АМИР ТЕМУР СИЙМОСИ – АБДУЛЛА ОРИПОВ ИЖОДИЙ ТАЛҚИНИДА

 9 апрель Соҳибқирон Амир Темур

таваллуд топган кун

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси, унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олийжаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолияти халқимиз маънавиятини юксалтириш ҳамда ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрин тутади. Ўзбекистон Президентининг Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорида шундай дейилган.

Ушбу эътирофнинг чуқур мазмун-моҳиятини Абдулла Орипов ижодидаги Амир Темир сиймоси талқини мисолида ҳам яққол англаш мумкин. Устознинг 1970 йили ёзилган "Қарши қўшиғи" шеърида мана бу сатрлар бор:

Йўл юрсанг ҳар жойларда работлар вайронаси,

Искандар, Қутайбадан қолган сонсиз дахмалар.

Бу ерларда илк бора янграган Темур саси,

Чингизийлар бошига солиб қўрқув, ваҳмалар.

Қаранг, бу мисралар ёзилган ва халқимизга тақдим этилган даврда Соҳибқирон бобомиз халқимиз ва Ватанимизнинг мустақиллиги учун курашгани ҳақида юртдошларимизнинг деярли кўпчилиги билмас, билганларнинг аксарияти эса чурқ этмасди.

Гап шундаки, 1968-69-йилларда "Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли" номли рисоласини нашр эттириш орқали Соҳибқирон сиймосидан қора пардани кўтариб ташлаган жасоратли олим Иброҳим Мўминовнинг бошига тушган кўргиликлар ўша кезларда бундан хабардор кишиларни анча сергак торттириб қўйган.

Абдулла ака атоқли ўзбек академигининг ўша рисоласи тимсолидаги жасоратини ўз шеърларида Амир Темур шахси ҳақидаги ҳаётий ҳақиқатларни тақдим этиш орқали изчил давом эттирди. Устознинг улуғ бобокалонимиз мустақил марказлашган давлат тузиш йўлида кураш олиб борганига ишорат қилинган шеъри айнан 1970 йилга мансублиги ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Бу сатрлар эса 1972 йили ёзилган "Муаллим" шеъридан:

Буюк Темур сендан топгандир таълим,

Сен шундоқ, азиз зот, азиз муаллим.

Айни ўринда шоир, авваламбор, муаллимнинг азизлиги Темурбек каби буюк зотларга таълим берганида дер экан, собиқ тузум таълим муассасаларида ўша пайтда сабоқ берган юз минглаб педагог-ўқитувчиларни тарих ҳақиқатларига тийрак кўз билан қарашга даъват этган.

Янада муҳими, Абдулла ака Амир Темур ҳам муаллимлардан таълим олганига урғу бергани бежиз эмас. Бу билан ўшандаёқ совет мафкурачиларининг "Темур саводсиз бўлган" деган асоссиз даъволари шоир томонидан инкор қилинган.   

Эсимда, ўтган аср 80-йилларининг ўрталарида собиқ Давлат матбуот қўмитаси ишчи-ходимлари сафида Тошкент вилоятининг Пискент туманига пахта йиғим-теримига чиққанмиз. Ўшанда адибу ижодкорлар, нашриёт муҳаррирлари ва мусаҳҳиҳлари ўртасида адабиёт, шеърият, хусусан, Абдулла Ориповнинг янги шеърлари ҳақида доим қизғин адабий баҳс-мунозаралар бўларди.

Бир куни Абдулла аканинг 1964-70-йилларда ёзилган "Ўзбекистон" қасидасида Темур ҳақида (у даврда улуғ аждодимизнинг муборак номига Амир сўзини қўшиб айтиш ҳали ҳеч кимнинг ўйига ҳам сиғмасди) сўз бориши турли муҳокамаларга мавзу бўлганди.

Бу ҳақда кейинчалик матбуотда Абдулла аканинг ўзи шундай деган: "Ватанимга аталган ўша қасидани "Совет Ўзбекистони" (ҳозирги "Ўзбекистон овози") газетасига олиб бордим. Шеър муҳаррирга жуда маъқул бўлди, у киши, ҳатто мени бу муваффақият билан табриклади. Аммо шарт қўйди... Хуллас, газетада қасидамни чиқаролмадим. У, орадан анча вақт ўтгач, раҳматли Зулфия опанинг катта саъй-ҳаракатлари билан "Саодат" журналида чоп этилди. Шунда ҳам "жиндай" таҳрир билан – "дейман" сўзи "демам" деб ўзгартирилди. "Буюк жаҳонгир" сўзлари "оқсоқ жаҳонгир" сўзлари билан алмаштирилди".

Абдулла аканинг 1968 йилда ёзилган "Хатолар" шеърининг иккинчи банди шундай мисралардан иборат:

Бобом пайғамбарлар қасоси учун

Гоҳо осийларнинг олди бошини.

Уни қарғадилар хатоси учун,

Ҳамон отмоқдалар таъна тошини.

Гарчи Амир Темур ва унинг авлодларидан буюк давлат арбоблари, жўмард саркардалар, бунёдкор шоҳлар, буюк олим ва мутафаккирлар, эл ардоқлаган шоир ва меъморлар етишиб чиққан бўлса-да, ҳатто ўз юртимизда яқингача – истиқлолга қадар бу шавкатли аждодларимиз золим подшолар сифатида талқин этиб келинганини бир эслайлик. Шу маънода, Абдулла ака ўша вақтлардаёқ буюк Соҳибқирон шаънига ёғдирилган бўҳтону туҳматларни рад этишга интилган.

Мустақиллик туфайли тарихимиздаги улуғ шахслар, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур мероси тўғрисида бор ҳақиқатни айтиш имкони туғилди. Жумладан, энди Устознинг юқоридаги мисралари замиридаги туб маъно-моҳиятни чуқурроқ англаш шарт-шароитларига эгамиз.

Авваламбор, "Хатолар" шеъридаги мазкур мисраларнинг мазмун-мундарижаси Абдулла ака 1968 йилдаёқ "Темур тузуклари" асаридан яхшигина хабардор бўлганини кўрсатади. Лекин Устоз ўша замонларда, биринчидан, ўзининг Соҳибқирон тарихини чуқур ўрганганини, иккинчидан, Амир Темур дунёда зулмга барҳам бериш ва адолат ўрнатиш учун ҳарбу зарб қилган одил жаҳонгир бўлганини вақтинча хаспўшлаб туришга мажбур эди.

Француз шарқшунос олими Жан Поль Ру қайд этганидек, “Амир Темур номи қалбларда қандай ҳиссиёт уйғотишидан, унинг номига қандай маломатлар ёғилишидан қатъи назар, унинг ғайритабиий ва маҳлиё этгувчи инсон бўлганлигини, унинг саркардалик маҳоратини ва давлат арбоби сифатидаги ажойиб фаолиятини тан олмаслик мумкин эмас. Амир Темур яшаган дунёда унинг салоҳиятига тенг келадиган ёки ортиқроқ салоҳиятга эга бўлган кишилар йўқ эди. Уни буюк саркардалар Александр Македонский, Юлий Цезарь, Чингизхон ва Наполеон Бонопарт  қаторига қўйиб ўрганиш мумкин. Чунки Амир Темур ўз асрининг буюк кишиларидан эди”.

Шу нуқтаи назардан, Абдулла Орипов томонидан ушбу шеърда "Наполеон хатоси"нинг тилга олиниши ўша "хаспўшлаш" ҳийласи учун пойдевор бўлгани тайин. Бинобарин, Соҳибқирон шу қадар буюк геосиёсий муваффақиятларга эришганки, орадан тўрт аср ўтганидан сўнг бу оламшумул ютуқлар Наполеоннинг ҳам ҳайрату ҳавасини келтирган.

Агар “Темур тузуклари”нинг француз тилидаги таржимаси 1787 йилда нашр этилгани назарда тутилса, ўз-ўзидан бир ҳақиқат аён бўлади. Яъни, худди ўша даврда Наполеон Мисрга ва кейин Осиё қитъасидаги Туркия, Эрон ва Ҳиндистонга ўз ҳарбий юришини режалаштирар экан, “Темур тузуклари”ни ўқимаган бўлиши мумкин эмас.

 Аслида ҳам, Наполеон “Темур тузуклари”да баён этилган Амир Темур, шунингдек Чингизхон, араблар ва Александр Македонскийнинг Осиё бўйлаб жанговар юришларини пухта таҳлил қилган бўлиши керак. Бироқ Амир Темур геосиёсатининг олий сир-асрорини Наполеон, барибир, англаб ета олмаган, назаримизда.

Нега деганда, урушдан-урушга ўтгани сари Амир Темурнинг жанговар кучига-куч, иқтисодий қудратига-қудрат қўшилиб борган. Наполеон эса, аксинча, ўз ғалабаларига Франция ва бутун Европани ҳолдан тойдириш эвазига эришган. Зеро, Амир Темурда – куч тафаккурга хизмат қилган бўлса, Наполеонда – тафаккур кучга хизмат қилган.

Наполеон Россияга ўйловсизлик билан ҳужум уюштириб, кейин унинг таслим бўлишини “Поклонная гора”да турганча беҳуда кутган. Амир Темур эса қизғин жанглардан ҳали совиб улгурмаган Куликово майдонигача келиб, сўнг ортига қайтган. Хўш, ҳар икки жаҳонгирнинг бу ўринда қўллаган ўзига хос стратегиялари қандай натижа берди, деган савол туғилади.

Амир Темур, бир томондан, ўзи бирон-бир манфаат кутмаган ҳудуддан қўшинини беталафот олиб чиққан. Иккинчи томондан, рус князликлари мисолида ўз салтанати яқинида беқарор ҳудудлар ва ғаним кучлар шаклланишининг олдини олган.

Наполеонда эса мутлақо тескари натижа кузатилган. Россиянинг ўша пайтдаги чегараси бўлган Неман дарёсидан 1812 йил 23 июнда 420 минг қўшин билан ўтган ва русларнинг 267 минг лашкарини чекинишга мажбур қилган Наполеон, охир-оқибат, ўша йилнинг декабрь ойида худди ўша дарёдан атиги 18 минг киши билан ортга қайтган.

Бу орада Францияга қарши Россия, Англия, Пруссия, Австрия, Швеция, Испания ва Португалиядан иборат кучли ҳарбий коалиция вужудга келган. Германия, Пруссия каби мамлакатларда эса Наполеонга қарши озодлик ҳаракатлари бошланиб кетган.

Шундай қалтис вазиятда Франция бирлашган Европага қарши урушга тайёргарлик кўрган. Наполеон мағлубиятга учраган ва тақдири узил-кесил ҳал қилинган Ватерлоо ёнидаги жангда француз қўшинлари сони 275 минг аскардан иборат бўлса, иттифоқчилар томонидан 1 миллиондан ортиқ лашкар иштирок этган.

Абдулла Орипов “Хатолар” номли шеърида ана шу мағлубиятни қуйидагича тасвирлаган:

Ватерлоода хато қилди Наполеон –

Жаҳонгирнинг қайтди шу кун омади.

Мана ўтса ҳамки неча бир замон,

У ҳақда гапирмаган одам қолмади.

Шоир буюклар ҳақида фалсафий мушоҳадасини давом эттириб, Наполеонни Соҳибқирон бобомиз билан қиёслаб талқин қилгани бежиз эмас. Академик Акмал Саидовнинг фикрича, бу зотлар турли замонларда ва турлича маданий маконларда яшаган бўлсалар-да, улар ўртасида анчагина ўхшашликлар мавжуд:

биринчидан, уларнинг иккиси ҳам қирол ёки хон авлодидан бўлмаган, лекин ўзларининг ёрқин истеъдоди ва тарих тақозоси туфайли навқиронлик пайтиданоқ ҳокимият тепасига келганлар;

иккинчидан, ҳар иккаласи ўз салтанатининг пойтахти – бири Самарқандни, бошқаси эса Парижни дунёнинг энг гўзал шаҳрига айлантириш учун улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган;

учинчидан, ҳар иккиси ҳам давлат бошқарувида ўз даври учун мукаммалликка эришган бўлиб, биридан “Темур тузуклари”, иккинчисидан, “Наполеон кодекслари”  мерос қолган;

тўртинчидан, энг муҳими, уларнинг фаолиятига ҳар хил даврларда турлича баҳо берилганига қарамасдан, ҳар икки улуғ зотнинг ҳам тарихда ўз муносиб ўрни борлигини ҳеч ким инкор қила олмайди.

Шу билан бирга, Наполеон Амир Темурдан фарқли равишда, тирик пайтидаёқ тахтдан туширилган. Бунга Ватерлоодаги машъум фожеа сабаб бўлган. Шунингдек, Наполеоннинг ҳаёти хўрлик, ҳақорат ва фожиавий қисмат билан якун топган бўлса, Соҳибқирон мардонавор равишда, навбатдаги зафарли жанг остонасида, яқинлари бағрида ҳаётдан кўз юмган.

Яна бир фарқли жиҳат – Амир Темур моҳир шахматчи, айрим манбаларга кўра, ҳатто “катта шахмат” кашфиётчиси сифатида эътироф этилгани ҳолда, Наполеон мутлақо кучсиз шахматчи бўлган. У шахматни жуда мураккаб, зерикарли ва кўп вақтни оладиган ножиддий ўйин, деб ҳисоблаган. Шу боис, асосан шашка ўйнаган ва ўзининг жанг майдонида қўллайдиган тактикаларини ҳам ушбу ўйиндан нусха олган.

Польшалик таниқли журналист ва кинотанқидчи, шахмат тарихи бўйича мутахассис Ежи Гижицкий таъкидлаганидек, тақдир тақозосига кўра, умрининг сўнгги йиллари, яъни  муқаддас Елена оролида сургунда бўлган пайтларида Наполеон шахмат ўйинига қайтадан ишқибоз бўлган. Лекин бу гал шахмат Наполеонга, таъбир жоиз бўлса, вафо қилмаган.

Яъни, француз жаҳонгирга садоқатли дўст бўлган офицерлар томонидан совға қилинган шахматнинг фил суягидан ясалган айрим доналари ичида сургун оролидан қочиш режаси битилган хат яширилган бўлган. Афсуски, Наполеон умрининг охиригача бу сирдан бутунлай бехабар ўтган.

Алқисса, Абдулла Орипов ўз шеърини қуйидаги банд билан хулосалаган:

...Хато қилган бўлсам кечиргин, болам,

Юз йил давомида чўзаверма, бас.

Кўриб турибсан-ку, мен оддий одам,

Наполеон эмасман, Темур ҳам эмас!

Устоз шоирнинг ёш авлодлар олдидаги бундай узрхоҳлигига сабабчи хатоси нимадан иборат бўлиши мумкин?

Фикримизча, Устознинг бу "хато"си, биринчидан, Амир Темур ва Наполеоннинг "хатолари"дан тўлиқ хабардор бўлганида, иккинчидан, сизу бизни ана шу қизиқарли тарихий жумбоқларнинг тагига етиш учун астойдил изланишга даъват эта билганида – сирлар калитини топишга ундаганида, десак, хато бўлмайди.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech