КИТОБ – ҲАЁТ САБОҒИ

2 апрель — Халқаро болалар китоби куни

 

Болалар китоби, бошқача айтганда, болалар адабиёти – болалар ва  ўсмирлар учун яратилган бадиий, илмий, илмий-оммабоп ва  публицистик асарлар мажмуидир, дея таъриф берилади миллий қомусларимизда. Бундай китобларнинг асосий қисми бадиий  асарлар ва албатта, эртак ва достонлардан иборат бўлади.

Шу маънода, 1967 йилдан буён 2 апрель – машҳур эртакнавис адиб Ҳанс Кристиан Андерсеннинг туғилган куни бутун дунёда “Халқаро болалар китоби куни” сифатида нишонланиши бежиз эмас. Бу маърифат байрами болаларда китоб ўқишга меҳр уйғотиш ва эътиборни жалб қилиш мақсадида Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши (International Board on Books for Young People — IBBY) ташаббуси билан таъсис этилган.

Маълумотларга қараганда, IBBY 1953 йили Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ЮНЕСКОнинг Болалар ва ўсмирлар адабиёти бўйича халқаро кенгаши томонидан ташкил этилган. IBBY Низомига мувофиқ, ҳар бир давлатда унинг миллий шўъбаси ташкил этилиши мумкин. Бундай миллий шўъбанинг асосий мақсади болалар ва ёшлар учун миллий адабиётни халқаро миқёсда ривожлантириш ва оммалаштиришга кўмаклашиш учун ижодий ва ижтимоий кучларни бирлаштиришдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан 2022 йил январь ойидан бошлаб Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Республика болалар кутубхонаси, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси иштирокида IBBYда Ўзбекистон Республикасининг Миллий шўъбаси ташкил этилди.

IBBY Миллий шўъбалари Халқаро болалар китоби кунининг халқаро ташкилотчиси (ҳомийси) бўлиш имкониятига эга. Ташкилотчи давлат IBBY ижроия қўмитаси томонидан танлов асосида аниқланади. Ташкилотчи Халқаро болалар китоби кунининг тегишли йилдаги мавзусини белгилаш, бутун дунё болаларига Мурожаатнома ёзиш учун мезбон мамлакатнинг машҳур муаллифини ва махсус афишани лойиҳалаш учун таниқли рассомни таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу материаллардан китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш учун фойдаланилади.

Халқаро болалар китоби куни санасига асос солинганида, камина атиги 3 ёшда бўлган. Шунинг учун болалик йилларимда бундай китоб байрами борлигидан ва унинг оламшумул мазмун-моҳиятидан мутлақо бехабар бўлганман. Шу боисдирки, ҳам кичик ёшлиларга, ҳам катталарга мўлжалланган китобларни бирдек ўқийверганман.

Албатта, ака-опаларим фақат ўз ёшимга мос асарларни мутолаа қилишим учун айнан шундай китобларни тез-тез совға қилиб туришарди. Натижада уйимиздаги кутубхона Шарқнинг улуғ шоиру адибларидан – Кайковуснинг «Қобуснома», Шайх Саъдийнинг «Гулистон» ва «Бўстон», Жомийнинг «Баҳористон», Алишер Навоийнинг «Мантиқ ут-тайр»,  Гулханийнинг «Зарбулмасал» китоби каби нодир асарлар, шунингдек, турли эртак ва достонлар, болалар учун ёзилган шеърий тўпламлар билан тўлдирилганди.

Ўша даврда катта акам Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олгани Ғарб адабиёти намуналари билан ҳам барвақт танишишим учун қулай имконият туғдирган. Яъни, машҳур ҳикоянавис адиб Ҳанс Кристиан Андерсеннинг “Қор маликаси” номли эртаклар китоби билан бир қаторда, атоқли адиблар Жонатан Свифт ёзган «Гулливернинг саёҳатлари», Даниэл Дефонинг «Робинзон Крузо», Гарриет Битчер-Стоу қаламига мансуб «Том тоғанинг кулбаси» сингари жаҳон адабиётининг ноёб асарларини болалик йилларимдаёқ ўқишга муяссар бўлганман.

Болаликдан кўп ва сара китоблар мутолаа қилишнинг фойдаси катта. Бу борадаги шахсий тажрибамга келсак, ҳали ўн ёшга кирмасимданоқ сўз бойлигим ортиб, ўз фикрларимни ўзбек адабий тилида оғзаки ва ёзма алфозда эркин баён этиш лаёқатим шакллана бошлаганини яхши эслайман.

Мисол учун, олтмишдан ошган бўлсам ҳам, ҳалигача денгиз саёҳатига чиқмабман. Аммо, биргина Жюль Верн китобларини ўқиш асносида кема билан боғлиқ лангар, штурвал, елкан, палуба, мачта, каюта каби юзлаб нотаниш сўзларнинг ҳар бири қандай маъно ташишини ўн ёшга кирмай туриб ҳам яхши билганман.

Китобдан олган бу билимим ҳаёт йўлларида қандай наф берди, дерсиз? Гап шундаки, худди шу билим туфайли Навоий бобомизнинг асарларидаги денгиз сайри ва кема билан боғлиқ ғаройиб ташбеҳу тимсолларнинг мағзини чақишим осон кечди. Қаранг: Алишер Навоий қаерда-ю, Жюль Верн қаерда, биз туғилиб-ўсган Мовароуннаҳр даштлари қаерда-ю, атоқли француз адиби тараннум этган уммондаги ғаройиб саёҳатлар қаерда!..

Ўқувчилик давримизда “Кундалик дафтар”нинг охирги бетида ўқиган китобларимизнинг номини қайд этиш учун махсус жадвал бўлар эди. Биргина ёзги таътилда уй ва дала ишларидан ортиб, ўқишга улгурган китобларим рўйхати ўша жадвалга доим сиғмай қоларди.

Синфдош болалар, одатда, дарслар тугаганидан кейин мактаб яқинидаги тепалик бағрида тўпланардик. Ҳар гал янги ўқиган китобимнинг маъно-мазмунини уларга берилиб сўзлардим. Тенгқурларим эса оғзаки ҳикоямдан олган завқ-шавқини баҳам кўришарди. Сўнг ҳаммамиз эртага кутубхонадан албатта китоб олиб ўқишга аҳд этардик ва уй-уйимизга мамнун тарқалардик.

Болалар катталарга мўлжалланган китобларни ўқиса ёмонми? Фикри ожизимча, инсон дунёқараши ва феъл-атворининг мақбул йўсинда шаклланиб бориши учун мутолаанинг ёш билан боғлиқлигига эътибор қаратиш ҳар томонлама ўринлидир.

Шахсий тажрибамга кўра, ака-опаларим ва ўқитувчиларимнинг чекловларидан қатъи назар, катталарга мўлжалланган китобларни яширинча ўқиганман. Шу ҳолат билан боғлиқ иккита кечинмамга тўхталаман.

Аввало, катталарга мўлжалланган китоблар мутолааси чоғида айрим сўз ва атамаларни тушунишда қийналганман. Масалан, Франсуа Рабленинг «Гаргантюа ва Пантагрюэль» ҳажвий романини ўқир эканман, матнда бот-бот учраган “пиво” сўзи нимани англатишини билмаганман. Шунинг учун ўша сўзни ўзбекчасига “пиёва” деб ўзимча талқин қилганман.

Пиёва – пиёздоғ ва сувдан тайёрланган гўштсиз суюқ овқат, яъни ёвғон шўрва, дегани. Аслида, “пиёва”нинг “пиво”га ҳеч қандай алоқаси йўқ. Лекин ёш бола буни қаёқдан билсин? Ана шу “билимсизлигим” эса мутолаа асносида янгидан-янги жумбоқларни келтириб чиқарган. Яъни, китоб қаҳрамонлари олис денгиз саёҳати якунида ниҳоят уфқда ер кўринаётгани ҳақидаги хушхабарни кема саҳнидаги бочкадан ёғоч кружкаларда пиво ичиш билан нишонлайди.

Ўшанда болаларча тафаккурим саволлар исканжасида қолган. Пиво (менинг талқинимда – пиёва) нима учун қозонда эмас, балки бочкада турибди?  Хўп, қозон – бу бочка, дейлик. “Кружка” – косами ёки қошиқ? Ёғочдан эканлиги қошиқлигига далолат беради. Аммо, қозондаги пиёвани қошиқ билан ичиб бўлмайди-ку! Коса қани?..

Яна бир кечинма – ажнабий сўзлар талаффузига боғлиқ. Эътибор берганмисиз, хорижий тилни астойдил ўрганишга киришган инсон баъзан ҳатто ўз она тилидаги энг қадрдон сўзларни ҳам бузиб талаффуз эта бошлайди.

Мен ҳам катталарга мўлжалланган китобларни ўқишда шундай ҳолатга дуч келганман. Хориж адбиётининг ўзбекча таржимасида ажнабий сўзлар анча-мунча учраб турарди. Уларни қандай тўғри талаффуз қилиш кераклиги юзасидан катталарга мурожаат қилсам, китобимни олиб қўйишлари тайин. Шунинг учун асосан телевизор ва радиодаги хорижий тилдаги кўрсатув ҳамда эшиттиришларда мен ўқиётган китобда учраган ажнабий сўзлар қандай талаффуз этилишини билиб олишга интилардим.

Бир гал жуда қизиқ бўлган. Қуйи синфнинг “Ўқиш” китобидан берилган уй вазифасини бажармадим. Чунки ўқиб келиш топширилган ўша “Искабтопар” номли митти ҳикоядан кўра хорижий адибнинг муҳташам романи мен учун чандон мароқли эди.

Афсуски, баҳоларим кўп бўлишига қарамай, ўқитуви мендан уй вазифасига берилган ҳикояни ўқишимни сўраган. Менга, бир томондан, уй вазифасини бажармаганимдан хижолатпазлигим, иккинчи томондан, ажнабий сўзларни ўз-ўзимча талаффуз қилиш оламига “ўралашиб” қолганим панд берган ўшанда.

Яъни, “искабтопар” сўзини уч ё тўрт марта “искубатор” тарзида “ўқибман”. Синфдошларим мириқиб кулишди. Яхши ҳамки, ўқитувчим мени тушунди. Партамнинг устидаги салмоқли романни варақлар экан:

– Ғулом, бу сўз ажнабий эмас, ўзимизнинг ўзбекча атама, яъни “ўз ўлжасини искаб топади”, деган маънони беради. Энди яна ўқиб кўр: “Ис-каб-то-пар”, – дея бўғинма-бўғин талаффуз қилиб, шогирдига меҳр ва маърифатини намоён этганди илк устозим...

Мавзуга қайтадиган бўлсак, жаҳон  халқлари, шу жумладан ўзбек халқи болалар адабиёти тез  айтиш, топишмоқ, ўйин қўшиқлари, ривоят, афсона, эртак, мақол, масал ва достон сингари аксарият қисми болаларга  мўлжаллаб яратилган оғзаки ижод намуналаридан бошланади. Шундай асарларни ўзида жамлаган айрим китоблар аслида болаларга  мўлжалланмаган бўлса-да, кейинчалик айнан болаларнинг китоби сифатида эътироф этилиши ҳам табиий ҳол.

Соҳа мутахассисларининг фикрича, болалар адабиётининг ўзига  хос  хусусияти – ўзгарувчан ҳодиса бўлиб, у китобхоннинг ёши, тарихий  давр ва ижтимоий муҳит билан бевосита боғлиқ. Китобхон ёшини ҳисобга олиш болалар адабиётининг энг асосий фазилатларидандир. 

Мактабгача ёшдаги болаларда бу муҳим омил кўргазмалилик, эзгулик ва  ёвузлик кучларининг оддий кўринишдаги зиддиятларига асосланган бўлса, ўсмирлар учун яратилган адабиётда мураккаб ҳаётдаги мураккаб кишиларнинг руҳияти очила бошлашида кўринади. Ушбу хусусият инсоннинг ёш поғоналари билан боғлиқ китоблар талқинида янада мураккаблашиб, кенгайиб ва тобора чигаллашиб бораверади. Зотан, китоб – ҳаёт сабоғидир.

Энг муҳими, шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ёш авлодни эзгу инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаши ҳам фарз, ҳам қарз. Бунда бадиийлик билан бир қаторда маърифийлик, одамийлик етакчи  ўрин  тутиши даркор. Чунки болаларга мўлжалланган китоблар фарзандларимизни инсоний фазилатлар руҳида тарбиялашга хизмат  қилиши лозим.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech