КОИНОТ ВА КОНСТИТУЦИЯ

12 апрель – Жаҳон авиация ва космонавтикаси куни

 

Ушбу халқаро сана тарихи машҳур фазогир Юрий Гагарин 1961 йил 12 апрелда “Восток” фазовий кемасида дунёда биринчи бўлиб Ер орбитаси бўйлаб парвозни амалга оширган оламшумул воқеага бориб тақалади. Зеро, ўша парвоз инсониятнинг коинотни ўрганиш тарихида янги даврни бошлаб берди.

Бу ҳақда қанчадан-қанча фильмлар ишланди, китоблар чоп этилди ва мақолалар ёзилди. Ана шу кўплаб манбаларнинг негизидаги асл воқеликка бир назар солайлик: 1961 йил 12 апрель куни Москва вақти билан соат 09:07 да «Бойқўнғир» космодромидан ичида Юрий Гагарин ўтирган «Восток» фазовий кемасининг учишига старт берилди.

Парвоз муваффақиятли амалга ошди ва коинотга қўйилган илк қадам башариятнинг буюк ютуғига айланди. Чиндан ҳам, инсон зотининг ер атмосферасидан юқорига – очиқ коинотга чиқиши том маънода улкан воқелик эди. Гагариннинг ўша илк парвозидан буён қирққа яқин мамлакатнинг 400 нафардан ортиқ фазогири коинотга парвоз қилди.

Космонавтлар куни байрами 1962 йилдан бошлаб фақат собиқ СССРда нишонлаб келинган. Ушбу санани халқаро байрам куни сифатида нишонлаш ташаббуси иккинчи фазогир – Герман Титовнинг таклифи билан БМТга киритилган.

Шу тариқа даставвал 1968 йили бўлиб ўтган Халқаро авиация федерациясининг 61-Бош конференциясида 12 апрель – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни деб эълон қилинган. Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеясининг Юрий Гагарин парвози 50 йиллиги муносабати билан 2011 йил 7 апрелда қабул қилинган резолюциясига мувофиқ, инсон коинотга парвоз қилган айни сана жаҳон миқёсида кенг нишонлаб келинмоқда.

БМТ резолюциясида, шунингдек, коинотни ўзлаштиришда бутун инсониятнинг умумий манфаатларини рўёбга чиқариш, космосни фақат тинчлик мақсадларида тадқиқ қилиш, барча давлатларнинг космик тадқиқотлардан тенг манфаат кўрилишини таъминлаш кераклиги алоҳида қайд этилган.

Юрий Гагарин ўзининг шонли парвозидан кейин,  1961 йилдан – 1968 йилгача бўлган даврда юртимизга олти марта келган ва ҳар гал катта тантаналар билан кутиб олинган. Чунки Гагарин парвози, умуман, ХХ асрда коинот забт этилиши билан боғлиқ кашфиёт ва натижаларда Ўзбекистоннинг ўзига хос ҳиссаси бор.

Афсуски, бу соҳада фидокорлик кўрсатган юртдошларимизнинг хизматлари, илмий ишлари ва ихтиролари билан боғлиқ қимматли маълумотлар соҳага алоқадор музей ҳамда архивларда сақланаётганини кўпчилик ҳалигача билмайди. Аслини олганда, инсониятнинг олис тарихида фазони ўрганиш борасида улуғ аждодларимиз ҳамиша пешқадам бўлганлар.

Космонавтика соҳаси оёққа туришида ватандошларимиз салмоқли ҳисса қўшган. Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев “Коинотни забт этган ватандошларимиз ёхуд Юрий Гагаринни биринчи бўлиб кутиб олган ўзбек”[1] номли мақоласида бу жараённинг баъзи муҳим тафсилотлари ҳақида атрофлича тўхталган.

Олимнинг эътироф этишича, Гагаринни  парвоздан сўнг биринчи бўлиб кутиб олиш ва уни ҳукумат раҳбарлари билан учрашувгача кузатиб бориш айнан юртдошимиз – собиқ иттифоқ  авиацияси ва космонавтикасига катта ҳисса қўшган муҳандис-полковник, авиаконструктор Ота Баҳромовга топширилган экан. О.Баҳромов 1955  йилдан Москва шаҳридаги космонавтларнинг хавфсизлиги, қутқарув ва ҳаётини таъминлаш воситалари конструкторлик бюросини бошқарган бўлиб, айнан у раҳбарлик қилган бюрода фазога учиш учун герметик  кабина-капсулалар яратилган.

Космонавтика соҳасига муҳим ҳисса қўшган яна бир истеъдодли ватандошимиз – техника фанлари  доктори Рашид Отахонов масофага рангли тасвирларни узатиш ва қабул қилиш  усулларининг назарий асосларини ишлаб чиққан. Р.Отахоновнинг 1983 йилда яратган “Кодер-декодер-5” қурилмаси  “Салют-7”, “Союз-9”, “Союз-10” ва “Союз-11”  орбитал космик кемаларида синовдан муваффақиятли  ўтган.

Ўша пайтдан бошлаб космонавтлар ҳатто очиқ космосда ишлаётган ҳолатда ҳам парвозни бошқариш марказидан рангли форматдаги  йўриқномаларни  олиш  имкониятига эга бўлган. Бу эса улар фаолияти самарадорлигини кескин оширган.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шавкат Воҳидов бош конструктори бўлиб ишлаган Тошкент  машинасозлик-конструкторлик бюросининг дастлабки муваффақиятли ишланмаси – 1976 йили Ой аппарати “Луна-24”да ўрнатилган  ГЗУ “ЛБ-09” тупроқ олиш  қурилмаси бўлган. Унинг ёрдамида Ой сатҳида 2,7 метр чуқурликда қудуқ қазилган.

Осмон жисмларини бурғилаш чуқурлиги бўйича бу рекорд ҳанузгача энг яхшисидир. Қазиб олинган Ой тупроғи қадоқланиб, қайтиш модули ёрдамида Ерга келтирилган.

Кейинчалик ушбу бюрода Марс ва унинг табиий йўлдоши Фобосда фойдаланиш учун пенетраторларнинг экспериментал намуналари ҳамда Фобосга узоқ вақт хизмат қилувчи автоматик станцияни ўрнатиш  тизими  ишлаб  чиқилган. Венера сиртидаги ишлар учун тупроқ олиш  қурилмаси ҳам яратилган.

Академик Ш.Эгамбердиев фахр билан таъкидлаганидек, ватандошларимиз бевосита космосга ҳам парвоз қилган. Бу ўринда, албатта, Бўстонлиқ ўғлони – собиқ иттифоқнинг икки карра қаҳрамони, генерал-майор Владимир Жонибеков ва ўзбек халқининг яна бир фарзанди, учувчи-космонавт  Солижон  Шарипов ҳақида сўз бормоқда.

Владимир Жонибеков собиқ иттифоқдаги космонавтлар орасида энг кўп – 5 марта фазога парвоз қилган тажрибали космонавтдир. Космосда 145  кун 15 соат 58 дақиқани ўтказган. Президентимиз  2022  йили  В.Жонибековни  80  ёшга тўлиши  муносабати билан “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.

Ўз навбатида, Солижон Шарипов Ўзбекистон Республикасининг  “Буюк  хизматлари учун” ва Амир Темур орденлари ҳамда НАСАнинг  “Космик  парвоз  учун”  медали билан тақдирланган.  Миллатдошимиз ўзини  академик  Шавкат Воҳидовнинг шогирди деб билади.

Бу икки фазогирнинг ватанпарварлик фазилатини намоён этувчи биттадан мисол келтирмоқчиман. Агар Владимир аканинг фазога ҳар бир парвози пайтида қўл соати доим Тошкент вақтини кўрсатиб турган бўлса, Солижон ака қайси космик кемада учмасин, Ўзбекистоннинг байроғини ҳамиша ғурур билан коинотга олиб чиққани таҳсинга сазовор.

Иккала фазогир фаолияти билан боғлиқ яна бир ибратли далил: 2018 йилда “Обод  қишлоқ” дастури доирасида Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги Гагарин шаҳрида амалга оширилган улкан ўзгаришларни ўз кўзи билан кўрган Владимир Жонибеков ва Солижон Шарипов бу ерда коинот бўйича музей барпо этишни таклиф қилган. Ушбу ташаббусни Президент Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлади ва “Космонавтика музейи” 2021 йил апрелда – сайёрамизнинг биринчи космонавти парвозининг 60 йиллиги нишонланган кунда тантанали очилди.

Янада муҳими, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 августдаги Фармонига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Ўзбеккосмос» агентлиги ташкил этилди. Ўтган даврда бу соҳада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш, инфратузилма яратиш бўйича муайян ишлар қилинди.

Ўзбекистон Президенти 2022 йил 23 ноябрь куни космик фаолиятни ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишиши асносида қайд этганидек, бугунги кунда космосдан фойдаланиш миқёси шунчалик кенгки, ҳали бу борада ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Масалан, 2020 йилда дунёда космик хизматлар бозорининг умумий ҳажми 400 миллиард долларга яқинлашган. Бунда асосий ўринни ерни масофадан зондлаш, алоқа йўлдошлари, навигация хизматлари эгалламоқда. Келажакда космосдан фойдаланиш эҳтиёжи янада ортиб бораверади[2].

Шу боис, Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, космик тармоқни ривожлантиришнинг 5 йиллик концепцияси ва “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Уларда ерни масофадан зондлаш, телекоммуникация сунъий йўлдошлари миллий гуруҳини яратиш, илмий-ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, аэрокосмик стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадлар белгиланган.

Шунингдек, “Ўзбеккосмос” агентлигига қўшимча вазифалар юклатиш мўлжалланмоқда. Космик суратларни таҳлил қилиш орқали иқтисодиёт соҳаларида қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш, давлат космик мониторингини амалга ошириш, бу жараёнда илғор технологияларни қўллаш бўйича таклифлар тайёрлаш шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда бундан  35 йил илгари академик Шавкат Воҳидов ва генерал-майор Владимир Жонибеков томонидан ташкил этилган Халқаро аэрокоинот мактаби қайта тикланди. Ўз даврида бир қатор космонавтлар, ҳарбий учувчилар, олимлар сабоқ берган ушбу ёзги мактабнинг юзлаб навқирон йигит-қизлари Паркент ва Майданакдаги фазовий иншоотлар билан танишганлар, ҳатто “Бойқўнғир” космодромида бўлганлар.

Бундан ташқари, ЮНИСЕФ ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонда қизларнинг коинот соҳасига тааллуқли касблар бўйича таҳсил олиши йўлга қўйилаётгани аҳамиятлидир. Хусусан, 2021 йилда Алмати шаҳрида жойлашган Ал-Форобий номидаги университет технопаркида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан 14-35 ёш оралиғидаги 2 минг нафар хотин-қиздан 238 нафари ЮНИСЕФнинг STEM («Илм-фан, Технология, Инжиниринг ва Математика») лойиҳаси доирасидаги “UniSat” (Uni – ЮНИСЕФ атамасидан, Sat – “satellite” – “сунъий йўлдош” сўзидан олинган) дастури асосида таҳсил олиш учун онлайн-синовдан муваффақиятли ўтган[3].

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш асносида мамлакатимиз ҳаётининг бошқа барча соҳалари қатори миллий коинот инфратузилмасини яратишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу илғор соҳани ривожлантириш учун давлатлар ўртасида ва хусусий ҳамкорлар иштирокида хорижий инвесторларни жалб этишга урғу берилаётгани жуда муҳим.

Эътибор беринг: “Газета.уз” сайтининг айни мавзудаги мақоласида қайд этилишича,  “Бойқўнғир” космодроми ташкил этилган пайт, яъни 1955 йилдан токи 1960 йилларгача ушбу синов майдончасининг махфий почта манзили “Тошкент-90” бўлган экан. Ўзбекистондан “Бойқўнғир”га ҳарбий мутахассислар, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари мунтазам жўнатиб турилган.

Шунингдек, Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси, Тошкент машинасозлик-конструкторлик бюроси, Тошкент космик асбобсозлик илмий-тадқиқот институти, Чирчиқ “Композит” тажриба-синов заводи, Паркент туманидаги Невич йиғилиш-синов мажмуаси ва Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳам космик соҳа ривожига катта ҳисса қўшган.

Янги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз ҳудудида мавжуд бўлган Майданак расадхонаси, Суффа платоси каби фазовий фаолиятга дахлдор стратегик иншоотларнинг аҳамиятига муносиб баҳо берилаётгани таҳсинга сазовор. Янада аҳамиятлиси, халқимизнинг қоракўз фарзандлари орасида Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий каби улуғ аллома аждодларимиз каби коинот кўламлари қадар теран фикрлайдиган, сайёралар ва юлдузлар асрорини кашф этиш орзу-иштиёқи томирларида қайноқ қон каби гупириб турган баркамол авлодимиз вояга етиб келмоқда.

Дарвоқе, коинот ва Конституция – ушбу икки тушунчанинг ўзаро боғлиқлиги нимада? Янги таҳрирдаги Конституциямиз матнида “коинот” сўзи учрайдими?

Лингвистик таҳлилга кўра, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида “халқ” сўзи энг кўп, яъни 70 маротаба, “давлат” сўзи – 43, “инсон” сўзи – 35 маротаба қўллангани ҳолда, “коинот” сўзи бир марта ҳам қайд этилмаган. Аммо, бу ҳолат коинот ва Конституция тушунчалари ўртасида ҳеч қандай алоқадорлик йўқ, деганини англатмайди, албатта.

Коинотнинг Конституцияга алоқадорлиги ҳақида академик Акмал Саидовнинг “Ўзбекистон Конституцияси тарихи”[4] китобида бир қанча қизиқарли маълумотлар қайд этилган. Шулардан айримларига тўхталамиз.

Гап шундаки, Европа Иттифоқи Конституциясининг олтин ғилофга солинган нусхаси 2005 йил апрель ойида коинотга олиб чиқилган. Ушбу Конституция “Союз ТМА-6” фазовий кемасида “Бойқўнғир” космодромидан Халқаро космик станцияга асосий экспедиция таркибида парвоз қилган Европа космик агентлигининг италиялик фазогири Роберто Виттори томонидан фазога етказилган[5].

Зеро, Конституция инсонга – у қаерда эканидан қатъи назар – кераклидир. Айни шу жиҳати билан ҳам Конституция – шунчаки рамз эмас, балки бебаҳо тимсол.

Коинотга нафақат Конституциялар, балки муқаддас китоблар ҳам “парвоз қилган”. Хусусан, “Мир” орбитал мажмуаси ва Халқаро космик станцияга “Библия” ва “Қуръон” нусхалари бир неча бор олиб чиқилган.

Америкалик астронавтлар эса 1969 йил 20 июлида Ойга қўнганида, ушбу сайёра сатҳида АҚШ байроғини ўрнатган. Шунингдек, 1975 йилда “Аполлон” – “Союз” лойиҳаси синов парвозининг охирги босқичида “Союз” фазогирлари томонидан орбитага олиб чиқилган БМТ байроғи ҳар икки фазавоий кема туташганидан сўнг “Аполлон” экипажига Ер сайёрасининг тимсоли сифатида топширилган. Парвоз якунида тарихий байроқ БМТнинг ўша пайтдаги Бош котиби Курт Вальдхаймга тақдим этилган ва ҳозиргача ушбу халқаро ташкилот Бош қароргоҳида сақланмоқда.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Бинобарин, коинотга парвознинг ўзи ғоятда ноёб воқеа ҳисобланади. Фазога ҳар қандай парвоз – бу парвозни амалга оширган биргина инсоннинг шахсий кашфиёти ва эришган ютуғигина эмас, айни чоғда, бутун инсоният забт этган улкан маррадир.

Хулоса қилиб айтганда, халқимиз 2023 йилги референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Конституциянинг 53-моддасида шундай истиқболли нормалар мустаҳкамлаб қўйилди:

“Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади.

Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади”.

Ушбу конституциявий нормалар юртимизда Янги Ўзбекистоннинг тараққиётига бемисл ҳисса қўшадиган, Ватанимиз донғини дунёга таратадиган, халқимизнинг ёруғ келажагини таъминлайдиган ҳар томонлама юксак истеъдодли фарзандлар, хусусан, фозил мунажжимлар ва дониш фалакиётшунослар, моҳир авиасозлар ва жасур фазогирлар камол топиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

Ғулом МИРЗО

 

 

[1] Қаранг: “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2023 йил 12 апрель.

[2] Космик тармоқни ривожлантириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди // https://president.uz/uz/lists/view/5730

[3] Инициативы ЮНИСЕФ помогают девушкам Центральной Азии с выбором профессии в космической сфере // https://news.un.org/ru/story/2023/04/1439747

[4] Саидов А.Х. Ўзбекистон Конституцияси тарихи. – Тошкент: «TASVIR», 2018.– 864 б.

[5] Юрий Батурин. Повседневная жизнь российских космонавтов. – М.: “Молодая гвардия”, 2011. – C.242.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech