Сенатнинг эллик биринчи ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг Ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги 156-сонли Конвенциясини (Женева, 1981 йил 23 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидлангандек, Халқаро меҳнат ташкилотининг 156-сонли Конвенциясининг мақсади – хақ тўланадиган ишни бажарадиган ёки бажаришни хохлайдиган, ишлаётган аёллар ва эркаклар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятларни таъминлаш, оилавий мажбуриятларга эга бўлган шахсларнинг камситишга учрамаган ҳамда имкон қадар касбий ва оилавий мажбуриятларни уйғун тарзда бирлаштирган холда ўз ҳуқуқларидан фойдалана олишдир.
Халқаро меҳнат ташкилотининг 156-сонли Конвенцияси иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларига ва барча тоифадаги ишчиларга нисбатан қўлланилади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур Конвенциянинг барча талаблари Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигига тўлиқ имплементация қилинган.
Конвенция ҳозирги кунга қадар Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлган 187 та давлатнинг 45 таси томонидан ратификация қилинган. Улар қаторида Норвегия, Швеция, Испания, Франция, Япония, Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Озарбайжон ва Қозоғистон каби мамлакатлар бор.
Сенаторлар фикрича, Конвенцияни ратификация қилиш келгусида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришда меҳнат муносабатларига тааллуқли бўлган талабларни, халқаро стандартларни самарали жорий этиш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунлари бўйича Қонун маъқулланди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 01.04.2024
- Кўришлар: 1769
- Чоп этиш