Шу мавзуда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, Парламент тадқиқотлари институти, ХХР Ижтимоий фанлар Академияси ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти вакиллари, Хитой энергетик инжиниринг корпорациясининг Марказий Осиёдаги филиали Бош директори ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ва Хитой Халқ Республикасиининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик муносабатлар ўзаро ишончли ҳамкорлик, дўстлик, фаол иқтисодий, инвестициявий, маданий, инновацион мулоқотлар кўринишида янада мустаҳкамланаётганини алоҳида қайд этдилар.
Таъкидланганидек, ҳозирда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Кейинги йилларда олий даражадаги мулоқот ва давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам учрашувлар туфайли икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзаро муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Кейинги беш йилда мамлакатлар ўртасида ўзаро савдо ҳажми икки баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар ошгани, Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 14 миллиард долларни такшил қилгани, 2023 йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, 14 миллиард долларга етгани таъкидланди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил январь ойида Хитойга амалга оширган давлат ташрифи катта аҳамиятга эга бўлгани қайд этилди.
Президентимиз ҳар йили инвестиция форумини ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, унинг навбатдаги учрашувини келгуси йилда Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилгани мамлакатимизда Хитой билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестицияларни жалб қилишга катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Тадбирда депутатлар парламентлараро мулоқотни кенгайтириш, хусусан икки мамлакат олий вакиллик органларидаги дўстлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш ҳамда олий даражадаги келишувларнинг амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидладилар.
Давра суҳбати сўнгида амалга оширилган олий даражадаги давлат ташрифи доирасида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар ижросини назорат қилиш бўйича келгусида парламент олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.
- Қўшилди: 20.04.2024
- Кўришлар: 1558
- Чоп этиш