БАХШИ АЙТГАН БИТТА СЎЗНИНГ БИР ОЛАМ ТАЛҚИНЛАРИ

3 март – Ўзбекистон халқ бахшиси

Шомурод бахши Тоғай ўғли туғилган кун

 

Бағишлов

 

2018 йил. Мирза Сўфи бобом “халқ душмани” сифатида 10 йилга, отам Абдирайим бобо 6 йил муддатга ГУЛАГ лагерларига ҳукм қилинганига қарийб 70 йил тўлган дамлар. Меҳрибон Худойим йўл очиб, НКВДнинг ота-бобомга оид “ўта махфий” деган қақшатқич муҳрли “дело”си билан илк марта танишиш имкони туғилганди.

Бобом ўтганларига 40 йилча, падари бузрукворимни тупроққа қўйганимизга 15 йил атрофида вақт бўлган. Самарқанд ҳарбий гарнизони “тройкаси”нинг 1949 йилги машъум қароридан шикоят қилиб, аввал Ҳарбий прокуратурага, сўнг Ҳарбий судга қатнадим. Аждодларимнинг аччиқ қисматига дахлдор ҳужжатлар билан танишар эканман, юрагим муттасил увишади, жоним азобланади.

Ўша кезларда Шомурод бахшини ўзим учун қайтадан кашф этгандим. Шоирнинг дўмбирани сайратиб, ширали овозда куйлаган нолалари дардимга малҳам бўлган.

Аммо, бахши оиласининг қатағонига бағишланган термадаги:

Жигит ўлгур Меккам чол,

Летибамни синдирдинг.

Отам олиб бериб эди,

Насибамдан айирдинг

мисралари янграганида, ҳар гал ўйланиб қолардим. Ушбу банддаги “летибамни” сўзи нимани англатади? Шу жумбоқ устида бош қотириб, ростини айтсам, ич-этимни еган дарду ғамдан бир оз чалғиганман ҳам.

         2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ота-бобомни тўла оқлади. Сўнг 2021 йилда машъум “дело” ва хотираларим асосида тарихий қисса ёздим. Бу китобим 2022 йилда нашр этилди ва Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Жиззах вилоятларидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейларида унинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Кўнглимнинг тубида чўкиб ётган азалий тошми ё музми, нима бўлса ҳам, сувдек эриб битди. Шу қадар енгил тортдим. Ўзига минг бора шукр!

Бахшининг термаларини қайта-қайта тинглар эканман, “летиба” яна диққатимни ўзига тортди. Бошқалар қатори аввалида худди шундай эшитилган бу номаълум сўз эндиликда қулоқларим тагида янада бошқача – “рэтиба” (“ритэба”) тарзида янграй бошлади. Хўш, “рэтиба” нима дегани ўзи?

 

Навоий ишлатган калом

 

Кейинги вақтларда бир қизиқ одат чиқарганман: агар бирон-бир нотаниш сўз изоҳини замонавий луғатлардан излаб тополмасам, дарҳол “Алишер Навоий асарлари луғати”га қарайман. Айниқса, ўша сўзни Сурхондарё ёки Қашқадарё воҳаси одамлари қўллаган бўлса, қатъиян шундай йўл тутаман.

Нега? Чунки, фикри ожизимча, бу ҳудудлар Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига нисбатан Навоий бобомиз яшаб-ижод этган Ҳиротга географик жиҳатдан анча яқин. Шу боис “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да топилмаган қанчадан-қанча шевадаги сўзларимиз, албатта, Навоий асарларида учраб қолади.

Бу гал ҳам шундай бўлди. Алишер Навоий ўз асарларида “рэтиба” сўзига шаклан ва мазмунан яқин бўлган “ротиба” сўзини қўллаган экан. Масалан, ҳазратнинг “Сабъаи сайёр” достонида шундай байт бор:

Зайдға ротибаки бўлди дақиқ,

Нон икки қурс эди, сув бир ибриқ.

Бу сатрларда достондаги бадиий қаҳрамонлар – шоҳ Баҳромга хиёнати учун зиндонга ташланган заргар Зайднинг аччиқ қисмати қаламга олинган. Илгари бой-бадавлат яшаган, эндиликда эса зах ва қоронғи зиндонда арзимаган сув-нонга куни қолган ташна ҳамда оч-наҳор заргарнинг “ротиба”си, яъни ҳолу мартабаси киноя билан қиёс этилган.

Навоий ҳазратлари мартаба, унвон, даража каби маъноларни англатиш учун “рутба” сўзидан ҳам фойдаланган. Бунинг тасдиғи учун “Назмул-жавоҳир” асаридан мисол келтирамиз:

Олғанлар анинг рутбасидин воясини,

Билдик боридин бийик анинг поясини.

Алишер Навоийнинг ушбу асари 1485 йилда ёзилган бўлиб, ундаги ҳар бир рубоийда Ҳазрат Алига  (р.а.) мансуб биттадан ҳикматнинг маъно-мазмуни очиб берилган.  Хусусан, биз юқорида мисол келтирган 91-рубоийга тааллуқли мисралар “Илмнинг даражаси – унинг сифати даражасига боғлиқ” деган, бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган муҳим ҳикмат талқинига бағишланган.

Улуғ шоиримиз инсон қанчалик сифатли билим олса, унинг рутбаси, яъни мартабаси, обрў-эътибори шунчалик буюк бўлиши ҳақида сўз юритган. Эътибор қилинса, ҳазрат қўллаган “рутба” ва “ротиба” сўзлари ҳам шаклан, ҳам маъно-мазмун жиҳатидан бир-бирига жуда яқин ҳамда монандлиги аён бўлади.

Муҳими шуки, “рутба” сўзи бугунги адабий тилимизда ҳали ҳам қўлланмоқда, яъни эскириб ва эсдан чиқиб улгурмаган. Лекин, “ротиба” аллақачон унутилиб, истифодадан бутунлай чиқиб кетган. Буни қарангки, замонавий луғатларимизда учрамайдиган ушбу сўз Шомурод бахшининг достонида “рэтиба” шаклида сақланиб қолибди.

 

“Рэтиба” ватандорлик мартабаси

 

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га кўра, рутба – арабча сўз – унвон, адрес, сарлавҳа, ном, белги, рамз деган луғавий маъноларни англатади. Рутба ёки ротиба сўзининг бирламчи маъноси – мактуб устига ёзилган ном, қаерга, кимга жўнатилганлик ҳақидаги ёзув, деганидир.

Янада аниқ қилиб айтганда, Шомурод бахши:

Жигит ўлгур Меккам чол,

Рэтибамни синдирдинг

деб куйлаганида, рутбаси синдирилгани, демакки ватандорлик мартабасидан маҳрум қилингани, ватангадо бўлгани ҳақида зорланмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, 1932 йил 3 март куни Чироқчи туманидаги Араббанди қишлоғида таваллуд топган Шомурод шоирнинг отаси Тоғай шоир душманларининг чақуви билан олис ва қаҳратон Сибирга сургун қилинган. Ўшанда Шомурод бахши олти ойлик чақалоқ бўлган, тўққиз ойлигида эса онаси Тожихол Шукурова совуқ иқлимга мослашолмай оғир шамоллашдан вафот этган.

Шомурод бахши опаларининг қўлида ўсган, аниқ адрессиз олис жойларда кўп саргардонликлар билан вояга етган. Бўлажак бахши саккиз ёшида отасининг мана бундай мунгли қўшиқларини берилиб тинглаган:

Элимдан адашган ёлғиз сўнаман,

Булбул бўлиб гул шохига қўнаман,

Энасойга дардим айтиб жиладим,

Ишим билан Иртишларга жиладим,

Ҳой-ҳой, ой-й-й-й, ҳей-ҳей-й-й-й…

1945 йили урушдан қайтиб келган Тоғай шоирга болалари билан дийдорлашиш бахти насиб этади. 1948 йилда оқлангач, Тоғай шоир оиласи билан Чироқчига қайтади.

Шу тариқа ота-бола яна ватанли бўлади. Шомурод шоирнинг “Маҳкам чол синдирган ритэбаси” ниҳоят битади. Кўкайидаги ками тўлади, армони ушалади.

“Эл бир қисм майиз тутса, кўзимга суртаман. Элдан айирмасин”. Ота юрт бағрида умргузаронлик қилар экан, сўнгги нафасигача шундай шукроналик сўзларини айтиб ўтди Шомурод бахши.

 

“Рэтиба” инсонлик қадр-қиммати

 

Таниқли шоир ва журналист Ўроз Ҳайдарнинг Шомурод бахши билан жонли суҳбатларини ўқир эканман, шууримда “рэтиба”нинг яна бир маъноси бўй кўрсатади. Шоир: “Инсонлик мартаба-ю унвоним поймол этилди” деб сурон солмоқда-ку!

...Отам олиб бериб эди,

Насибамдан айирдинг...

 Ахир, отанинг пуштикамаридан инсон зоти мақомида бино бўлган эди-я! Шу мукаррам насибасидан кутилмаганда айро этдилар. Шўрлик бахшининг Сибирда кечган ҳаётидаги хору зорликларини ҳеч бир одам боласига кўргулик қилмасин.

Шомурод шоирнинг Ўроз ака билан бўлишган мана бу аччиқ хотиралари айни фикрларни тасдиқлаётгандек гўё:

“...Айналай ука, қизиллар кўз олдимизда етти жуз жапон аскарини отиб ташлади. Биз “детдом”нинг бир тўда болалари тепаликда – буталар орасидан мўралаб қараймиз. Қуролсиз аскарлар ҳар ёнга сочилиб қочади-яй! Атрофини ўраб олган қизиллар пақ-пақ этиб, отгани-отган. Бир жапон аскар ўзини дарёга отди. Жудаям сузағонакан. Униям қайиқда сузиб бориб отиб ташлашди. Бечора солдат жонбошига ағдарилиб сувга чўкиб кетди. Биз болалар қақшаб жиладик. Уйи куйсин, ҳаммасининг деб сўкиб жиладик. Одам боласининг нархи қилдан арзонийди ўша пайтлар. Бир қир нари бўйламаган Ўта бува нимани билайди. Жумронқозиқдай бўйнини чўзиб-чўзиб, ер тирнаб журган-да! Ҳа, айнала-я, энасини бегона журтда қолдирган билади. Энамнинг тилини ўн жеттимда – ота журтимга қайтганимда тетапоя баччадай ўргандим”.

Мустамлака тузум замонида инсон шаъни ва қадрига бўлган зулм ва зуғумнинг кучини қаранг: ўзбек бахшилари силсиласига мансуб Шомурод бахшига, шоирнинг ўз сўзлари билан айтганда, “сибирлик етимхона тарбияланувчиси Александр Туманов” деган ном – рутба раво кўрилади.

Шукрки, шўролар замонида эрки топталган, ҳар бир куни азоб-уқубатда, юртини қўмсаб ўтган Тоғай шоир, унинг ўғли Шомурод бахши ижоди мустақиллик туфайли қадр топди.

 

 “Рэтиба” эл орасидаги обрў-эътибор даражаси

 

Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод бахши Маҳманов (Шомурод бахши Тоғай ўғли) бахшичилик сирларини отаси Тоғай шоир ва дўмбира ясовчи Нарзулла устадан ўрганган, дейдилар.

Унинг отаси Тоғай шоир йирик бахши бўлган. Афсуски, у эл орасидаги ана шу юксак рутбасидан маҳрум этилиб, ноҳақ қатағон қилинган ва оила аъзолари билан бирга сургунга қувилган.

Ўз умрининг энг навқирон дамларини отаси Тоғай шоир билан Сибирда ўтказган Шомурод 17 ёшида сургундан қайтиб келгач, достончилик сирларини ўргана бошлайди. Сургун азоб-уқубатлари, ака-опалари ва онаизоридан жудолик дардларини кўзларида ёш олиб куйлайди.

Шомурод Тоғай ўғли бахшичилик мактабида ўз ўрнига эга устозлардан саналади. Шоирнинг “Гўрўғли” туркумидан достони, “Бийигул” ва бошқа кўплаб термалари халқ меҳрини қозонган. Хусусан, машҳур санъаткорлар Маҳмуд Намозов ва Ҳосила Раҳимова ижросидаги «Гулдана» ва «Меккам чол» қўшиқлари Шомурод бахши томонидан яратилган.

Қатағонлар бўлмаганида, балки шоирнинг рутбаси бундан ҳам юксак бўлармиди? Мана, нима учун Шомурод бахши ўз оиласи  бошига тушган мусибатларнинг сабабчиси – мустабид тузум гумашталари, айғоқчиларини қоралаб, армон билан шундай деб куйлаган:

Қўлларимни бойладинг,

Авахтага ҳайдадинг,

Тор хонага жойладинг,

Кўкламагин Меккам чол.

Бу ўринда Меккам чол – бахшининг бутун рутбаларини синдирган Сталин образидир. Меккам – маҳкам, дегани. Яъни, бу билан пўлат (стал) сўзига ишорат қилинган.

Майли, Шомурод шоирнинг қишлоғида Меккам чол деганлари чиндан ҳам яшаб ўтган ва ўша баттол айғоқчи шўрлик бахшининг оиласи қатағон этилиши бошида тургандир. Майли, Шомурод шоирнинг ўзи гурунг асносида бу ҳақда айтгандир ҳам.

Аммо, Шомурод бахшининг туғма шоир эканини унутмайлик. Ҳар қандай моҳир ижодкор ҳаётнинг қувончу ташвишларини куйлар экан, ижод қилади ва турфа образлар яратади.

Менинг наздимда, Бийигул – бахшининг онаси тимсоли бўлса, Меккам чол – миллионлаб инсонларнинг рэтибасини синдирган Сталиннинг  айнан ўзидир. Буни Шомурод бахшининг болалар шоири Ўта Бердиёр билан ҳазил гурунги ҳам баралла тасдиқлаб турибди:

“...Манови Ўта бува Сталинни қўмсаб жилайди. Ҳа, бевақнинг боласи. Қора уйидан бир умр чиқмай жашаган нимани билади. Анови радионинг жолғонига ишонади. Жаланғочлаб муздай сувга ботириб қўйса, қундузнинг боласидай ўрмалаб қочармиди. Сталин отам дейди-я, отасиз қогур!..”

 

“Рэтиба” ризқ-рўз, насиба

 

Навоий асарларида “ротиба” сўзи – кундалик норма, таъминот, маош, иш ҳақи, нафақа каби маъноларда ҳам қўлланганини кузатиш мумкин. Шу маънода, Шомурод бахши жужуқлигидаёқ Ватандан олисда ва элдан ташқарида ҳеч бир таъминотсиз – ризқу насибасиз, демакки рэтибасиз қолган.

Балки: “Рэтибамни синдирдинг” деганида киндик қони томган юртида насибаси қирқилганидан шикоят қилгандир шоир? Ҳар ҳолда, мана бу аччиқ хотиралар замирида “рэтиба”нинг Алишер Навоий ҳам, Шомурод бахши ҳам бирдек кўзда тутган ризқ-рўз билан боғлиқ маъноси ўз мужассамини топган:

“...Отам урушда. Иброҳим акамдан қорахат келган қора кунлари Болалар уйида жашайдим. Бир кунга бир бурда нон беради-я! Очликдан тош чайнашданам тап тортмаймиз. Кўз сополдай қотган, қорин қавишган, тери устухонга жавишган, тирик жон шайтон билан тавишган бадбахт кунларнинг бирида чўчқабоқар Леониднинг тўнғизхонасига ўғирлиққа тушдим. Пишакдай тўнғиз боласини жиртиқ фуфайкамни этагига ўраб, девор ошувдимки, чўчқабоқар пайқаб қолди. Қочаман-а, қочаман. Оч одам жугура олмайкан, ирғаланиб, аяғи жерга ботиб қолайкан. Тўнғизфеъл Леонид ва унинг икки ули мени ушлаб олишди. Роса дўппослашди. Одам таёқдан ўлмайкан. Кўкармаган, қораймаган жойим қомади. Энажо-он! — деб зор қақшаб жиладим. Оғзимдан какрадай аччиқ сўлак оқди, кўз ўнгим қоронғилашди. Энам бўлганда Леониднинг тўнғизхонасига ўт қўяйди. Одамлар очликдан ўламан деб жотибди, чўчқабоқарнинг икки бети кувачадай, чертсанг қон сизади. Тўнғиз боласини қўрққанимдан бўғиб ўлдириб қўйибман. Ўлик чўчқачаниям мендан қизғаниб, итининг олдига отиб жуборди. Қорним пўст ташлаб шундай санчқи берардики, тирноғимам қизиб кетганди. Шундай, укажон! У кунларнинг бетини тес­кари қисин”.

 

“Рэтиба” нуфуз, ор-номус

 

Рутба – бирор иш-фаолият соҳасидаги алоҳида хизматни ёки мутахассислик даражасини расман эътироф этадиган, ваколатли органлар томонидан белгиланадиган ва бериладиган ном. Масалан, Шомурод шоир Тоғай ўғлига 2000 йилда берилган “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони – рутбадир.

Мерос бўлиб келадиган ёки иш-вазифа даражасини кўрсатувчи, шунингдек, инъом қилинган ҳурматли, фахрий номга ҳам рутба дейилади.  Шомурод бахшига отаси Тоғай шоирдан бахшилик рутбаси мерос ўтган. Хоссатан, 90 ёшдан ошган Тоғай шоир, ўғли Шомурод билан видолашар экан, "Ўғлим, менинг ишимни давом эттир, дўмбирам сенга ёдгорлик бўлиб қолсин", деб васият қилган.

Луғатларга кўра, шунингдек, рутба:

  • иш-ҳаракат, хусусият ёки ҳолатнинг меъёри, чегараси;
  • тадрижий ёки нисбий тараққиёт, ривожланиш поғонаси;
  • савия, юксаклик ўлчами, юксалиш мезони;
  • мансаб поғонаси, мартаба;
  • илм-фан соҳасидаги ишлари учун маълум қоидалар ва талаблар асосида бериладиган илмий унвон;
  • инсоннинг ўз ихтисоси бўйича эришган малака даражаси;
  • жамиятда, ҳаётда, кишилар ўртасида тутган ўрин, эътибор;
  • инсоннинг ўзини кўрсатиш учун қиладиган ёки ўзига маъқул иши, ҳаракати;
  • жамоатчилик орасидаги ҳурмат, нуфуз;
  • инсоннинг муҳим ижобий белгиси, сифати, хусусияти, фазилати;
  • обрў, шараф, шавкат;
  • катта хизмат, талант, одамийлик кабилар эвазига қозониладиган машҳурлик ҳолати, довруқ, донг;
  • ифтихор, фахр, шуҳрат;
  • афзаллик, улуғлик;
  • фахрланишга арзийдиган юксак қониқиш ҳисси, бахт;
  • ўзига номуносиб ёки эп кўрилмаган ишдан, нарсадан хижолат тортиш, уялиш туйғуси, яъни уят, номус;
  • ўз хатти-ҳаракати, юриш-туриши учун одамлар, жамоатчилик олдидаги масъулият ҳисси, инсонийликнинг асосий белгиларидан бири;
  • ўзганинг ҳурмат-эътибор туйғуси, шундай туйғули муносабат;
  • даража, мавқе;
  • тақдир, қисмат;
  • иззат-икром – юқори даражадаги ҳурмат-эҳтиром;
  • обрў, нуфуз.
  • ножўя хатти-ҳаракатдан ўзини тия олиш, уялиш ҳисси;
  • ҳаё, номус;
  • андиша, шарм, ор;
  • салобат, виқор, савлат;
  • дабдаба, тантана, ҳашамат;
  • иззати нафс,  яъни ҳурматталаблик, нафсоният;
  • адолат, беғаразлик, тўғрилик;
  • номига гард юқмаган, ҳалол, соф, пок;
  • муқаддас, дахлсиз;
  • иззат, эҳтиром, сийлов;
  • орият, диёнат, виждон ва ҳоказолар.

Алқисса, бахши бобом билан гурунглашиб, шу баҳона “рэтиба” сўзининг асл маъносини ўзларидан сўраб билиш ниятида юргандим. Насиб этмаган экан, улгурмадим. Шомурод бахши 2020 йили 88 ёшида бандаликни бажо келтирди.

Ҳаёт бўлганларида 2024 йил 3 март куни роппа-роса 92 ёшни қарши олар эди-я.

Бахши шоиримизнинг охиратлари обод бўлсин.

Алп овози, бетакрор санъати асрлар оша яшайверсин, илоҳим.

 

Ғулом МИРЗО

"Guliston" журнали 2024 йил 2 сон 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech