СПОРТ МАЙДОНИДАН ИЛМ ЧЎҚҚИСИ САРИ...

(Академик Акмал Саидов таржимаи ҳолидан лавҳалар)

Академик, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидовнинг болалик йилларида қачондир ҳуқуқшунос мутахассис бўлиши мумкинлиги тушига ҳам кирмаган. Чунки у аксарият ўсмир йигитлар каби аввалбошдан спортга қизиққан. Аммо, онаизорининг истаги туфайли етти йиллик мусиқа мактабида таҳсил олган ва миллий мусиқа асбоблари бўйича чолғучи, яъни профессионал созандалик касбини эгаллаган.

Барибир, у яна спортга қайтган. Футбол, бокс ва шахмат қаторида енгил атлетика билан ҳам астойдил шуғулланган. Мактабда ўқиб туриб, ушбу йўналишда иккита муҳим ютуққа эришган. Биринчидан, ўрта ва узоқ масофага югуриш бўйича "стайер", яъни спорт устаси даражасини эгаллаган. Иккинчидан, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон ўқувчилар терма жамоасининг аъзоси бўлган.

 

Юридик факультет талабалиги – хоҳиш эмас, тасодиф

 

1976 йили, яъни Акмал Саидов мактабни битирган йилнинг ёзида Львов шаҳрида (Украина) ўтказилган мактаб ўқувчилари спартакиадасида қатнашиб, собиқ СССР ўқувчилари орасида 3 километр масофага югуриш бўйича 3-ўринни олган. Унинг бу ютуғи, бир томондан, спорт устаси нормативини бажарганини англатса, иккинчи томондан, Жисмоний тарбия ва спорт институтига имтиҳонсиз ўқишга кириши учун имтиёз берарди.

Львовдан қайтиб келиши биланоқ, мазкур институтда кафедра мудири бўлиб ишлаган тренери Геннадий Арзумановнинг йўл-йўриқлари асосида, ушбу олий ўқув юртига ҳужжат топширган. Бунга қадар эса, Спартакиадада қатнашиши муносабати билан муддатидан олдин битириш имтиҳонларидан ўтиб, мактабнинг олтин медалини ҳам нақд қилиб қўйган.

Аммо, ёш Акмал Саидовнинг тўғридан-тўғри талабалар сафига қабул қилиниши аввалдан кафолатлангани ҳолда, Жисмоний тарбия ва спорт институтидан ҳужжатларини қайтариб олишига тўғри келган. Чунки оила аъзолари унинг спорт соҳасини танлашини исташмаганди. Шунда навқирон йигит тренери билан маслаҳатлашиб, кириш бали энг юқори бўладиган олий ўқув юртига ҳужжат топширишга аҳд қилган.

Мўлжал шуки, мабодо танловдан ўтолмаса, ота-онаси унинг ўзи истаган Жисмоний тарбия ва спорт институтига қайтиши учун ахийри рози бўладилар. Ўшанда, таъбир жоиз бўлса – сих ҳам, кабоб ҳам куймайди.

Шундай қилиб, омадли ўсмир 1976 йил 31 июль куни соат 19.00 атрофида энг катта  танловли жойга – Тошкент Давлат университетининг юридик факультетига ҳужжат топширган энг охирги абитуриент бўлган. Эртаси кундан кириш имтиҳонлари бошланган. У жами 25 балл тўплаган ва натижада юридик факультет талабалигига қабул қилинган.

 

Ҳуқуқ мактаби булоқларидан сув ичган олим

 

Акмал Саидов Тошкент Давлат университетининг юридик факультетига, кейинчалик Москвадаги аспирантурага қандай аъло баҳолар билан кирган  бўлса, ўқишни худди шундай юқори даражада битирган. Энг муҳими, ана шу таҳсиллари асносида – Тошкентда ҳам, Москвада ҳам – ҳуқуқ мактабининг тиниқ булоқларидан сув ичган.

Академик А.Саидов халқаро ва қиёсий ҳуқуқ профессори сифатида ўз илмий мактабини яратган. Олимнинг бевосита раҳбарлигида ҳозирги вақтга қадар 40 дан ортиқ шогирди фан номзоди ва фан доктори илмий ишини ёқлаган. У давлат ва жамият фаолиятига доир асосий вазифалари билан бирга, 1985 йилдан буён олий таълим муассасаларида халқаро ва қиёсий ҳуқуқ, ислом ҳуқуқи, инсон ҳуқуқи назарияси ва амалиёти фанларидан дарс бериб келади.

Етакчи олим томонидан юртимизнинг йирик олий таълим муассасаларида халқаро ҳуқуқ, қиёсий ҳуқуқшунослик, ислом ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиёти, ЮНЕСКОнинг инсон ҳуқуқлари, демократия, бағрикенглик ва халқаро тушуниш кафедраларига илк бор асос солинган. Унинг ташаббуси билан Самарқандда ЮНЕСКОнинг Марказий Осиёни ўрганиш халқаро институти ташкил этилган.

Академик А.Саидов – Конституциявий ҳуқуқ халқаро ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси, Халқаро қиёсий ҳуқуқ академиясининг мухбир-аъзоси, Франция Қиёсий қонуншунослик жамиятининг хорижий аъзоси, Осиё ва Тинч океани минтақаси юристлари халқаро ассоциацияси ва Россия халқаро ҳуқуқ ассоциацияси аъзоси, Париж-1 Сорбонна Университетининг таклиф этилган профессоридир. У 100 дан ортиқ халқаро илмий анжуманларда қатнашган.

Акмал Саидов 30 дан зиёд дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари, 300 дан зиёд рисола ва илмий мақолалар муаллифидир. Асарлари АҚШ, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Польша, Россия, Украина, Қозоғистон ва бошқа давлатларда чоп этилган.

 

Тил ва сўз – инсониятнинг энг буюк мўъжизалари

 

Акмал Саидов болалик давриданоқ дарсликлардан ташқари, турли бадиий асарларни ўзбек тили билан бир қаторда инглиз ва рус тилларида ўқиб, мағзини чақа билган. Кейинчалик унинг эркин мулоқот қила оладиган тиллари сони немис ва француз тиллари ҳисобига янада кўпайган. Бу эса унга ана шу тилларни нафақат тушуниш, балки уларни ўзаро қиёслаш орқали, қай бири қайси жиҳатлари билан ўзига хос эканини англаш имконини ҳам берган.

“Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, дейдилар. Минг йиллардан буён сайқалланиб, не-не авлодларга йўлчи юлдуздек тўғри йўлни кўрсатиб келаётган ана шу халқ ҳикмати негизидаги асл ҳақиқат шуки, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли ва давлатли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш, ҳамиша китоб ўқиш ва китоб мутолаасини умр бўйи канда қилмасликдир.

Акмал Саидовга ҳам ота-онаси шундай руҳда тарбия берган. Шу боис ўзи илк бор кутубхонага аъзо бўлган сана худди туғилган кунидек хотирасида муҳрланиб қолган: 1969 йил 19 май. Ўшанда у 10 ёшда эди. Шундан буён китоб, кутубхона, китобхонлик ҳаётида устувор жой эгаллаб келади. Мактаб давридаёқ миллий ва хорижий мумтоз адабиётларни ўқиб чиққан. Эртаклар, тарихий ва бадиий асарлар, спортга доир китоблар ва тарихий мемуарларни айниқса севиб ўқирди.

Ҳозирги кунда дунёдаги энг йирик кутубхоналардан фойдаланади. Нью-Йорк ва Женева, Вашингтон ва Париж, Москва ва Варшава, Берлин ва Пекин, Қоҳира каби жаҳоннинг пойтахт шаҳарларида жойлашган нуфузли кутубхоналар шулар қаторига киради. Хусусан, у қадрлайдиган Германия миллий кутубхонасида 27 миллион нусхадаги китоблар мавжуд бўлса, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида қарийб 8 миллионта китоб ва бошқа манбалар бор.

Қандай китобларни ўқиган маъқул? Бу саволга Акмал Саидовнинг жавоби шундайки, албатта, ҳам Шарқ, ҳам Ғарб адабиёти билан танишиб борганга нима етсин. Яна бир муҳим жиҳат – ҳар қандай китобни қайси тилда ёзилган бўлса, ўша тилда ўқиган маъқул. Шунинг учун хорижий тилларни ўрганиш лозим. Чет тилларни ўрганиш – ҳаётий эҳтиёж.

Айни вақтда тил ўрганиш жараёнининг ўзини ҳам луғатсиз, китобсиз тасаввур этиш мумкин эмас. Мисол учун, 2-синфдан инглиз тилини ўргангани Акмал Саидовга кейинчалик У.Шекспир ва Ч.Диккенс асарларини аслият тилида ўқиши ва ҳатто бу асарларни ўзбекча таржималари билан қиёслаб таҳлил ва талқин этиши учун жуда қўл келган. Рус тилини билгани учун Пушкин ва Толстой, Достоевский ва Пастернак асарларини, немисчани тушунгани туфайли эса Гёте шеърларини, Нитше асарлари ва Кафка ҳикояларини уларнинг ўзлари ёзган тилда ўқишга муяссар бўлган.

 

Болалар қандай китобларни ўқиши керак?

 

Бу саволга жавоб берар экан, академик Акмал Саидов бундай пайтда дунё тажрибасига мурожаат қилиш фойдадан холи эмаслигини таъкидлайди. Айтайлик, ХХ аср жаҳон адабиётининг йирик намояндаларидан бири, немис адабиётининг улуғ, мумтоз адиби Ҳерманн Ҳессенинг жаҳон адабиёти кутубхонасини ташкил этиш бўйича оқилона таклифлари жуда қўл келишига аминман, дейди у.

Китоб ва адабиёт, одатда, ёзув маданияти билан бирга пайдо бўлади. Бошқача айтганда, энг қадимги ёзувлар орқали бизга етиб келган кўҳна битиклар, масалан, Ўрхун-Енисей битиклари, туркий (уйғур), суғд, моний, сурёний ёзувларида қабр тошларига, мармар тош, ойна, тери ва қояларга, сопол, ёғоч, металл идишларга ёзилган бошқа кўплаб қадимий битиклар инсониятга тааллуқли илк адабиёт намуналаридир.

Шу маънода, академик А.Саидовнинг таъбирича, Шарқ адабиёти – жаҳон адабиётининг тўнғич булоғидир. Ушбу қайнар булоқдан пайдо бўлган неча-неча жилғалару дарёлар кейинчалик жаҳон адабиёти уммонига бориб қуйилган.

Агар Акмал Саидов болалик даврида фақат китоб ўқиган, шахсий кутубхонасини мунтазам бойитиб борган бўлса, кейинчалик ўзи ҳам китоблар ёзишга киришди. Наинки мутахассислиги бўйича, айни чоғда, тарих, фалсафа, адабиёт, қиёсий адабиётшунослик ҳақида китоблар битмоқда, луғатлар тузмоқда.

Энг муҳими, Акмал Саидовнинг китоблари ўз мухлисларини топмоқда. Замондош ҳуқуқшунос адиб битаётган бири-биридан қизиқарли асарлар китобсевар ёшларимизнинг кутубхоналаридан жой олмоқда.

 

Абди РАҲИМ

“Тонг юлдузи” газетаси 2024 йил 8 апрел № 15 сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech