Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини таҳлил қилиниб, 2023 йил якунлари бўйича Очиқлик индекси натижалари эълон қилинди.
Очиқлик индексининг биринчи индикатори Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан эълон қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларининг рейтинги ҳисобланади.
2023 йил якунлари бўйича Агентлик томонидан республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 131 нафар матбуот котиблари фаолияти баҳоланди..
Ўрганиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилди. Мазкур ҳужжатда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ахборот хизматлари раҳбарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва уларнинг рейтингини эълон қилиб бориш вазифаси юкланган.
Шунга асосан, 2019 йил 3 октябрда “Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарини лавозимга тайинлашни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари билан келишиш, уларни аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида 3187-рақам билан рўйхатдан ўтказилган.
Ушбу ҳужжатга кўра, Агентлик беш йилдан буён:
- давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари матбуот котибларининг жамоатчиликка Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва топшириқларининг ижроси;
- олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тезкор, холис ҳамда биринчи манбаа сифатида тўлиқ ахборот етказиш;
- жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан фаол мулоқот ўрнатиш;
- эълон қилинаётган танқидий материалларга ўз вақтида ва сифатли муносабат билдириш борасидаги фаолиятини ўрганиб, баҳолаб келмоқда.
Айнан ушбу баҳолаш меъзонлари 2022 йилнинг 14 июнидан бошлаб Очиқлик индексининг субиндикаторлари сифатида давлат органлари ва такшилотларини баҳолашда ҳам фойдаланиб келинмоқда.
2023 йил якунлари бўйича Агентлик томонидан баҳоланган жами 131 та ташкилот ва идоранинг 29 нафар матбуот котиби (22,1%)нинг иш натижалари юқори, 59 нафари (45%)ники ўрта даражада баҳоланган бўлса, 39 нафари (29,8%)ники қониқарли, 4 нафари (3,1%)нинг фаолияти паст даражада, деб топилди.
2019 йилдаги биринчи баҳолаш билан солиштирганда матбуот котибларининг фаолияти самарадорлигида жиддий ўсиш кузатиб келинмоқда. Масалан, юқори даражада баҳоланган матбуот котиблари улуши 8,8 дан 22,1 фоизгача, сон жиҳатдан эса 3,6 баробар ўсган.
Хусусан, тегишли Низом талабларига кўра:
марказий ташкилотлар йўналишида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Марказий банк, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд;
вазирликлар йўналишида Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими, Рақамли технологиялар, Соғлиқни сақлаш, Адлия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Транспорт вазирликлари;
Қўмиталар йўналишида Миллий олимпия, Божхона ва Солиқ қўмитаси;
агентликлар йўналишида “Ўзархив”, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари, Кадастр, Ёшлар ишлари агентликлари;
акциядорлик жамиятлари ва компаниялар йўналишида “Ўзсувтаъминот” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ;
уюшмалар йўналишида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари йўналишида Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хоразм, Жиззах вилояти ҳокимликлари юқори натижа кўрсатишган.
Мазкур ташкилотлар ахборот хизматлари томонидан ахборотни замонавий формат, онлайн ва кенг қамровли усулда оммавий ахборот воситалари (радио/телевидение, газета, ижтимоий тармоқлар, мобил мессенжерлар ва веб-сайтлар) орқали фойдаланувчиларга инфографика, фото, аудио, видео ва матн шаклларида, муайян белгиланган вақт оралиғида етказиб бериш;
- ижтимоий тармоқларда мавзуга алоқадор воқеа-ҳодисаларга тезкор муносабат билдириш ва ўз расмий саҳифларида ёритиш;
- ташкилот ва у билан боғлиқ жараёнларни аҳолига етказишда видео ва матн шаклидаги баёнотлар билан чиқишлар қилиш;
- хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг соҳага доир имижини оширишга қаратилган материалларни кенг эълон қилиб боргани аниқланди.
Бироқ, баҳолаш натижалари таҳлилига кўра, аксарият ахборот хизмати раҳбарлари видео форматида расмий баёнот бериш бўйича паст кўрсаткич қайд этган. Хусусан, қуйидаги матбуот котиблари ОАВ ёки ўз ресурслари орқали видео форматда баёнот бермаган - Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмиталари, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази “Ўзметкомбинат” АЖ, “Дори-Дармон” АК. Ваҳоланки, матбуот котибини кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистларга ташкилот юзи сифатида танилиши муҳим аҳамиятга эга.
Таҳлиллар айрим ахборот хизмати раҳбари томонидан ҳалигача ижтимоий тармоқларда онлайн эфирларни ташкил қилиш масаласида оқсаяпти. Аслида эса бугунги кунда “Facebook”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқларда жонли эфирга чиқиш учун ҳеч қандай қўшимча ускуна ёки ишчи кучи талаб этилмаслиги оддий ҳақиқат.
Шу билан бирга, баҳолашдаги соҳага доир муаммоларни биринчи манба сифатида олиб чиқиш (ўзини ўзи танқид қила олиш) йўналишида деярли барча ташкилотлар томонидан тўлиқ бажарилмаган. Бироқ, бугун барча тизимларда муаммо ва камчиликлар оз эмаслиги яхши маълум. Шундай экан тизимдаги муаммоларни биринчи бўлиб олиб чиқиш ва ҳал қилиш ахборот хизмати учун муҳим вазифа бўлиб қолаверади.
Баҳолаш мезонида алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардан яна бири – ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган танқидий материалларга ахборот хизматининг расмий муносабатини билдириш ҳолатидир. Республика бўйича умумий ҳисобда танқидга жавоб бериш кўрсаткичи сезиларли даражада ўсган.
Афсуски, 2023 йил якунларига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Асакабанк” АЖ “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” ва “Заргарсаноат” уюшмалари мавжуд имкониятлар бўлишига қарамасдан энг паст натижаларни қайд этишди.
Агентлик ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларга қўйилаётган вазифаларни самарали бажаришларини таъминлаш, давлат ва оммавий ахборот воситалари ўртасида чинакам кўприкка айланиши учун тизимли иш олиб бормоқда. Матбуот котибларининг баҳоланиши ва рейтинги юритилишидан кўзланган асосий мақсад ҳам улар фаолиятини таҳлил қилиш, керакли хулосалар чиқариш ва мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича ишларни ташкил қилишга қаратилган. Барча матбуот котиблари бу жараённи чуқур тушунган ҳолда, келгусида ўз позицияларини мустаҳкамлаш, вазифаларини сидқидилдан бажариш учун фаоллик кўрсатишига ишонамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг расмий сайти
- Қўшилди: 08.04.2024
- Кўришлар: 1914
- Чоп этиш