17 апрель куни Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида жойлашган 9-махсус ҳарбий мактабда шу мавзуда ҳуқуқий ахборот дарси ўтказилди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Ф.Ҳайитбоев, Д.Раҳматжонова ва Миллий марказ таянч докторанти Х.Абдурасулов иштирок этди.
Мулоқот асносида инсон ҳуқуқларининг универсаллиги ва ажралмаслиги ҳақидаги билимларни чуқурлаштиришга алоҳида урғу берилди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилди.
Ўқувчиларга Миллий марказнинг ташкил этилиши, асосий фаолият йўналишлари, миллий маърузаларни тайёрлаш механизмлари билан боғлиқ маълумотлар етказилди. Хорижий экспертларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир тавсиялари билан ишлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари хусусида атрофлича ахборот ҳам тақдим этилди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тарихий аҳамияти таъкидланди. Декларация матнида илк бор барча инсонлар эга бўлган ҳуқуқларнинг глобал таърифи баён этилганлиги, яъни ушбу халқаро ҳужжат ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, мулк, эътиқод ва сўз эркинлиги, фуқаролик, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, оила, меҳнат ва дам олиш, таълим, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маданият ва санъат асарларидан баҳра олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилганлигига оид маълумотлар ёшларни бефарқ қолдирмади.
Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан махсус ҳарбий мактаб кутубхонасига 30 дан ортиқ ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар беғараз тақдим этилди.
Ушбу ҳуқуқий ахборот дарсида 50 нафар ўқувчи иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.04.2024
- Кўришлар: 1618
- Чоп этиш