23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва
муаллифлик ҳуқуқи куни
Мамлакатимизда сўнгги беш йилда ноширлик фаолиятини юритувчи тадбиркорлик субъектларининг сони сезиларли даражада ошди. Масалан, 2019 йилда юртимизда 161 та нашриёт фаолият юритган бўлса, 2024 йил 1 январь ҳолатига давлат рўйхатига олинган нашриётлар сони 532 тани ташкил этмоқда.
Нашриётларнинг 11 фоизи давлат улушига эга бўлса, қолган 89 фоизи хусусий секторга тегишлидир. Ушбу нашриётлар томонидан 2019-2023 йилларда ҳар йили ўртача 7,5 минг номдаги жами 231,1 миллион нусхада адабиётлар чоп этилди. Шу даврда нашр этилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалари бундан мустасно.
Бу залворли далил ва рақамлар Янги Ўзбекистонда том маънода китобхонлик даврига қадам қўйилганидан далолат беради. Зеро, улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари сўзлари билан айтганда, “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.
У зот замонасидан сўнг орадан қарийб тўққиз аср ўтгач, яъни 1995 йил 15 ноябрда Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессияси қарорига мувофиқ, 23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни деб эълон қилинган. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг “Болалар ва ўсмирлар адабиётида бағрикенглик ғояларини тарғиб этганлик учун” номли мукофоти таъсис этилган.
Бу қарорнинг замирида, бир томондан, барча заминдошларимизни китоб мутолаасидан завқу шавқ олишга, иккинчи томондан, ўз асарлари билан инсониятнинг ижтимоий ва маданий тараққиётига бемисл ҳисса қўшган шоирлар ва ёзувчилар, драматурглар ва сценарийнавислар, олимлар ва мутафаккирлар – жами муаллифларга эҳтиром кўрсатишга жаҳоний даъват ўз мужассамини топган.
Шу тариқа 23 апрель — барча муаллифлар, ноширлар, устозлар, кутубхоначилар ва китоб оламига алоқадор касблар эгаларининг умуминсоний байрам кунига айланди. Худди шу санада дунёнинг кўплаб мамлакатларида китоб ярмарка ва кўргазмаларини ташкил этиш анъана тусини олди.
Бу ҳақда сўз борганда, ЮНЕСКО томонидан 1952 йили Женевада ташкил этилган конференцияда бутунжаҳон муаллифлик ҳуқуқи белгиси (©) амалиётга татбиқ этилгани улкан ютуқлардан бири бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни шу анжуманда Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги бутунжаҳон конвенцияси ҳам қабул қилинган.
Ҳозирги вақтда Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида миллионлаб инсонлар томонидан нишонланади. Сана муносабати билан турли уюшмалар ва касбий ташкилотлар, мактаблар ва олий ўқув юртлари, давлат муассасалари ва хусусий корхоналарда маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Ўтган даврда шу байрам туфайли Ер юзининг турли қитъаларида яшайдиган ва турли маданиятларга мансуб бўлган қанчадан-қанча инсонлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик туйғулари қарор топди ҳамда мустаҳкамланди. Муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза этиш ҳолати тубдан яхшиланди.
Башар аҳли китобнинг аҳамияти ниҳоятда серқирралигини тобора теран англамоқда. Яъни, китоб:
- билимлар кони;
- қадриятлар тимсоли;
- маънавий мерос қўрғони;
- цивилизациялараро мулоқот воситаси;
- ранг-баранг маданиятлар кўзгуси;
- моддий фаровонлик манбаи;
- муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган ноёб ижод маҳсулидир.
Ушбу халқаро сана 1996 йилдан буён Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаб келинмоқда. Жумладан, 2024 йил 22-26 апрель кунлари Тошкент шаҳрида IV Республика «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилиши бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Айни анъанавий тадбир Ахборот ва оммавий коммуникациялари агентлиги ташаббуси билан «Китобсевар миллат» шиори остида ташкил этилмоқда. Ҳафталик дастуридан мамлакат миқёсидаги нашриётлар томонидан чоп этилган янги маҳаллий ва хорижий китоблар тақдимоти, китобсеварлар учун турли маҳорат дарслари, мутолаа тадбирлари, ёзувчи ва адиблар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ва бошқа қатор маънавий-маърифий, маданий анжуманлар ўрин олган.
Китоб ва китобхонлик, ижод ва ижодкорлик, маданият, маънавият ва маърифатни тарғиб этишга қаратилган ушбу муҳим халқаро сана мамлакатимизда ҳар йили алоҳида тадорик ва тантаналар билан кутиб олиниши бежиз эмас. Чунки:
китоб – бизга ҳаётни ўргатади;
китоб – ҳар биримизни дунё сир-синоатлари ва маърифатидан баҳраманд этади;
китоб – билим ўргатишнинг энг қудратли омили ва билимни асрашнинг ишончли воситаси бўлиб хизмат қилади;
китоб – инсонни маърифатга ошно этади;
китоб – дунёдаги турфа маданиятлар ва анъаналарнинг маъно-моҳиятини англашга кўмаклашади;
китоб – яшаш ҳамда ижод қилишга доимо илҳомлантириб туради.
Кейинги даврда мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга катта эътибор берилаётгани давлатимиз раҳбари томонидан бешта муҳим ташаббус илгари сурилгани мисолида яна бир бор яққол тасдиғини топди.
Шу ташаббусларнинг тўртинчиси айнан китоб ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган. Ушбу ташаббус доирасида юртимизда китобхонлик клуби ташкил этилди, умумтаълим мактабларига юз минглаб нусхада китоблар совға қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари китобсиз, яъни илмсиз фаровон келажакка эришиб бўлмаслигига ўз вақтида эътибор қаратди. Шу асосда бир қатор қарорлар қабул қилинди ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Янада муҳими, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги еттита устувор йўналишдан бири маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади. Тараққиёт стратегиясининг 72-мақсадида:
биринчидан, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш;
иккинчидан, китобхонликни кенг оммалаштириш;
учинчидан, “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш вазифалари белгилаб берилган.
Ўз навбатида, «Ўзбекистон–2030» стратегиясининг 39-мақсади сифатида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонликни ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни ривожлантириш вазифаси белгилаб берилди. Бунда, айниқса, «Китобсевар миллат» умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш масаласи устувор экани аҳамиятлидир.
Бунга биргина мисол: мазкур Стратегия ижроси доирасида юртимиз кутубхоналарини 1 миллионта замонавий адабиётлар билан тўлдириш ва кутубхона фондини тўлиқ рақамлаштириш ишлари бошлаб юборилди.
Вазирлар Маҳкамасининг «2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида ҳам соҳага оид бир қатор йўналишлар устувор вазифа сифатида белгиланган. Аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, олис ҳудудларда ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш шулар жумласидандир.
Аслида ҳам, китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Ҳозирги кунда унинг долзарблик кўлами янада ортди. Чунки китоб ўқишда ҳикмат кўп. Кенг дунёқараш ва билимга эга бўлишда китобнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Китоб инсонни интизомли қилади. Нафсни енгишга ва каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишга ўргатади. Китоб ўқиган киши қонунларга итоат қилиш кераклигини англайди.
Бугунги тараққий этаётган техника даврида кўпчилик мутолаага вақт ажрата олмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай вақтда ҳам китоб ўқишга вақт топган инсон ютади. Бир нарсани унутмаслигимиз керак, яқинларни китоб ўқишга даъват қилиш уларга яхшилик тилаш ҳисобланади.
Ғулом Мирзо
«Qorovulbozor tongi» газетасининг 2024 йил 13 апрель кунги 15 (1597)-сони
- Қўшилди: 23.04.2024
- Кўришлар: 1617
- Чоп этиш