Пойтахтимизда “Автомобилсиз кун” оммалашмоқда

Шу вақтга қадар дунёнинг 2 мингтадан зиёд йирик шаҳарида анъанага айланган муҳим ташаббус – “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси юртимизнинг барча давлат ташкилотлари қатори Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси томонидан ҳам қизғин қўллаб-қувватланди. Мамлакат миқёсида атмосферага чиқаётган зарарли чиқиндиларнинг 60 фоизи ва Тошкент шаҳрида 88 фоизи автомобиллар ҳиссасига тўғри келиши инобатга олинса, ушбу экологик акциянинг долзарблиги янада яққол аён бўлади. 

24 апрель куни Миллий марказ раҳбарияти ва ходимлари давлат транспорти хизматидан ва шахсий автомобиллар имкониятидан воз кечган ҳолда, ишга келиб-кетишда яна бир бор жамоат транспортидан фойдаландилар. Ходимларимиз орасида велосипед ва атроф-муҳитга зарар етказмайдиган бошқа транспорт воситаларида, ҳатто пиёда ҳолда ишга қатнаганлар ҳам бор.

Бу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонида белгиланган. Эндиликда жамоат транспорти, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари барча автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган мазкур лойиҳа пойтахтимизда ҳар ойнинг бир иш куни – охирги чоршанбаси давомида амалга оширилади.

Қарс икки қўлдан чиқади, дейдилар. Ушбу лойиҳанинг бардавомлиги ва самарадорлиги фақат ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари-ю ходимларининг масъулиятигагина боғлиқ бўлиб қолмай, балки пойтахт жамоат транспорти мутасаддилари ва мутахассислари томонидан барча йўловчиларга тенг ҳамда сифатли хизмат кўрсатилишига ҳам бевосита дахлдор.

Бу ҳақда сўз борганда, жумладан, куни кеча БМТ сайтида Тошкент шаҳридаги автобус парклари ҳайдовчилари ва кондукторлари учун жамоат транспортидан фойдаланишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларидан хабардор бўлиш ва уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган тадбир ҳақида ахборот эълон қилинганини таъкидлаш лозим.

Халқаро жамоатчилик эътиборини тортган айни ахборот сессияси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Транспорт вазирлиги, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими иштирокида ташкил этилди. Унда транспорт воситаларига чиқиш-тушиш пайтида, шунингдек, махсус кўмак талаб қилинадиган ҳолатларда ногиронлиги бўлган шахсларни камситмаслик ва уларга астойдил ёрдам беришни ўргатиш бўйича мунтазам тренинглар ўтказиб туриш муҳимлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси пойтахтимиз ҳавоси нотозалиги бўйича дунё кўрсаткичларида олдинги сафга чиққан ҳозирги ташвишли даврда, айниқса, алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ушбу экологик акция натижасида, бир томондан, атроф-муҳитни автомобиллардан чиқувчи зарарли газлардан ҳимоя қилиш, иккинчи томондан, Тошкент шаҳрида транспорт воситалари тирбандлигини камайтириш ва жамоат транспорти тизимини ривожлаштириш масалаларига жамоатчиликнинг фаол эътибори қаратилади.

 

 Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech