СМАРТФОНЛАР БОЛАЛАРНИНГ ТАЪЛИМ ОЛИШИГА ХАЛАЛ БЕРАДИ(МИ?)

3 апрель – қўл телефонининг туғилган куни

Бугунги илғор технологиялар даврида смартфон – бу сенсорли, яъни ойна экранли ва сўзлашиш ҳамда ёзишмалар олиб боришдан ташқари, онлайн-мулоқот қилиш, суратга тушириш, видеотасвирга олиш, мусиқа тинглаш, фильмлар томоша қилиш, зарур ахборотни Интернет тармоғи орқали излаш, олиш ва юбориш каби қўшимча қулайликлардан фойдаланиш имкониятини берувчи замонавий қўл телефони эканини ёш бола ҳам яхши билади.

Дунёнинг 14 та мамлакатидан жамланган маълумотларга қараганда, худди шу қўл телефонлари ўқувчиларнинг хаёлини чалғитмоқда ва таълим олишларига салбий таъсир кўрсатмоқда экан. Бинобарин, жаҳон мамлакатларининг салкам тўртдан бир қисми томонидан мактабларда смартфонлардан фойдаланиш тақиқланган.

ЮНЕСКОнинг таълимга замонавий технологиялар таъсири мавзусидаги 2023 йили эълон қилинган маърузасида шу ҳақда сўз боради. Маъруза муаллифлари бу борадаги вазиятни таҳлил қилиш осон кечмаганини очиқ тан олганлар. Бунинг сабаби технологияларнинг ҳаддан ортиқ шиддат билан ривожланаётганида: чунки ўртача ҳар 36 ойда янги русумдаги ускуналар пайдо бўлмоқда.

Асосий хулоса шуки, технологиялар миллионлаб ўқувчиларнинг таълим олишида қўл келаётгани эътирофга сазовор. Бироқ айни шу тараққиёт қулайликларидан бебаҳра қолаётганлар сони бундан ҳам кўпчиликни ташкил этади.  Жумладан, фойдаланиш учун қулай ва универсал технологиялар ногиронлиги бўлган ўқувчиларга кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Кўриш борасида муаммоси бўлган катта ёшли инсонларнинг қарийб 87 фоизи қайд этишича, улар учун кўз ўрнини ўтайдиган анъанавий воситалар замонавий технологик ускуналарга жой бўшатаётгани жуда мақбул.

Ер юзининг одам қадами етиши қийин ҳудудларида анъанавий таълим услублари  радио, телевидение ва қўл телефонларига ўз ўрнини бўшатиб бермоқда. Дунёнинг салкам 40 та мамлакатида ўқув жараёнларида радиодастурлардан фойдаланилади. Хусусан, Мексикада телевизион дарслар билан анъанавий сабоқларнинг ўзаро узвийликда эфирда намойиш этилиши ҳисобига аҳолини ўрта таълим билан қамраб олиниши кўрсаткичи 21 фоиз ортган.

Айниқса, COVID-19 пандемияси туфайли мактаблар ёпиб қўйилган даврда онлайн-таълим ўқув жараёнлари бутунлай тўхтаб қолишининг олдини олди, деб таъкидланади ЮНЕСКО маърузасида. Ўша даврда масофадан ўқитиш тахминан бир миллиард нафар ўқувчини қамраганди.

Шу билан бирга, ўшанда онлайн-таълим қулайликларидан камида 0,5 миллиард инсон ёки дунёдаги барча ўқувчиларнинг 31 фоизи фойдалана олмаган. Замонавий технологияларга қўли ва пули етмаган ана шу ўқувчилардан 72 фоизи аҳолининг ўта қашшоқ тоифаларига мансубдир.

 Таълим олиш ҳуқуқи, деганда, кўпинча Интернетга тўлиқ уланиш ҳуқуқи ҳам тушунилади. Лекин ушбу умумжаҳон ахборот тармоғидан ҳамманинг тенг ва бир хилда фойдаланиш имконияти ҳозирча мавжуд эмас.

Айни вақтда бутун жаҳонда бошланғич таълим мактабларининг – атиги 40 фоизи, қуйи ўрта таълим мактабларининг – 50 фоизи ва юқори ўрта таълим мактабларининг – 65 фоизи Интернетга уланган. Сайёрамиздаги мамлакатларнинг 85 фоизи мактабларнинг Интернетга уланиши ёки ўқувчиларнинг ушбу тармоқдан фойдаланиши имкониятларини яхшилашга қаратилган сиёсат олиб бормоқда.

Бу бежиз эмас. Нега деганда, айрим таълим технологиялари муайян шароитда баъзи бир таълим турларининг сифатини ошириши мумкин. Айтайлик, рақамли технологиялар ўқув-услубий маълумотлар захирасидан фойдаланиш имкониятларини тубдан кенгайтириши бор гап.

Шу билан бирга, айрим таълим турларига технологияларнинг ижобий таъсири ўта кам бўлади ёки деярли сезилмайди. Масалан, бошланғич таълим мактабларида математика фанини ўргатиш учун фойдаланиладиган 23 та илованинг таҳлили шуни кўрсатдики, айни технологиялар ўқувчининг кўникмаларини ривожлантиришга эмас, балки асосан бу кўникмаларни мустаҳкамлаш ва машқ қилишга қаратилган.

ЮНЕСКО экспертларининг таъкидлашича, таълим соҳасида асосий эътибор рақамли ресурсларга эмас, балки таълим натижаларига қаратилиши зарур. Масалан, Перуда мактабларга бир миллионтадан зиёд ноутбук тарқатилганига қарамай, ушбу замонавий ускуналардан фойдаланиш амалиёти таълим жараёнига татбиқ этилмагани оқибатида ўқувчиларнинг билим олиш даражаси яхшиланмади, дейилади маърузада.

Шунингдек, Америка Қўшма Штатларида икки миллион нафардан ортиқ ўқувчининг замонавий технологиялар асосида масофадан билим олиши ҳолати таҳлил этилган. Таҳлил натижалари фақат масофадан билим олиш, яъни онлайн-таълим, ўз навбатида, фанларни ўқиб-ўрганишда узилишлар кўпайишига олиб келишини кўрсатган.

Яна бир муҳим хулоса: таълим олишга ижобий таъсири бўлиши учун, албатта, энг замонавий технологиялардан фойдаланиш шарт эмас экан. Масалан, Хитойда қишлоқ мактабларининг 100 миллион нафар ўқувчисига фақат дарсларнинг яхши сифатдаги видеоёзувлари тақдим этилишининг ўзиёқ билим олиш даражасини 32 фоизга ошириш имконини берган.

Ўз навбатида, ахборот-коммуникация технологияларидан мақсадга номувофиқ тарзда ёки ҳаддан ортиқ даражада фойдаланилиши таълим олишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, 14 та мамлакат мактабларида ўтказилган ўрганишлар таҳлили шундан далолат бермоқдаки, қўл телефони ўқувчининг ёнида шунчаки турган бўлса ҳам, барибир, унинг билим олишига салбий таъсир қилади, яъни болани чалғитади. ЮНEСКО синфларда ўқиш-ўқитиш сифатини яхшилаш ва болаларни кибербуллингдан ҳимоя қилиш учун мактабларда смартфонларни тақиқлашга чақирди. Айтилишича, ўқувчилар ўзлаштириш даражасининг пастлиги мобил телефонлардан кўп фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб, экранга узоқ муддат тикилиб туриш эса болаларнинг ҳиссий барқарорлигига салбий таъсир қилади. Қолаверса, рақамли технология «аслида, таълим учун мўлжалланмаган».

Шу боис у инсонга йўналтирилган концепцияга мос келиши ва ўқитувчи билан бевосита мулоқот ўрнини эгалламаслиги керак. Бугун аксарият мамлакатлар ўқув дастурлари ва таълим стандартлари доирасида рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш соҳасига устувор аҳамият бера бошлади. Ҳозирги вақтда ҳатто энг бой-бадавлат мамлакатларда ҳам 15 ёшли ўқувчиларнинг атиги 10 фоизи ҳафтасига бир соатдан кўпроқ вақт математика ва табиатшунослик дарсларида рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга, холос. Боз устига, аксарият ҳолларда ўқитувчилар замонавий технологияларни қўллаган ҳолда дарс ўтишга ҳали тайёр эмаслигидан ёки бу борада ўзига қатъий ишончи йўқлигидан ташвиш чекади. Зеро, дунё мамлакатларининг атиги ярмидагина ўқитувчиларнинг ахборот-коммуникация соҳасидаги кўникмаларини ривожлантириш стандартлари мавжуд.

Эътиборли томони шундаки, олий таълим тизимида рақамли технологияларнинг татбиқ этилиши, бир томондан, тобора шиддатли тус олаётган бўлса, иккинчи томондан, бу омил улкан ўзгаришларга йўл очмоқда. Масалан, 2021 йилда оммавий тарзда очилган онлайн курсларда 220 миллион нафардан ортиқ талаба иштирок этган ва билимини оширган.

Аммо, рақамли платформалар университетларнинг ўрни ва аҳамиятини пасайтириб юбораётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бундан ташқари, Интернетдаги ноёб матнлардан фойдаланиш учун обуна бўлиш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларга оид шахсий маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ масъулиятли ҳолатлар ҳуқуқий ва ахлоқий мазмундаги айрим муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Хулоса ўрнида айни мавзуга дахлдор учта ҳаётий мисолга тўхталамиз. Бу мисолларга мақоламизга нуқта қўйишдан олдин Интернет саҳифаларини яна бир бор кузатиш асносида дуч келдик.

Биринчи мисол – экологияга оид: ЮНЕСКО экспертлари фикрича, агар Европа Иттифоқи ҳудудидаги барча ноутбукларнинг яроқлилик муддати бир йилга узайтирилса, ҳавога чиқариладиган карбонат ангидрид, яъни заҳарли газ ҳажмини қарийб бир миллионта автомобиль ҳаракатланишини тўхтатиш ҳисобига эришиладиган миқдорда камайтириш имкони туғилган бўлур эди.

Иккинчи мисол – маънавий тарбияга оид: АҚШнинг Флорида штати губернатори Рон Десантис яқиндагина 14 ёшгача бўлган болалар ижтимоий тармоқда аккаунт очишини тақиқловчи қонунни имзолади. Унинг фикрича, янги тартиб ота-оналарга болаларини зарар келтирувчи контентдан самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради. Бу ҳақдаги расмий хабарда ҳозирча фақат бир штат чегарасида жорий қилинган ва 2025 йил 1 январдан кучга кирадиган бундай қонун қандай ижро этилиши тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Учинчи мисол – саломатликка оид: мамлакатимиз ижтимоий тармоқларида тарқалган хабарга кўра, ёш болаларга телефон бермасликни бот-бот такрорлаб телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали бонг урилаётгани бежиз эмас. Бундай нобоп кўникма митти фарзандларимизда кўз раки касаллиги авж олишига сабаб бўлиши мумкин экан.

Дарвоқе, 3 апрель куни бутун дунёда қўл телефонининг туғилган куни сифатида нишонланиши сабабини биласизми? Гап шундаки, 1973 йилнинг худди шу куни Motorola компанияси муҳандиси Мартин Купер дастлабки қўл телефонидан ушбу компания офисига қўнғироқ қилган. Ўшанда “Motorola DynaTAC 8000X” дея номланган илк қўл телефонининг вазни роппа-роса 2,5 килограммни ташкил этган!...

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech