ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА СИЁСАТШУНОСЛИК

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА СИЁСАТШУНОСЛИК

(Шу мавзудаги дебат-клубнинг илк таассуротлари)

  

Инсон ҳуқуқлари ҳар қандай давр учун долзарб масала бўлиб келган. Ҳар бир шахс ўзини инсон деб билар экан, у ўзининг ҳуқуқларини билиши ва мажбуриятларига амал қилиши лозимлиги нафақат халқаро стандартлар, балки миллий қонунчилигимизда ҳам белгилаб қўйилган.

2024 йил 19 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда бакалавриат талабалари учун дебат-клубга старт берилди. Мазкур дебатда Академиянинг талабаси сифатида мен ҳам иштирок этдим.

Илк мунозара “Инсон ҳуқуқлари ва сиёсатшунослик” мавзусига бағишланган бўлиб, ушбу дебат доирасида янги ўқув материаллари билан танишдик. Мулоқот асносида, жамиятда инсон ҳуқуқларининг тутган ўрни ва аҳамияти, сиёсатшунослик ва давлат бошқаруви соҳасида инсон ҳуқуқлари қай даражада муҳимлиги ҳақида сўз юритилди. Айниқса, академик Акмал Саидовнинг дебат-клуб очилишида сўзлаган, нутқи менга манзур бўлди.

Дебат-клубининг янада ривожланиши ва қамрови кенгайишига ишончим комил. Қуйида мазкур баҳс-мунозаралар натижасида юзага келган айрим фикр-мулоҳазаларимни баён этишга жазм қилдим.

Ҳозирги даврда дунё ҳамжамияти кундан-кун ривожланиб бораётганига қарамай, инсон ҳуқуқлари неча асрлардан буён барча соҳаларда долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва унинг ҳосилаларига деярли ҳар соҳада дуч келамиз.

Инсон туғилиши билан ва ҳатто туғилмасдан олдинроқ ҳам ўз ҳуқуқларига эга бўлади, деган тушунча ҳозирги кунда барча учун таниш воқеликдир. Инсон ҳуқуқлари ўзи нима?

Бу ҳақда бир қанча ғоялар илгари сурилган. Хусусан, баъзи манбаларда “Инсон ҳуқуқлари – шахснинг ҳаётий эҳтиёжи, яшаши, камолот топиши, унинг жамият, давлат ва бошқа шахслар билан алоқаси учун зарур бўлган хусусиятларидир” дейилса, бошқа манбаларда “Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир инсоннинг миллати, яшаш жойи, жинси, этник келиб чиқиши, танасининг ранги, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас ҳуқуқларидир. Барча одамлар ҳар қандай турдаги камситишларни истисно қилган ҳолда, инсон ҳуқуқларидан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбу ҳуқуқлар ўзаро боғлиқ ва ажралмасдир”, деб таъриф берилади.

 Ҳар бир индивид биринчи навбатда инсон демакдир. Унинг тили, дини, ижтимоий мавқеи ва бошқа хусусиятлари эса иккинчи даражали белгилар ҳисобланади. Чунки бу ҳуқуқларга эга бўлиши учун инсон бўлишнинг ўзи етарли.

Гап, албатта, инсоннинг табиий ҳуқуқлари тўғрисида кетмоқда. Зеро, ҳар бир инсон ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эълон қилинган барча ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши зарур.

Бундан ташқари, мазкур Декларацияда инсон мансуб бўлган мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий, ҳуқуқий ёки халқаро мақомидан, ушбу ҳудуд мустақилми, васийми, ўз-ўзини идора қиладими ёки бошқача тарзда чекланганлигидан қатъи назар, бирон-бир айирмачилик бўлмаслиги кераклиги қайд этилган.

Шу маънода, инсон ҳуқуқлари – имкониятлар, демакдир. Инсон  ҳуқуқлари –  инсон дунёга келганидан то вафот этгунига қадар унга хизмат қиладиган ажралмас ҳуқуқий қоидалар мажмуидир.

Инсон ҳуқуқлари, деганда – инсон ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларни тушуниш лозим. Чунки демократик ҳуқуқий давлатларнинг асосий белгилари моҳиятан инсонларнинг сиёсий ҳуқуқлари асосига қурилган, десак, муболаға бўлмайди.

Сиёсий ҳуқуқлар – фуқароларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги иштирок этишга оид ҳуқуқларидир. Буларга жамият ва давлат бошқарувида қатнашиш ҳуқуқи, сайлов ҳуқуқи, жамоат бирлашмаларига уюшиш, ахборот эркинлиги, давлат органлари, муассасалар ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқи кабилар киради. Ўзбекистон фуқароларининг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлари миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Инсон ижтимоий категориядир. Ижтимоий муносабат, албатта, инсонлар билан мавжуд. Бу муносабатлар давлатлар миқёсига кўтарилиб, сиёсатни ташкил қилади. Унинг субъектлари сифатида кейинчалик нафақат инсонлар, балки давлат ва халқаро ташкилотлар намоён бўлади.

Даставвал ижтимоий муносабатлар инсонлар ўртасидаги муҳитни тартибга солган бўлса, у такомиллашиб боради ва давлатлар ҳамда сиёсий ташкилотларни қамраб олади. Давлат ҳам инсонларсиз мавжуд бўла олмайди, бу унинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади.

Шундай экан, мамлакатлар ўз ҳудудида истиқомат қилувчи инсонларнинг фаровон яшашлари учун шароит яратиб бериши керак. Хусусан, давлат сиёсатида инсон ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилиши, шахсларга имконият ва имтиёзлар яратиб берилиши, инсон ҳуқуқлари қатъий ҳимоя қилиниши зарур.

Инсон ҳуқуқлари ва сиёсатшунослик ўзаро чамбарчас боғлиқ. Уларни бир-биридан айро тасаввур қилиш қийин. Акс ҳолда бундай давлатларда инсон қадри тушади, ҳуқуқлари поймол бўлади, давлатдаги ўрнатилган тартиб охир-оқибат қулайди. Бунга мисол сифатида ўтмишда қулдорлик сиёсати олиб борган давлатларнинг ибратли тақдирини келтириш мумкин. Бинобарин, инсон ҳуқуқлари ва сиёсат ўртасидаги мувозанат барқарор бўлиши талаб этилади.

Яъни, “Инсон ҳуқуқлари ва сиёсатшунослик” мавзусидаги мунозарада Беркли университети профессори тўғри таъкидлаганидек, агар биз инсон ҳуқуқларининг маъносини ажратиб олсак ва бу тушунчаларнинг камида бир қисмини жамият ҳаётига қанчалик татбиқ эта билсак, ижтимоий ва сиёсий қарорларда инсон ҳуқуқларини тушуниш ва амалга ошириш қамрови шунчалик ортади.

Хулоса қилиб айтганда, инсоният пайдо бўлганидан буён муайян тарихий тараққиёт босқичларини бошидан ўтказиб келмоқда. Бу масъулиятли жараённинг маълум бир босқичида сиёсат орқали инсон ҳуқуқлари давлатлар миқёсида ва халқаро даражада белгилаб қўйилган. Шу аснода инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, ўз навбатида, бузилган ҳуқуқларни тиклашга йўл очилган. Демак, бир томондан, инсон ҳуқуқлари сиёсатнинг меваси бўлса, бошқа томондан, сиёсат инсон ҳуқуқларисиз мавжуд бўла олмайди.

 

Дилсора ЖАЛИЛОВА,

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси

“Тергов фаолияти” факультети 1-босқич талабаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech