Ўзимиздан бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса бизга тинчликни бермайди

24 апрель – Тинчлик учун халқаро кўп томонлама муносабатлар ва дипломатия куни

 

24 апрель – “Тинчлик учун халқаро кўп томонлама муносабатлар ва дипломатия куни” сифатида нишонланади. Ушбу кунни нишонлаш тўғрисидаги қарор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги A/RES/73/127-сон резолюцияси билан қабул қилинган.

БМТ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча аъзо давлатлари ва кузатувчиларга, халқаро ва минтақавий ташкилотларга, шунингдек фуқаролик жамияти, нодавлат ташкилотларга ушбу Халқаро кунни муносиб тарзда нишонлашни ҳамда маърифий тадбирлар орқали тинчлик учун кўп томонлама муносабатлар ва дипломатиянинг афзалликларини тарғиб қилишни таклиф этади.

БМТ янги байрамни белгилашда қандай мақсадларни йўлга қўйган? Бу, биринчи навбатда, тинчлик йўлидаги ҳар қандай ташаббусларни ҳамда турли даражадаги ва характердаги можароларни тинч йўл билан ҳал этиш усулларини оммалаштиришдир. Бу орқали эса, низоларни ҳал қилишда дипломатик усулларнинг ҳақиқий афзалликларини кўрсатишдан иборат.

Халқаро муносабатлар энг қадимги замонларда ҳар қандай жамият, давлат ва ҳаттоки, алоҳида инсоннинг ҳаётида ўта муҳим роль ўйнаб келган. Миллатларнинг келиб чиқиши, турли ижтимоий тартиботларнинг шаклланиши, сиёсий тизимларнинг ўзгариши, турли маданиятларнинг интеграцияси ва ўзаро таъсири, фан ва санъатнинг ривожланиши, иқтисодий ва технологик тараққиёт, давлатлараро чегараларнинг юзага келиши, давлатлар ўртасидаги тўқнашувлар ва ҳамкорлик – буларнинг барчаси халқаро муносабатлар ва дипломатик алоқалар билан бевосита боғлиқдир.

Ҳозирги давр иқтисодий, молиявий, сиёсий, маданий соҳалардаги глобал интеграция даври бўлиб, шу пайтгача мисли кўрилмаган даражада халқаро муносабатлар аҳамиятининг ўсишини рағбатлантирмоқда. Ахборот ва бошқа соҳаларга оид замонавий технологиялар туфайли алоҳида инсон, алоҳида шахс халқаро муносабатларнинг оддий объектидан уларнинг тўла қимматли субъектига айланмоқда. Янги ижобий имкониятларнинг яратилиши ҳамда глобал хавфсизликка нисбатан янги таҳдидлар ва чақириқларнинг юзага келиши халқаро муносабатларнинг бутун тартибини тубдан ўзгартирмоқда.

Халқлар ўртасидаги тинчлик – бу амалга ошириб бўлмайдиган утопия эмас, балки ҳар куни бажарилиши керак бўлган глобал ишдир. Тинчлик одамлар учун иқтисодий, сиёсий, маданий ва диний яшаш шароитлари мақбул бўлган жойда гуллаб-яшнайди. Бинобарин, тинчликни мустаҳкамлашнинг кўпгина усуллари мавжуд, хусусан, қийин вазиятдаги мамлакатларга савдо ва иқтисодий ривожланишда кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига ҳурматни рағбатлантириш, тафовутлар ва уйғунликда биргаликда яшаш зарурати мавзуси бўйича имкон қадар маърифий чора-тадбирларни кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти асосланган қадриятлар ва мақсадлар халқаро тинчлик, хавфсизлик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган. БМТ Уставида кўп кўптомонламалик замонавийлик муаммоларини ҳал қилувчи ёндашув сифатида мустаҳкамланган бўлиб, уни “халқларнинг саъй-ҳаракатлари уйғунлаштирилган марказ”га айлантиради.

БМТ ташкил топган пайтда унга 50 та давлат кирган ва улар унинг Уставида акс эттирилган давлатларнинг суверен тенглиги; халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш; куч билан таҳдид қилиш ёки уни ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши қўллайдиган халқаро муносабатлардан воз кечиш принципларга мувофиқ фаолият юритиш мажбуриятини олган.

Бироқ ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди, хусусан, БМТ ташкил топган пайтдан бошлаб ўтган йиллар мобайнида кўплаб воқеалар содир бўлди, бунинг оқибатида дунёнинг сиёсий харитасидан баъзи мамлакатлар ғойиб бўлиб, бошқалари пайдо бўлди. Бундай ўзгаришлар натижасида БМТнинг янги аъзо-давлатлари кўпайиб, уларнинг сони 193 тага етди. Шу жумладан, Ўзбекистон ҳам 1992 йилда БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди.

Ҳар қандай дипломатия каби кўптомонлама дипломатия ҳам мамлакатлар ўртасидаги муайян масалалар бўйича келишувлар ва уларнинг натижалари бўйича тузилган халқаро шартномаларга асосланади. Халқаро шартномалар ҳуқуқининг энг аҳамиятли манбаларидан бири БМТнинг Халқаро ҳуқуқ комиссияси томонидан 20 йил давомида ишлаб чиқилган 1969 йилги Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенцияси ҳисобланади. Конвенция шартномаларнинг белгиланиши, тузилиши, ўзгартирилиши, талқин қилиниши ва умумий қўлланиши бўйича кенг қамровли қоидалар, тартиб-таомиллар ва раҳбарий принципларни белгилайдиган қатъий йўриқномага айланди. Ўзбекистон мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 24 февралдаги “Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциясига қўшилиш ҳақида”ги 29-I-сон қарорига мувофиқ қўшилган. Мана ўттиз йилдирки, Ўзбекистон кўп томонлама дипломатия соҳасида озми-кўпми шиддат билан ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон давлатлар ўртасида, айниқса, Марказий Осиё минтақаси бўйича қўшни давлатлар ўртасида дўстона қўшничилик муносабатларини қуришга, барқарорлик, хавфсизлик ва алоқа қилишнинг барча йўналишларида самарали ҳамкорликка устувор аҳамият қаратади. Ўзбекистоннинг минтақа ҳудудида тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича ташаббусларидан бири БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йилда бўлиб ўтган 48-сессиясида илгари сурган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд ташкил этиш тўғрисидаги ғоясидир. Ушбу ташаббус жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда 2006 йилда Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли ҳудуд тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бу Ўзбекистоннинг биринчи ташаббусларидан бири эди.

XXI асрнинг жадал ўзгарувчан турмуш шароитларини ва халқаро муносабатларда сиёсий, геосиёсий, иқтисодий, инвестициявий, иқлимий, эпидемиологик, экологик, туризм ва бошқа йўналишлар сонининг ортиб бораётганини эътиборга олиш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириш зарурати ҳам ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсати ҳам фаоллашмоқда. Ўзбек дипломатияси миллий манфаатларнинг халқаро ва умуман бутун глобал ҳамжамиятнинг манфаатлари билан мос келишини излашга асосланади. Ушбу ёндашув нуқтаи назаридан Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциялари қабул қилинган ўзининг халқаро ташаббусларини илгари суради. Хусусан, 2018 йилда “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ва “Маърифат ва диний бағрикенглик”; 2019 йилда “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш”; 2021 йилда “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш”. Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан қабул қилинган резолюциялар унинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият экология, туризм, инсон ҳуқуқларини ривожлантириш ва бошқа йўналишларни янада ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларининг халқаро тан олинганидир.

Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осий минтақасида тинчликка эришиш йўлида муҳим қадамлар ташламоқда, шунингдек МДҲ ва ШҲТ сингари ташкилотлар майдонларида фаол ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги йилида (2020 й.) МДҲни янада ривожлантириш концепцияси ҳамда 2030 йилгача МДҲ Иқтисодий ривожланиш стратегияси, шунингдек Ташкилот доирасида ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш бўйича бошқа ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Ўзбекистон ШҲТга асосчиларидан бири сифатида унинг фаолиятида ҳам фаол ва самарали ривожланмоқда. 2021–2022 йилларда Ўзбекистон яна бир бор ШҲТга раислик қилди. Бу давр мобайнида раислик қилувчи мамлакат томонидан ҳам стратегик, ҳам амалий хусусиятга эга бўлган 30 дан ортиқ ШҲТ ҳужжатлари имзоланиши учун ташаббус кўрсатилган, келишиб олинган ва тайёрланган. Барча таклифлар ШҲТ маконида бирдамлик, барқарор ривожланиш ҳамда дўстлик ва дўстона қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга йўналтирилган бўлиб, улар иштирокчи-давлатлар манфаатларига мос келади. Саммит якунида ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномасини амалга ошириш бўйича 2023–2027 йилларга мўлжалланган Комплекс ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаолиятини кўриб чиқиш натижасида шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатнинг тинчлик йўлидаги ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли халқаро ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш шартларига асосланган кўп томонлама дипломатияга содиқдир.

Демак, қайд этиш керакки, дипломатик механизмлар ва халқаро музокаралар – муаммоларни ҳал қилишнинг асосий усули бўлиши зарур.

 

Лобар Рузикулова,

Нонна Сафарова

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази ходимлари

«ЖАМИЯТ» газетасининг 2024 йил 25 апрель кунги 18 (889)-сони

«Iste'mol madaniyati» газетасининг 2024 йил 25 апрель кунги 7 (175)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech