Бокуда “Ўзбекистон маданий мероси Озарбайжон тўпламларида” китоб-альбомининг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди

Озарбайжон зиёлиларига Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти фаолияти ҳақида маълумот берилди.

25 январь куни Бокудаги Гейдар Алиев марказида Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари доирасида тантанали кеча бўлиб ўтди. Тадбирда Бутунжаҳон жамиятининг нашриёт лойиҳалари тақдимоти, шунингдек, “Ўзбекистон маданий мероси Озарбайжон тўпламларида” номли безакли китоб-альбом тақдимоти ўтказилди. Китоб-альбомда Муҳаммад Фузулий номидаги Озарбайжон Қўлёзмалар институти, Озарбайжон миллий санъат музейи, Озарбайжон тарихи миллий музейи ва Озарбайжон гилам музейида сақланаётган ўзбек миллий санъатининг нодир намуналарига эътибор қаратилган.

Тадбирда Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти, музей ва кутубхоналар, илмий-тадқиқот институтлари директорлари, Озарбайжоннинг таниқли фан ва маданият арбоблари, жами бир ярим мингдан ортиқ киши иштирок этди. Тадбир иштирокчиларига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз маданий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш борасидаги ташаббуслари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Олимларнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида тўпланган ноёб фактологик материаллар ўзбек меросини бутун дунёда янада чуқур ўрганиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

– Биз Бутужаҳон жамиятининг бир қисми сифатида фаолият олиб бораётганимиздан ва “Ўзбекистон маданий мероси Озарбайжон тўпламларида” китоб-альбомини нашр этиш бўйича мутахассисларимиз томонидан олиб борилган изланишлардан фахрланамиз, – деди академик, Озарбайжон тарихи миллий музейи бош директори Наиля Велинхали. – Халқларимиз ўртасида шаклланган кўп асрлик алоқалар натижасида бой маданий қатлам шаклланган, бугунги кунда биз уни асраб-авайлаяпмиз ва ўрганяпмиз! Буларнинг барчаси давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва кўмаги, маданият ва маънавият масалаларга эътибори туфайли амалга ошмоқда. Ушбу масалалар Ўзбекистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам асосий устувор йўналиш ҳисобланади. Нашр этилаётган китоб-альбомлар тадқиқотчиларнинг янги авлодларига ушбу тарихий мерос билан яқиндан танишиш имкониятини тақдим этаётганидан мамнунмиз!

Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти директори, академик Теймур Гашим ўғли Каримлининг таъкидлашича, Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти ва Бутунжаҳон жамияти ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари асоси 2022 йилда шаклланган. “Биз институтимиз кутубхонаси учун нашриёт тўпламининг навбатдаги 15 жилдини олганимиздан мамнунмиз. Куни кеча Озарбайжон Республикасида ўтказилаётган Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари доирасида “Ўзбекистон-Озарбайжон: маданиятлар мулоқоти” мавзуида давра суҳбати ўтказдик, бугун эса барчамиз биргаликда Гейдар Алиев маркази саҳнасида турибмиз ва умумий меҳнатимиз, “Ўзбекистон маданий мероси Озарбайжон тўпламларида” номли китобимизни тақдим этиш ва ўзбекистонлик дўстлар билан келгусидаги ҳамкорлигимиз истиқболларини муҳокама қилиш учун ажойиб имкониятга эга бўлмоқдамиз! Ўзбекистонга раҳмат!”

Тақдимот маросими доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) номидан янги китоб-альбом яратишда иштирок этган 20 дан ортиқ озарбайжонлик олимларга миннатдорчилик ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Ёрлиқлар академик, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси таҳрир ҳайъати раиси Акмал Саидов, Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов ва Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) мутахассислари томонидан топширилди. Тадбирда Бутунжаҳон жамияти Васийлик кенгаши раиси, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси ҳомий компанияси раҳбари Бахтиёр Фозиловнинг табрик сўзи ўқиб эшиттирилди. У ўз мурожаатида Ўзбекистоннинг шонли тарихи ва маданиятининг янги қирраларини дунёга очиб бераётган бебаҳо экспонатларни асраб-авайлаб, ўрганаётган Озарбайжон музейлари олимлари, раҳбарияти ва ходимларига самимий миннатдорлик билдирди. “Ўзаро ҳурмат, тенглик ва ишонч тамойиллари асосидаги муносабатларимизни кенгайтириш ва уларнинг пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз”.

Бутунжаҳон жамиятининг ноёб нашриёт дурдоналари энди Гейдар Алиев марказини безаб туради – марказ вакилларига “Ўзбекистон маданий мероси” туркумига оид 50 жилдлик китоб-альбомларни олиш учун сертификатлар топширилди. Ўзбекистоннинг Озарбайжон Республикасидаги элчихонасига китоблар тўплами совға қилинди.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва Озарбайжон Кинематография агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши Фан ва маданият кунларининг муҳим воқеасига айланди. Ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов ва Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Орхан Фикрет ўглу имзолади. Иштирокчилар Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигида суратга олиниши режалаштирилган “Мақсуд Шайхзода” фильми анонси билан танишди. Гейдар Алиев маркази Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги элчихонаси кўмагида Янги Ўзбекистонда фан ва маданият соҳасига оид лойиҳаларни амалга ошириш учун ажойиб майдонга айланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тарихий шахслари ҳаёти ва хизматларига бағишланган 50 та фильмдан иборат “Тирик тарих” туркумини яратиш тўғрисидаги топшириғи ана шундай муҳим ташаббуслардан бири бўлди. 7 йилга мўлжалланган дастур лойиҳасига киритилган фильмлардан бири “Мақсуд Шайхзода” ко-продукцион картинасидир. Ўтган йили Ўзбекистон Кинематография агентлиги хорижий давлатлар билан қатор меморандумлар имзолаган бўлса, янги 2024 йил Озарбайжон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда “Мақсуд Шайхзода” фильмини яратиш бўйича меморандумнинг имзоланиши билан бошланди. Ишонамизки, ҳамкорликда яратилаётган мазкур фильм Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари томонидан севиб томоша қилинади ва халқларимизнинг умумий маданий алоқаларини сақлашга муҳим ҳисса қўшади, – деди Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги директори, Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.

Тадбирнинг расмий қисми Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан тайёрланган концерт дастури билан якунланди. Унда Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров, ўзбек эстрадаси юлдузлари Озода Нурсаидова, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Гулянаг Мамедова ҳамда таниқли опера хонандаси, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов иштирок этишди.

Darakchi.uz 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech