқи ишлар бўйича Спикери, парламент аъзоси Нильс Шмид ва Фридрих Эберт номидаги жамғарма масъуллари ҳамроҳлигида Берлиндаги Жеймс Симон галереясида ташкил этилган “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари – Буюк Александрдан Кушон империясигача” номли кўргазма билан танишди.

Мамлакатимизнинг бой ва қадимий тарихидан гувоҳлик берувчи ушбу кўргазма барчада катта таассурот қолдирди. Уни ҳозирга қадар 200 мингдан зиёд ташриф буюрувчи томоша қилгани эса юртимиз тарихига халқаро миқёсда қизиқиш юқори эканининг яна бир далилидир.

Ташриф доирасида Ўзбекистонда ва Германияда ўтказиладиган ҳуқуқий мавзулардаги конференция ҳамда форумларда икки давлат экспертларининг иштирокини таъминлаш, инсон ҳуқуқларига оид немис тилидаги китобларни ўзбек тилига, ўзбек тилидаги нашрларни немис тилига таржима қилиш ва оммалаштириш бўйича ҳам келишувларга эришилди.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech