Мажлисда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда

Мажлисда кўриб чиқилган қонун лойиҳаси ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, унда бир қатор нормалар акс этмоқда. Жумладан, лойиҳада БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ “муомала” ва “оқилона мослаштириш” каби тушунчалар киритилиб, уларга таъриф берилмоқда.

Шунингдек, мазкур қонуннинг 30-моддаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқига оид норма билан тўлдирилмоқда. Бундан ташқари, уларнинг бошқалар билан тенг равишда жамият ва давлат сиёсий ҳаётида бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш борасидаги ҳуқуқлари кафолатланмоқда.

Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасида таклиф этилаётган янги нормалар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга ҳамда ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалар ва баҳс-мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шу билан бирга, лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech