Акмал Саидов Москвада ўзбекистонлик талабалар билан учрашди

12 апрель куни мамлакатимизнинг Москвадаги элчихонаси кўмагида Россия халқлар дўстлиги университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон ҳуқуқшунос олимларининг «Блишенко ўқувлари» халқаро конгрессига ташрифи доирасида ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди. Академик А.Саидов жонли мулоқот асносида кейинги йилларда Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган қамровдор ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилингани ва изчиллик билан амалиётга татбиқ этилаётгани таъкидланди. Шунингдек, “Ўзбекистон–2030” стратегияси ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида бир қатор миллий дастурлар амалга оширилаётганига эътибор қаратилди.

Шу ўринда Россия халқлар дўстлиги университети билан Ўзбекистондаги бир қатор олий таълим муассасалари ўртасида имзоланган 8 та меморандум доирасида амалий ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилганини қайд этиш лозим. Бугунги кунда биргина Россия халқлар дўстлиги университетида қарийб 300 нафар ўзбекистонлик талаба тиббиёт, иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, муҳандислик, филология, математика, экология каби йўналишларда таҳсил олмоқда.

А.Саидов Москвага ташрифи доирасида, шунингдек, бир қатор юзма-юз учрашувлар ҳам ўтказди. Россия халқлар дўстлиги университети ректори О. Ястребов, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси аъзоси А.Абашидзе, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоси Б.Тузмухамедов ва «Норма» юридик нашриёти директори О.Павлова билан ўзаро мулоқотлар шулар жумласидандир.

Суҳбат асносида О. Ястребов Ўзбекистон томони билан кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлигини айтди. У ўзи раҳбарлик қилаётган Россия халқлар дўстлиги университети инсон ҳуқуқлари бўйича магистрлик дастури консорциумлари ўртасида Меморандум имзолашга тайёрлигини билдирди.

БМТ шартномавий қўмиталари аъзолари А.Абашидзе ва Б.Тузмухамедов Ўзбекистон билан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ҳамда бошқа шартномавий органлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари ижобий ривожланаётганини эътироф этишди. Ҳар икки халқаро эксперт Самарқандда бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи халқаро форумда иштирок этиш истагини маълум қилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech